Яратилиш санаси 22.04.2022

РЎЗАНИ БУЗАДИГАН ВА БУЗМАЙДИГАН НАРСАЛАР

فإن أكل الصّائم أو شرب أو جامع ناسيًا أو احتلم أو أنزل بنظرٍ أو ادّهن أو احتجم أو اكتحل أو قبّل أو دخل حلقه غبارٌ أو ذبابٌ وهو ذاكرٌ لصومه أو أكل ما بين أسنانه أو قاء وعاد لم يفطر

Рўзадор киши унутган ҳолда еса ё ичса ё жинсий алоқа қилса ёки эҳтилом(тушда булғаниш) бўлса ёки назар қилиш сабабли маний чиқариб юборса ёки баданини ёғласа ёки ҳижома қилдирса ёки сурма қўйса ёки ўпса ёки рўзаси ёдида бўлган ҳолда ҳалқумига чанг ё пашша кириб кетса ёки тишлари орасидаги (оз миқдордаги нўхотдан кичик) нарсани еса ёки қайт қилса ва қилган қайти ўзи қайтиб кетса рўзаси бузилмайди.

وإن أعاده أو استقاء أو ابتلع حصاةً أو حديدًا قضى فقط

Келган қайтни (рўзадорнинг ўзи қасддан) қайтарса ёки (киши ўзини мажбурлаб) қайт қилдирса ёки тош ё темирни ютиб юборса (рўзаси бузилади ва) қазосини тутиб беради. 

Изоҳ: Бу ҳолатда каффорот вожиб бўлмайди. Балки қазосини тутиб беради.

ومن جامع أو جومع أو أكل أو شرب عمدًا غذاءً أو دواءً قضى وكفّر ككفّارة الظّهار

Қасддан жинсий алоқа қилган ё қилинган ёки (қасддан) озуқа ёки дорини тановул қилган ё ичган киши (рўзаси бузилади ва ўша кунги рўзанинг) қазосини ўтайди ҳамда зиҳор каффороти каби каффорот тўлайди.

Изоҳ: Зиҳор каффоротида аввало қодир бўлса бир қул озод қилади. Унга қодир бўлмаса олтмиш кун кетма-кет рўза тутади. Бундан ожизлик қилса олтмишта мискинни таомлантиради. Рўзасини қасддан бузган кишининг ҳам каффороти шу тартибда бўлади.

ولا كفّارة بالإنزال فيما دون الفرج وبإفساد صومٍ غير رمضان

Фарждан бошқа ерда маний чиқариш ва Рамазон ойидан бошқа вақтда рўзани бузиш сабабли каффорот йўқ (фақатгина қазо бор).

Изоҳ: Олд ёки орқа фаржга закар кириши қилувчига ҳам, қилинувчига ҳам қазо ва каффоротни вожиб қилади. Олд ёки орқа фарждан бошқа (икки сон ораси каби) жойга закарни ишқаш билан чиқарилган маний учун каффорот тўланмайди, балки қазо лозим бўлади.

Рамазон рўзаси қазосини ўтаётган киши рўзасини бузса унга каффорот вожиб бўлмайди.

وإن احتقن أو استعط أو أقطر في أذنه أو داوى جائفةً أو آمّةً بدواءٍ ووصل إلى جوفه أو دماغه أفطر

Клизма қилинса ёки бурунга дори томизса ёки қулоққа дори ё ёғ томизса ёки ички аъзолардаги ё бош ичидаги жароҳат (дори билан) даволанса рўзаси бузилади.

Изоҳ: Қулоққа сув кириб кетса рўза бузилмайди.

وإن أقطر في إحليله لا

Закарини учига нарса (ёғ, сув, дори) томизса рўзаси бузилмайди.

وكره ذوق شيءٍ ومضغه بلا عذرٍ ومضغ العلك

Узрсиз нарсанинг таъмини билиш ва нарса чайнаб бериш ҳамда сақич чайнаш макруҳдир.

Изоҳ: Аёл кишининг эри бадхулқ бўлиши ҳам узрга киради. Эр овқатни тузи шўр ёки тузи пастлиги учун хотинини жеркиса, аёл киши овқат таъмини тили учи билан билиши макруҳ бўлмайди. Шунингдек бир нарсани сотиб олиш ҳам узрга киради. Уни таъмини билиш макруҳ бўлмайди. 

Ёш боласи учун овқат чайнаб берадиган узрли (ҳайз ёки нифос кўрган) аёл топа олмаса, боласига нарса чайнаб бериши макруҳ бўлмайди. 

لا كحلٌ ودهن شاربٍ وسواكٌ والقبلة إن أمن

Сурма қўйиш, соқол-муйлабини ёғлаш, мисвок ишлатиш ҳамда ўзига ишонган кишининг (аёлини) ўпиши  макруҳ эмас.

Саминов Аъзамхон

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси