Яратилиш санаси 22.05.2022

Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг илмий фаолияти (давоми)

Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) таълим олган устозлар ҳақида тўхталлиб ўтсак.  Алломанинг илм чўққиларини забт этишда унга таълим берган уламоларнинг хизматлари таҳсинга сазовордир. Маълумки, Ўрта Осиёда аҳоли асосан ҳанафия мазҳабига амал қилади. Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳам шу диёрда вояга етган ва шу анъанани ўзига сингдирган. У Мовароуннаҳр уламоларининг илмий мактабини ўтади. Сўнг илмий сафар уюштириб, кўплаб араб юртларида бўлди ва охири Макка шаҳрида бутунлай истиқомат қилиш учун қолди. Араб диёрларида эса бошқа уч мазҳабнинг вакиллари билан учрашиб, улар билан илмий мунозаралар қилди, уларга ўргатди ва улардан ўрганди.

Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)  дастлабки билимини она юрти Ҳиротда ўз даврининг етук олимларидан олади. Қуръони карим ва тажвид илмини Ҳирот шаҳри жомеъси шайхларидан бири бўлган Қори Муъиниддин ибн Ҳофиз ал-Ҳаравий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ўрганади. Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг қаламига мансуб "Рисалат самм ал-кавариз фи замм ар-равафиз" номли 52 мактубни ўзида мужассамлаштирган мажмуада юқоридаги фикрни таъкидлаб шундай дейилади:"Қироат илмидаги марҳум устозим Муъиниддин ибн Ҳофиз Зайниддин (раҳматуллоҳи алайҳ) гўзаргоҳ аҳлидан эдилар".

У диний илмлар мажмуаси - ҳадис, тафсир, фиқҳ ва қироат илми бўйича катта шухратга эга бўлганига юқорида гувоҳ бўлдик. Мазкур илмларни мукаммал эгаллашида ва ўз даврининг етук олими даражасига етишида шубҳасиз, устозларининг хизмати бениҳоя катта бўлган. У ўз юрти Ҳиротда бўлганида ҳам, илм йўлида ўзга юртларда бўлганида ҳам ўз даврининг машҳур уламоларидан таълим олган, ҳамма жойда олим ва фозиллар даврасидаги илмий учрашувларда қатнашган ва муттасил равишда ўз илмини оширишга харакат қилган.

Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) Қуръони Карим илмини мукаммал тарзда ўрганишни Макка шаҳридаги буюк қорилар хомийлигида ҳам давом эттирди, шунингдек, уни қисмларга ажратиб ёдлаш ва етти қироатда ўқишни "ал-Қорий" номи билан машҳур бўлгунига қадар аъло даражада давом эттирди. Олим Қуръони Каримни барча туруқларда ўқиш бўйича таълим олган устозлари ҳақида ўзининг "ал-Минах ал-фикриййа ала матн ал-жазария" асари охирида шундай дейди: "Қироатларни ўрганиш ва ҳадислар ровийларини тадқиқ қилишдаги устозларим бу соҳадаги машҳур қорилар ва буюк шайхлардир, қолаверса, ушбу йўналишдаги билимимни Мадинаи Мунавваранинг имом хатиби Аллома Муҳаммад ибн ал-Қаттон (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шогирди, Маккадаги ўз асрининг тенги йўқ олими ва қироат илмининг машҳур шайхи, устозим Сирожиддин Амр ал-Яманий аш-шавфий (раҳматуллоҳи алайҳ) мукаммаллаштирди".

Абу-л-Ҳасан(раҳматуллоҳи алайҳ) Макка шаҳрида ҳадис илмидан ҳам сабоқ олди. Унга ҳадис илми сирларидан таълим берган шайхлардан биз Макка шаҳри муфассири ва фақихи  Шайх Зайниддин Атиййа ибн Али ибн Хасан ас-Суламий ал-Маккий (раҳматуллоҳи алайҳ)ни (ваф.983/1575) келтиришимиз мумкин. Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) "Мирқот ал-мафотиҳ" китобининг муқаддимасида ас-Суламий хақида гапириб, шундай дейди: "Ушбу асарнинг асоси ҳисобланмиш "Мишкот ал-масобиҳ" китобини Байтуллох шайхларидан бўлган, ўз илми билан замонасининг кўзга кўринган олими бўлиб етишган ва Шайхул ислом Мавлоно Абу-л-Ҳасан ал-Бакрий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг шогирди Мавлоно Аллома Шайх Атиййа ас-Суламий (раҳматуллоҳи алайҳ)да ўқидим". Дарҳақиқат, Саййид Муҳаммад Абул Ҳасан ибн Жалолиддин Муҳаммад АбулБақо ибн Абдурраҳмон ибн Аҳмад ал-Бакрий ас-Сидқий аш-Шофеъий (раҳматуллоҳи алайҳ) даврининг машҳур шайхларидан бўлиб, тафсир, ҳадис, фиқҳ ва тасаввуф илми бўйича йирик олим бўлган ва бу йўналишларда кўплаб асарлар ёзган. Ўз навбатида Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) Абул Хасан ал-Бакрийдан ҳадис ва тафсир илми бўйича сабоқ олган ва уни шогирди бўлган.

Булардан ташкари, Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ) Мавлоно Исмоил аш-Шарвонийнинг шогирди Саййид Закариё ал-Ҳусайний, аш-Шаҳоб Аҳмад ибн Хижр ал-Хисамий ал-Маккий, Шайх Абдуллоҳ ас-Санадий ва Хожа Абдуллоҳ ас-Самаркандий ан-Накшбандий (раҳматуллоҳи алайҳ), Шайх Али ибн Хисомиддин ал-Муттакий (ваф.975/1567), Шайх Миркилон, Шайх Абдуллоҳ ас-Санадий (ваф.996/1588), шунингдек, Макка шаҳрининг муфтийларидан Шайх Қутбиддин ал- Маккий ва Бадриддин аш-Шаҳовий, Шайх Муҳаммад ибн Абул Хасан ал-Бакрий ал-Мисрий (ваф. 994/1586), Юсуф ибн Абдуллох ар-Румий (раҳматуллоҳи алайҳ)имлар каби араб ва ажам халклари орасида катта хурмат - эътиборга эга бўлган уламолардан фиқҳ, тафсир, қироат илми ва бошқа бир қанча диний билимлардан таҳсил олишга муяссар бўлди.

Шунингдек, Аллома (раҳматуллоҳи алайҳ)  ўз шарҳи муқаддимасида Аллома Али ибн Аҳмад ал-Жаноний ал-Азҳарий (раҳматуллоҳи алайҳ) ҳомийлигида Шайх Жалолиддин Суйютийнинг Имом Бухорий, Муслим (раҳматуллоҳи алайҳ)имлар ва қолган машҳур муҳаддислар хақидаги ёзилган китобларини ўқигани, Шайх Қасталонийнинг Бухорийнинг ривоятларига ёзган шарҳлари билан танишиб чиққанлиги ва шу мавзудаги кўплаб суҳбатларда иштирок этганини таъкидлаб ўтади.

Кўриниб турибдики, Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрларининг етук уламоларидан таълим олган. Унинг устозлари орасида араб миллатига мансублари ҳам кўп эди. У шариат билимларининг билимдони бўлибгина қолмай, ҳуснихат билан ҳам мунтазам шуғулланиб боради. Шайх Муҳаммад Тоҳир ибн  Абдулқодир ал-Курдий (раҳматуллоҳи алайҳ)  "Тарих ал-хат ал-арабий ва адабиҳ" китобида Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ҳуснихат илмидаги махоратини таърифлаб шундай ёзади: "У хатни жуда чиройли ёзарди ва кўплаб беллашувлар ғолиби эди, чунки у илми хатни Шайх Хайриддин ал-Маръашийнинг шогирди Шайх Ҳамидуллох ал-Амосий (раҳматуллоҳи алайҳ)дан ўрганган эди".

Мулла Алий ал-Қорий (раҳматуллоҳи алайҳ) ноёб заковат, ўткир зеҳн, нозик фаҳму фаросат ва комил ақл соҳиби бўлган.Илм олиш йўлида унга дуч келган барча машаққатларни сабр ва матонат билан енгиб ўтган.  Алломанинг юқорида номлари зикр қилинган барча устозлари ишончли силсила орқали келаётган илм соҳиблари бўлишган. Алломага мана шундай етук устозлардан илм олиш насиб этган.

Абул Ҳасан(раҳматуллоҳи алайҳ)нинг ижоди ва фаолиятига назар соладиган бўлсак, у кўпрок матнларга шарҳ ёзишга бағишланганлигини кўришимиз мумкин.Аллома ўз илмий ва ижодий фаолиятида араб тили ва адабиётига чуқур хурмат билан қараган ва ўз асарларини араб тилида ёзган. Унинг асарлари илм-фаннинг кўпгина соҳаларини ўз ичига қамраб олган бўлиб, уларнинг сони юздан ҳам ортиқ эканлигини алоҳида таъкидлаш мумкин. Олим  фиқҳшунослик, ҳадисшунослик, тафсир, қироат, усул ал-фиқҳ, илм ал-калом, тасаввуф, тарих, табақот, адабиёт, тилшунослик ва шу каби кўплаб соҳаларда ижод қилган ва асарлар яратган.

Алломанинг асарлари нафислиги, фойдалилиги, қаноатбахшлиги, жуда осон ва енгил тилда ёзилганлиги билан ажралиб туради. Шунингдек, унинг асарларга шарҳ ёзишдаги ўзига хос услуби шундаки, у инсонлар учун қийинчилик туғдирадиган ибораларни оддийгина, ҳамда тушунарли тилда баён қилади ва ислом арконлари юзасидан билдирилган фикрларнинг тўғри ёки нотўғрилигини Қуръони Карим оятлари ва ҳадисларни ҳанафий мазҳаби усулул-фиқҳ қоидалари асосида исботлаб чиқади. 

Маҳмудов Калимуллоҳ 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси