Яратилиш санаси 20.05.2022

Гуллар гўзаллик ва нафосат белгисидир!

Мамлакатимизда гулчиликда машҳур бўлган Наманган ўзининг анъанавий гул байрамини 61-маротаба нишонламоқда. Наманган гуллари чиндан ҳам, кўтаринки кайфият, шодлик-ҳуррамлик, софлик, нафислик ва орасталикнинг яққол кўринишидир. 

Шу маънода наманганликлар гўзаллик ва нафосат, қадрият ва муҳаббат, ҳурмату-эҳтиром рамзи саналган гулларга алоҳида меҳр қўйишган.   

Ислом дини-гўзаллик дини. Шу боисдан шариатимиз гўзалликни улуғлайди ва банданинг барча нарсаси-сўзлаган сўзи, бажарган амали, кийган кийими... ҳамма-ҳаммаси  ўзига муносиб равишда унга зийнат бўлишига тарғиб этади.

عَنْ عَبْدِ اللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ عَنِ النَّبِىِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «… إِنَّ اللَّهَ جَمِيلٌ يُحِبُّ الْجَمَالَ …»

(رواه مسلم)

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «… Аллоҳ гўзалдир, гўзалликни яхши кўради…» дедилар (Муслим ривояти).

Айниқса, инсоннинг ахлоқий ва эстетик жиҳатларнинг уйғунлашуви динимизнинг асосий талабларидан бири саналади. Буни Жалолиддин Румий ҳазратлари “Ё аслинг каби кўрингил, ё кўринганинг каби бўл”, дея жуда ҳам чиройли тушунтирган.

Рус донишмандларидан бири: “Инсонда ҳамма нарса гўзал бўлиши керак-қиёфаси, кийими, қалби ва тафаккури” айтган эди. 

Ушбу фраза бугунги кунимизда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Боз устига унинг тўлиқ баёни Исломда ўз ифодасини топган. Қуръони каримда инсонга ўзига қараб юриши, гуноҳга бошловчи хаёлларга берилмаслик, қалбини зикруллоҳ билан поклаб юриш, танасини ва кийимларини ҳам озода қилиб юриш амр этилган. 

Юқорида айтганимиздек, ҳадиси шарифда “Аллоҳ гўзалдир, У гўзалликни севади”, деб марҳамат қилинган.

Бироқ айрим инсонларда бу иккиси-зоҳиридаги ва ботинидаги гўзаллиги бир-бирига мувофиқ эмас. Улардан бири руҳининг гўзаллигига оро бериб, ташқи қиёфасига эътибор қилмайди, бошқаси эса бунинг аксини қилиб танасини безайди ва қалбини унутади.

”Аллоҳ сизлардан ишини мукаммал тарзда бажарадиганингизни севади. Ундай инсонга марҳамат қилади”, деб башорат қиладилар жаноби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам. Бу ўринда мусулмон кишининг иши сифатига аҳамият бериляпти.

Табиат мўъжизаси бўлган гулларнинг турлари ва хиллари жуда кўп. Гулларни ўстириш, парвариш қилиш ёки уни томоша қилиш инсон кўнглига хурсандчилик киритиш баробари юқорида зикр қилинган эзгу сифатлар билан сифатланишга мушарраф бўлади. 

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ