Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу
Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу машҳур “Фил ҳодисаси”дан олти йил кейин Тоиф шаҳрида таваллуд топганлар. Демак, у киши Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан олти ёш кичик бўладилар.
Усмон разияллоҳу анҳунинг насаблари Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг насаблари билан ҳам ота тарафдан, ҳам она тарафдан бирлашади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Усмон разияллоҳу анҳуга аввал Руқайя исмли қизларини, унинг вафотидан кейин эса Умму Кулсум исмли қизларини никоҳлаб берганлар. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуни “Зун-нурайн” – икки нур эгаси деб айтилади. Ушбу фазилатга бошқа саҳобалар етиша олишмаган. Ривоят қилинишича, Сарвари оламнинг Умму Кулсум қизлари вафот этганинида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам “Агар яна бир қизим бўлганида, уни ҳам, албатта, Усмонга жуфти ҳалолликка берардим”, – деганлар.
Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ўта ҳаёли киши эдилар. Бунга Оиша онамиз разияллоҳу анҳодан ривоят қилинган қуйидаги воқеа ҳам очиқ далилдир: “Бир куни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам менинг уйимда ёнбошлаб ётган эдилар. Шу пайт Абу Бакр разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга изн берилди. У зот алайҳиссалом эса, ҳалиги ҳолатда ҳазрати Абу Бакр сиддиқ билан гаплашдилар. Сўнгра Умар разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зотга ҳам изн берилди. У зот алайҳиссалом яна ҳалиги ҳолатда ҳазрати Умар билан ҳам гаплашдилар. Сўнгра Усмон разияллоҳу анҳу изн сўрадилар. У зот алайҳиссалом ёнбошлаган ҳолатларидан ўтирган ҳолатга ўзгариб, кийимларини тўғрилаб, кейин ҳазрати Усмонни қабул қилдилар. Сўнгра ҳазрати Усмон чиқиб кетганларида мен: “Ё Расулуллоҳ, ҳазрати Абу Бакр кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Сўнгра ҳазрати Умар кирган эди, ҳолатингизни ўзгартирмадингиз. Ҳазрати Усмон кирганда эса, ўтириб, кийимларингизни тўғриладингиз?!” дедим. Шунда Расули акрам алайҳиссалом:
“Фаришталар ҳаё қиладиган одамдан мен ҳаё қилмас эканманми?!” дедилар (Имом Муслим ривоятлари).
Мадинаи мунавварада сув тақчиллиги вужудга келиб, кишилар ичгани сув топа олмай қолди. Бу ҳолатдан бир ғайридин киши фойдаланиб қолмоқчи бўлди. Унинг Рума номли бир қудуғи бор эди. Ўша қудуқнинг сувини қиммат нархда сота бошлади. Бойроқ кишилар унинг сувидан сотиб олиб, ичдилар, лекин кўпчилик сувсизлик машаққатини чека бошлади. Ана шу чоғда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким “Рума” қудуғини сотиб олиб, ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур”, – дедилар (Имом Термизий ривоятлари). Шунда ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу қарийб ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳуни мақтаб шундай деганлар:
“Ҳар бир набийнинг ҳамроҳи бордир. Менинг жаннатдаги ҳамроҳим Усмон ибн Аффондир”, – деганлар (Имом Термизий ривоятлари).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг саҳобаи киромларидан ўн кишига бир пайтнинг ўзида жаннатнинг башоратини берганлар. Ана шу саодатманд зотлар рўйхатида Абу Бакр разияллоҳу анҳу ва Умар разияллоҳу анҳудан кейин, учинчи сирада ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу турадилар.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу ибодатда ва тақвода ҳам пешқадам саҳобалардан эдилар. Ривоят қилинишича, у зот ҳаж кунлари Каъбанинг олдида бир ракъатда Қуръонни тўлиқ хатм қилар эканлар. Бошқа кунлари ҳар жума куни Қуръонни хатмини бошлаб, пайшанба куни тамомлар эканлар. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу Қуръон тиловати ҳақида шундай дер эканлар:
“Мен бирор кунимни Аллоҳнинг бу аҳди (яъни, Қуръон)га қарамасдан ўтказишимни ёқтирмайман” (Имом Байҳақий ривоятлари).
Ҳазрати Усмон ибн Аффон разияллоҳу анҳу халифаликлари даврида ўзларидан аввалги халифаларнинг ишларини давом эттириб, мусулмонлар оммаси учун фойдали бўлган катта ишларни амалга оширдилар. Жумладан, Қуръондан нусхалар кўчиртириб, барча ўлкаларга тарқатиш, Масжиди Набавийни кенгайтириш, мусулмонлар учун денгиз флотини ташкил этилиши, Жума намозида биринчи азоннинг зиёда қилиниши, қўриқхоналар ташкил қилиш, масжидларни хушбўй қилиш ва муаззинларга маош белгилаш каби ислоҳатларни жорий қилдилар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳаётлик пайтларида ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу фитначилар томонидан шаҳид қилинишини айтган эдилар. Ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг умрларининг охирида айрим мунофиқ кимсалар фитна қўзғаб, одамларни халифага қарши қайрадилар. Иш катталашиб, фитначи тўдалар Мадинага бостириб келиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларини қамал қилишганида, Мадинадаги низом бузилди, Усмон разияллоҳу анҳу беҳуда қон тўкилмаслиги учун саҳобалардан уруш қилмасликни талаб қилдилар. Бошқа вилоятлардан Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳимоясига мададлар етиб келишига оз қолганида қўзғолончилар қўрқиб, девордан ошиб тушиб, ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳунинг ҳовлиларига киришди. Уша пайтда у зот Аллоҳ таолонинг “Кишилар уларга: “Одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар”, деганда бу уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: “Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли, У қандай яхши вакил!” дедилар” оятини қироат қилиб ўтирар эдилар (Оли Имрон сураси, 173-оят).
У киши уларга эътибор ҳам бермасдан тиловат қилавердилар. Фитначилар ўзларининг жирканч жиноятларига қўл уришганида ҳам ҳеч қаршилик қилмай, Аллоҳнинг Китобини ўқийвердилар. Фақат хиёнат қиличининг бир зарбаси қўлларини кесганида: “Аллоҳга қасамки, бу қўл Қуръон оятларини биринчи бўлиб ёзган қўл эди”, дедилар, холос. Қон отилиб, мусҳаф саҳифаларига тушаётганини кўриб, дарҳол қўлларини ўзларига тортиб олдилар. Шундай қилиб икки нур соҳиби – ҳазрати Усмон разияллоҳу анҳу ҳижрий 35 йил 18 зулҳижжа, жума куни фитначилар томонидан шаҳид қилиндилар.
Рашидов Аброрхўжа
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими