
Фитр садақаси
Рамазон ойидаги бериладиган садақотлардан фитр садақасидир. Унинг фитр закот ҳам дейилади.
Шунинг учун шаръий китобларда уни “закот ул-фитр” ҳам дейилади. Фитр садақаси бериш закот каби фарз амали ҳисобланади. Аллоҳ таоло Аъло сурасида бундай дейди:
قد أفلح من تزكى وذكر اسم ربّه فصلى
“Нажот топувчи одам, ҳақиқатан, (куфр ва гуноҳлардан) пок бўлур ва Парвардигорининг исмини ёд этиб, (беш вақт) намоз ўқир”. (Аъло сураси, 14-15-оятлар).
Ушбу ояти каримани Саид ибн Мусаййиб ва Умар ибн Абдулазиз каби тобиъинларнинг улуғлари “Закоти фитрни берган одам нажот топур” деб таъвил қилганлар.
Ушбу амалнинг шаръий бўлиш сабаби Имом Абу Довуд ва Имом Ибн Можжаларнинг Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларидир:
فرض رسول الله صلى الله عليه وسلم زكوة الفطر طهرة للصيام من اللغو والرفث وطعمة للمساكين. من أدّاها قبل الصلوة فهى زكوة مقبولة ومن أدّاها بعد الصلوة فهو صدقة من الصدقات
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини фарзлигини айтдилар. Рўза учун лағв ва бекорчи ишлардан покловчидир ва мискинларга емишдир. Кимки уни ҳайит намозидан олдин адо қилса, бас, у мақбул закотдир. Кимки уни ҳайит намозидан кейин адо қилса, бас, у оддий (нафл) садақалардан бир садақадир”.
Имом Дорақутний ҳам иснодида гап-сўз бўлмаган ҳадиси шарифни ривоят қилган: Рамазон рўзаси фарз қилинган йили, Жаноби Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайитдан икки кун аввал махсус маъруза қилиб, фитр садақасини чиқаришни буюрганлар. Ана шундан бери мусулмонлар Рамазон ойида фитр садақасини адо қилиб келмоқдалар.
Имом Табароний Саҳл ибн Уббода разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятда Рамазон ойининг рўзаси осмону ер ўртасида муаллақ туриб қолади. Қачонки, фитр садақаси адо қилинса, у Парвардигори оламнинг ҳузурига кўтарилади. Яъни, фитр садақасининг адосига кўра рўза қабул бўлади.
Фитр садақасини адо этган одамга фарзни адо этганлик савоби берилади. Шунингдек, “Фатовойи Сирожия”да айтилишича, фитр садақаси адо этиш рўзанинг қабул бўлишига, ўлим вақтидаги нажотга, қабр азобидан қутилишга сабаб бўлади. (Фатовойи Татaрхония).
Абдураҳмонов Муҳаммадхон
Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси