Яратилиш санаси 30.04.2022

"Муҳаммад" исмининг маъноси

Муҳаммад исмининг маноси -  тўхтовсиз мақталадиган маъносини ифода қилади. 

Араб тилида феъл تفعيل (тафъийл) бобида келганда, кўпинча бир ишни қайта-қайта, кўп марта қилинганлигини ифодалайди. Масалан: قطع (қотоъа) - кесди, قطع (қоттоъа) - қиймалади, حمد (ҳамида) - мақтади, حمد (ҳаммада) - тўхтовсиз мақтади. Шунда حمد (ҳаммада) феълидан ясалган محمد (Муҳаммад) исми тўхтовсиз мақталадиган, деган маънони англатади. 

Мақтов Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳар томондан чулғаган: исмлари - Муҳаммад ва Аҳмад, шафоат қиладиган мақомларининг номи - “Маҳмуд”(мақтовли), қиёмат кунидаги байроқларининг номи - “Ливаул ҳамд” (мақтов байроғи), умматлари - “Ҳаммадун” (ҳамду санони кўп айтувчилар)дир. (“Сиз Пайғамбарни кўрганмисиз?” 1/64). 

Шифо китобида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмларини адади ҳақида уламолар турли ривоятларни келтирганлар. Ибн ал-Арабий Шарҳи Термизийда исмларини мингтага етказганлар. Имом Суютий бир рисоласида беш юзтага етказган. 

Қуръони каримда тўрт жойда  Муҳаммад  (“Оли Имрон”, 144-оят, “Аҳзоб”, 40-оят, “Муҳаммад”, 2-оят, “Фатҳ”, 29-оят ), бир жойда Аҳмад (“Софф”, 6-оят) исми келган. 

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак исмлари маданий сураларда зикр қилинганлиги ўша ерда яшаб вафот қилишларига ишорадай гўё.

Турсунов Абдулбоқи

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси