Яратилиш санаси 02.05.2022

РАМАЗОН ҲАЙИТИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Бугун Ислом динимиздаги катта байрамлардан бири – Ийдул-фитр куни. Бу вақт – бениҳоя хурсандчилик, Аллоҳ таолонинг фазли-марҳамати билан гуноҳлар кечириладиган фурсатдир.

Бу йил Рамазон кечаларида ўқилган таровеҳлар, хатми Қуръонлар жуда файзли ўтди. Мўмин-мусулмонлар Қуръони каримни бошидан-охиригача тўлиқ тинглаш бахтига муяссар бўлдилар. 

Мана шундай хурсандчилик кунларга эсон-омон, хотиржамликда етиб келганимиз учун Аллоҳ таолога шукроналар айтамиз. Зеро Парвардигоримиз шукр қилувчи бандаларига неъматларини зиёда қилади, ношукрликнинг эса охири жуда ёмондир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилади:

وَإِذْ تَأَذَّنَ رَبُّكُمْ لَئِنْ شَكَرْتُمْ لَأَزِيدَنَّكُمْ وَلَئِنْ كَفَرْتُمْ إِنَّ عَذَابِي لَشَدِيدٌ

яъни: “Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: «Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир” (Иброҳим сураси 7-оят).

Ҳайит бу – хурсандчилик, яхши кайфият ва эзгу, савобли ишлардан иборатдир! Ҳайит намозини адо этгандан сўнг, биринчи ўринда бизларни дунёга келишимизга сабабчи бўлган меҳрибон ота-оналаримиз, қариндош-уруғларимиз ҳамда ёру-биродарларимизни зиёрат қиламиз. Улардан ҳол-аҳвол сўраш ва кўнгилларига хурсандчилик киритишга ҳаракат қиламиз. Айрим сабаблар билан аразлашган гина-кудратли кишилар ҳам бир-бирларини кечирсинлар, Аллоҳ таолонинг раҳматидан бенасиб бўлмасинлар.

Бугун – мусулмонларга қувонч улашиладиган кун! Шунинг учун бу улуғ кунларни азага, ҳафагарчиликка айлантирмаслик даркор. Ўтганларимизни эслаш, уларни руҳларини шод этиб, дуойи ҳайрлар қилишимиз – яхши амал. Аммо булар Ҳайит байрамига таъсир қилмаслиги зарур. Айниқса, ҳайит кунлари фотиҳахонлик мақсадида хонама-хона юришларимизни қисқартириб, кишиларга озор бермайдиган тарзда ўтказсак, маъқул бўлади.

Барчангизни Ийд ул Фитр, муборак Рамазон ҳайити билан табриклайман! Сиз орқали оила аъзоларингиз, қавму қариндошларингизга ҳам ушбу файзли кун муборак бўлсин! 

Сизларни, юртимиздаги барча мўмин-мусулмонларни, бутун халқимизни меҳр-оқибат, эзгулик  ва саховат айёми – муборак Рамазон ҳайити билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Бу қутлуғ байрамда ҳаммамиз аввало шундай файзли ва барокатли кунларга етказгани учун Оллоҳ таолога чексиз шукроналар айтамиз.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти мудири