ҲАЙИТ КУНИДА НИМА АМАЛЛАР ҚИЛИНАДИ?
Муборак Рамазон ойи яқинда ташриб буюриб, қалблармизга сурур киргизган эди. Ушбу ойда қилган барча тоат-ибодатларимизни Ўз даргоҳида қабул қилган бўлсин!
Рамазондан айрилишни ўйлаб маҳзун бўлаётган қалбимизга энг улуғ байрамларимиздан бири бўлган Ийдул фитр ҳайит байрами ташрифи таскин бағишламоқда. Аллоҳ таоло бу байрамни барча мусулмонларга муборак айласин ва уни шариатда кўрсатилганидек ўтказиш бахтига барчаларимизни муваффақ қилсин!
Шу сабабидан динимизда хайит кунлари қандай амаллар қилинади? Шу тўғрисда айрим маълумотларни беришни ўзимизга лозим топдик.
- Ҳайит намозига чиқишда ғусл қилиб, тоза-озода бўлиб чиқилади. Бу ҳақида ҳадиси шарифда қуйидагича хабар берилган:
عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ : كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى الله عَليْهِ وسَلَّمَ يَغْتَسِلُ يَوْمَ الْفِطْرِ وَيَوْمَ الأَضْحَى. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайити кунида ва Қурбон ҳайити кунида (албатта) ғусл қилар эдилар” (Имом Ибн Можа ривояти).
- Ҳанафий мазҳабига кўра “ийду фитр” куни тонги отиши билан “садақаи фитр”ни бериш вожиб бўлади.
- Рамазон ҳайити байрамида намозгоҳга чиқиш олдидан бирор ширинлик тановул қилиш суннат ҳисобланади. Ҳадиси шарифда бундай хабар берилган:
عَنْ أَنَسٍ قَالَ كَانَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ لاَ يَغْدُو يَوْمَ الْفِطْرِ حَتَّى يَأْكُلَ تَمَرَاتٍ رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам оғиз очиш кунида (Рамазон ҳайитида) бир нечта хурмо емасдан (намозгоҳга) чиқмасдилар” (Имом Бухорий ривоят қилган).
- Агар бирор узр бўлмаса, ҳайит намозига пиёда юриб бориш ҳам суннат ҳисобланади. қайтишда борган йўлидан бошқа йўлдан қайтиш ҳам суннат бўлади. Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилган:
كَانَ يَخْرُجُ إِلَى الْعِيدَيْنِ مَاشِيًا وَيُصَلِّي بِغَيْرِ أَذَانٍ وَلَا إِقَامَةٍ ثُمَّ يَرْجِعُ مَاشِيًا فِي طَرِيقٍ آخَرَ. رَوَاهُ ابْنُ مَاجَةَ.
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда чиқар эдилар. Азон ва иқоматсиз намоз ўқир эдилар. Сўнгра бошқа йўлдан уйга қайтар эдилар” (Имом Ибн Можа ривоят қилган).
- Ҳайит намозини ўқиш учун уйдан чиқилган пайтдан то намозгоҳга етиб боргунча “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Аллоҳу акбар” ларни айтиб бориш ҳам суннатдир.
- Ҳайит намозидан сўнг инсонларнинг бир-бирлари билан кўришишлари ва ҳайит байрами билан қутлашлари ҳам ҳайит кунининг одобларидан ҳисобланади.
- Ёш болаларга ширинлик ёки совға бериш.
- Мусулмон киши ҳайит кунларида имкон қадар қавму-қариндошларга аввало ота-онасига ва яна муҳтожларга хурсандчилик улашишга ҳаракат қилиш.
- Шунингдек уламолар ва толиби илмларни зиёрат қилиш ҳам ҳайит байрамидаги фазилатли амаллардан саналади.
Аллоҳ таоло барчаларамизга Муборак Рамозон ҳайитини қутлиғ айласин!
Обидхон Икрамов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси