Қуръондаги одоб ва ахлоқлар
“Хулқ ҳақида тўлақонли тасаввур ҳосил қилиш учун тўртта нарсани назардан қочирмаслик керак, деб таъкидлайдилар Ғаззолий ҳазратлари.
Биринчиси – яхши ва ёмон феъл.
Иккинчиси – яхши ва ёмон феълни қилишга қодирлик.
Учинчиси – яхши ва ёмон феълдан хабардорлик.
Тўртинчиси - нафснинг ҳолати бўлиб, нафс доимо ё яхшиликка ёки ёмонликка мойил бўлади. Бу икки ишдан бирига эришиш унга осон кечади”.
Хулқ феълдан иборат эмас. “Сахий” деб танилган қанча кишилар бор, бордан ажраб қолишдан қўрқиб ёки бошқа монеликлар сабабли молини сарфламайди. Қанча бахил кишилар бор, молини бекорга ёки риё учун сарфлайди.
Хулқ қувватдан иборат эмас. Чунки, қувватни ҳам, сахийликни ҳам, хасисликка боғласак, битта нарсада иккита зидликни жамлаган бўламиз. Ҳар бир инсон саховат этиш ва зиқналик қилиш имконияти билан, яъни саховат ва зиқналикка қодирлик фитрати билан яратилган. Шунинг учун бу фитрат инсонга на бахиллик хулқини, на сахийлик хулқини юклайди.
Хулқ билишликдан ҳам иборат эмас. Чунки билишлик, яъни маърифат яхшилик ва ёмонлик, гўзаллик ва хунуклик тушунчаларининг барчасига баробар таалуқлидир. Яъни, гўзал хулқ фақат яхшиликни таниб, билишни эмас, балки ёмонликдан ҳам хабардор бўлишни тақозо этади.
Хулқ ҳайъат (ҳолат)дан иборатдир. Нафс шу ҳолатдан келиб чиққан ҳолда “беради” ё “қизғанади”. Демак, хулқ нафснинг ички ҳолати ва суратидан иборат. Масалан, ташқи кўринишнинг гўзаллиги фақат икки кўзнинг чиройлилиги билангина тўла ва мукаммал бўлмайди. Балки, ташқи чирой мукаммал бўлиши учун бурун ҳам, оғиз ҳам, ёноқ ҳам, хуллас, барча аъзолар унга мутаносиб гўзал бўлиши керак.
Шунингдек, ботинда ҳам тўртта рукн борким, уларнинг гўзаллигисиз хулқ гўзал бўла олмайди. Қачонки шу тўрт рукн ўзаро мутаносиб бўлса, гўзал хулқ ҳосил бўлади. Булар: илм қуввати, ғазаб қуввати, шаҳват қуввати, ва бу қувватлар орасидаги адолат қуввати. (Шаҳват дейилганда фақатгина жинсий муносабатга алоқадор тушунчалар эмас, балки дунёга боғлиқ барча истак ва иштаҳалар назарда тутилади.)
(давоми бор…)
Мухаммадали КАТТАБАЕВ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти АРМ мудири