Яратилиш санаси 26.04.2022

Мулла Алий ал-Қорий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳаёти

Алломанинг тўлиқ исми Нуриддин Али Ибн Султон Муҳаммад Ал-Маккий Ал-Ҳанафий (раҳматуллоҳи алайҳ) бўлиб, "Ал-Қорий" куняси билан машҳурдир. "Ал-Қорий" номининг унга берилишига сабаб, у  Қуръони Каримни турли қироатларда ўқиш бўйича пешқадамлардан бўлган. Шунинг учун Мулла ал-Қорий номи билан шухрат қозонган. Ҳофиз Саййид Абдулҳай ал-Китоний ( ваф. 1381/1961) ўзининг "ат-Таратиб ал-идариййа ва ал-амалат ва ас-синаъат ва ал-матажир ва ал-ҳалат ва ал-илмиййа аллати канат ала аҳди таъсис ал-мадина ал-мунаввара" китобида: "ал-Қорийнинг таҳаллуси Абу-л-Ҳасан бўлиб, Нуриддин унинг лақабидир, чунончи, унинг "Шарҳ муснад Абу Ҳанифа ривоят ал-ҳисфақи" асари Абу-л-Ҳасан Мулла Алий ал-Қорий ибн Султон ал-Маккий номи билан маълумдир", - деб таъкидлайди.

Шайх Абу Исҳоқ Иброҳим ибн Абдуллоҳ ас-Сақизий ар-Румий ўзининг  "Файз ал-аҳрам ва фатҳ ал-акрам фи шарҳ ал-ҳизб ал-аъзам вал-вирд ал-афҳам" китобида шундай ёзади: "Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қорий ажам давлатларидан ҳисобланмиш Ҳирот шаҳридан араб диёрларига ҳижрат қилган. Ажамликлар фарзандларини жуфт исм билан аташга катта эътибор берганлар, жумладан, Фозил Муҳаммад, Содиқ Муҳаммад, унинг отасининг исми Султон Муҳаммад мана шу йўсинда қўйилгандир. Султон Муҳаммаднинг келиб чиқиши шоҳлар авлодига бориб тақалади, бироқ  буни ҳеч ким эшитмаган". Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шажараси шоҳлар авлодига бориб тақалиши ҳақидаги маълумотни фақатгина тарихчи Абу Исҳоқнинг унга берган таърифида учратдик, аммо бошқа манбаларда бу хусусда ҳеч қандай маълумот келтирилмаган.

Бироқ, айрим манбаларда отасининг исми ҳақида тўхталиб уни фақат Султон эканлиги ҳам таъкидлаб ўтилган. Жумладан, тарихчи олим Абдулмалик ал-Асомий аш-Шофеъий (ваф. 1111/1699) отасининг исми борасида ўзининг "Сумт ан-нужум ал-авали ва ат-тавали" асарида, ал-Қорийнинг отасининг исми Султондир, деб маълумот беради. Аллома Муҳиббиддин Абу-л-Файз Муҳаммад Муртазо ал-Балкаромий ҳам ушбу фикрни қўллаб қувватлайди. Аммо, аз-Зубайдий ўзининг "Тож ал-арус мин жавоҳир ал-қомус" китоби муқаддимасида ва  Шайх Муҳаммад Абдулҳай ал-Куҳнавий "Торб ал-амасил битаражим ал-афазил" асарларида: "Султон  Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг отасининг исми, Муҳаммад унинг бобосини исми - деб, уни Султон ибн Муҳаммад" - деб атайдилар. Алломанинг оиласи ва ота-онаси ҳақида манбаларда бошқа аниқ маълумотлар келтирилмаган.

Мулла Алий ибн Султон ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) қадимги Хуросоннинг кўҳна Ҳирот шаҳрида таваллуд топиб, умрининг бир қисмини ўша ерда ўтказган. Рофизийларнинг биринчи подшоҳи султон Исмоил ибн Ҳайдар ас-Cафавий Ҳиротни эгаллаб, мусулмонларга ҳаддан зиёд тазйиқ ўтказиб, рофизийлар шиорини мажбуран сингдира бошлагач, Ҳирот  олимларига туғилиб ўсган ватанлари торлик қилиб қолади ва шу сабабдан имкон тоганлар ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар. Шу қаторда Мулла Алий ал-Қорий ҳам Маккаи мукаррама сари юзланди ва ўша жойда умрининг охиригача яшади. Бу ҳақида унинг ўзи: "Менга бидъат авж олган диёрдан пайғамбарлик келган, ваҳий инган ва суннат кенг тарқалган ўлкага кўчиб, ул жойни ватан тутиб яшашимга қудрат ва имкон ато этган Аллоҳга ҳамд бўлсин", - деган. Макка шаҳри маданият, тижорат ва ҳожилар зиёратга келадиган муқаддас замин бўлганлиги сабабли, илм- фан гуллаб яшнаган ва бу ерда кўплаб ўз даврининг йирик уламолари йиғилган эдилар. Ушбу уламоларнинг ҳам кўплари китоблар ёзиш ва шарҳлар битиш билан машғул бўлишарди ҳамда мактаб ва мадрасаларда илми толибларга  таълим бериб келардилар. Шунингдек Макка ва Мадина шаҳарлари диний марказ бўлганлиги сабабли атрофдан асосан Ўрта Осиёдан жуда кўп  илм толиблар  келиб таълим олар эдилар. Алломанинг қачон дунёга келганлиги ҳақидаги маълумотлар сақланиб қолинмаган. У зот 1014 ҳижрий сананинг шаввол ойида (1606 мил. Март ойида) Маккаи Мукаррама шаҳрида ҳаётдан кўз юмди ва шу шаҳардаги машҳур "ал-Муалло" қабристонига дафн этилди. Унинг вафоти ҳақидаги хабар Мисрга етиб борганида, Миср уламолари ал-Азҳар жомеъсида у кишининг илм ва динда пешволигини тақдирлаган ҳолда, кўпчилик бўлиб "Солат ал-ғоиб" намозини ўқидилар. Намозда қатнашганлар сони эса тўрт минг кишидан ортиқни ташкил қилган.


Маҳмудов Калимуллоҳ 
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси