Яратилиш санаси 19.04.2022

Рамазон рахмат, мағфират ва меҳр мурувват ойи

Муборак кунлар остонасида турибмиз. Ойларнинг султони Рамазон соя солиб турибди. Рамазон сўзининг маъноларидан бири шуки, араблар баҳор кириб келганда энг биринчи ёғадиган ёмғирларни Рамазон деб аташган. Деҳқонлар шу ёмғирлардан кейин қарашар, қайси дарахт шу ёмғирдан кейин куртак отса унга парваришни давом эттиришар, қайси бир дарахт куртак отмаган бўлса ундан умидни узишар экан. Бир сўз билан айтганда у ёмғир улар учун умид ёмғири ҳисобланар экан. Биз мўмин-мусулмонлар учун ҳам Роббимиз раҳматлари ёғиладиган ой – Рамазон яқинлашмоқда. Ким Рамазон келганидан хурсанд бўлса ва унда ёмонликлардан тийилиш ҳамда оз бўлсада яхшилик сари қадам қўйишни ният қилса, унинг яхшиликка эришишидан умид қилса бўлади. Айни шу кунлар арафасида Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларга қуйидаги сўзларни айтганлари ривоят қилинган:

 “Эй, инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик ила Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгалардан кўнгил сўраш, меҳр-мурувват ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёда бўлади. Ким у кунда бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади”, – дедилар. Шунда: “Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳаммамиз ҳам рўзадорга берадиган ифторлик топа олмаймиз-ку”, – дейишди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таоло бу савобни рўзадорга бир ютум сут ё бир дона хурмо ё бир қултум сув билан ифторлик қилиб берган кишига беради. Ким рўзадорни тўйдирса, бу унинг гуноҳларига каффорат бўлади ва Аллоҳ таоло уни менинг ҳавзимдан суғорадики, ундан кейин то жаннатга киргунча чанқамайди. Ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, унинг ажрига тенг савоб бўлади. Бу ойнинг аввали раҳмат, ўртаси мағфират, охири жаҳаннамдан озод бўлишдир. Ким Рамазон ойида қўл остидаги (хизматчиси)га енгиллик қилса, Аллоҳ таоло уни мағфират қилади ва уни дўзахдан озод қилади”, – дедилар (Имом Байҳақий ривоятлари).

Буларни яхши англаган уммат пешволари бўлмиш саҳобаи киромлар Рамазонни худди бир улуғ меҳмондек кутиб олар эдилар. Улар Рамазонга ўтган гуноҳ ва хатолари учун тавбалар қилиб, имкон қадар зиммаларидаги қарзларни адо қилиб, ҳатто баъзилари зиммасида ҳеч қандай ҳақ қолмаслиги учун закотларини адо қилиб кирар эдилар. Зотан, ушбу ой мўмин-мусулмонлар учун ибодат мавсуми ҳисобланади. Мисол учун баъзилар бозор ва катта-катта дўконларнинг чегирмалар мавсумини кутиб яшайдилар. Нарсаларнинг нархи пасайтириб бериладиган, битта нарсанинг нархига икки ёки учта нарса бериладиган кунларда дўконлар одамларга тўлиб кетади. Олдинги солиҳ зотлар Рамазонни ажр ва савоблар бир неча ўнлаб марта кўп бериладиган мавсум сифатида кўрганлар. Шунинг учун ҳам улар Рамазонга олти ой қолганидан бошлаб унга етказишни сўраб Аллоҳ таолога дуо қилганлар. Аслида Рамазонга етиб келиш улкан неъмат ва катта имкониятдир. Чунки ой раҳмат ойидир, омонлик ойидир. Унда қанча-қанча инсонлар дўзахдан нажот топиш бахтига мушарраф бўладилар. Бу хусусда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Рамазоннинг биринчи кечасида шайтонлар ва саркаш жинлар занжирбанд қилинади. Дўзах эшиклари ёпилади. Унинг биронта эшиги очилмайди. Жаннат эшиклари очилади. Унинг биронта эшиги ёпилмайди. Ҳар кечада бир нидо қилувчи нидо қилади: “Эй яхшилик истовчи!. Эй ёмонлик истовчи!. Аллоҳнинг дўзахдан озод қилинган бандалари бўлади ва бу ҳар кечада содир бўлади” (Имом Термизий ривоятлари). 

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ойни алоҳида эътибор билан ўтказар эдилар. Бу ҳақда шундай дейилади: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларнинг энг сахийси эдилар. У зотнинг энг саховатли ҳолатлари Рамазонда – Жаброил билан учрашган вақтда  бўлар эди. Жаброил алайҳиссалом Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар тунида учрашар эди ва Қуръонни дарс қилишар эди. Ҳақиқатда шу кунларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яхшиликда эркин шамолдан ҳам сахий бўлиб кетар эдилар” (Муттафақун алайҳ).

Бундан маълум бўладики, Рамазон Қуръон ва саховат ойидир. Зеро Қуръон Рамазонда нозил қилинган. Қуръони карим оятларида ҳам Рамазон Қуръон нозил қилинган ой сифатида васф этилган: “Рамазон ойи – унда одамларга ҳидоят ҳамда ҳидояту фурқондан иборат Қуръон нозил қилингандир”, дейилади (Бақара сураси 185-оят). 

Суфён Саврий Рамазон кирса одамларга кўп аралашмай Қуръон тиловатига юзланар эди. Имом Молик Рамазон киришига ҳадис дарсларини қўйиб, мусҳафни олиб тиловатга берилар эди. 

Рамазонда қайси амалга бел боғласам бўларкан, қайси амал кўпроқ ажр ва барака келтирар экан, деб ўйлаб турган инсонларга уламолар бу ойда кўпроқ Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни тиловат қилиш, уни тинглаш ва уни ўрганишни тавсия қиладилар. Шунинг учун таровеҳ намозларида Қуръони каримни хатм қилиш суннат ҳисобланади. Рамазон ва Қуръон қиёматда мўминлар учун шафоатчи мақомида бўлади. Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Рўза ва Қуръон иккиси Қиёмат куни бандани шафоат қилади: Рўза: “Эй Раббим, мен буни кундузлари таом ва шаҳватлардан тўсган эдим. Унинг ҳақида шафоатимни қабул қил. Қуръон: “Мен уни кечалари уйқудан тўсган эдим. Унинг ҳақида шафоатимни қабул қил”, дейди. Бас, икковининг ҳам шафоати қабул қилинади” (Имом Аҳмад ривоятлари).

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилганлар: “Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).

Ушбу ҳадисда Рамазондек буюк фазилатларга бой ойда фақат рўза тутибгина кифояланмасдан, балки кечалари қоим бўлиб, таровеҳ намозларида Қуръон тиловатини тингласалар, Аллоҳ таолонинг буюк ваъдаларига сазовор бўладилар.

Рашидов Аброрхўжа 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими