Яратилиш санаси 24.05.2022

Ўзлигини англаган етук шахс бўлинг!

Аннотация ўзбек тилида

Ушбу мақолада табиатан ўзликни англашнинг ҳиссий қирралари таҳлил этилган. Шахсни ўзлигини англашига нисбатан алоҳида эътибор қаратилган. 

Аннотация на русском

В этом статьи анализируются структура эмоционально-ценностного отношения к себе, диалогическая природа самосознания. Особое внимание уделяется роли самосознания личности.

Аnnotation in English 

This article was analyzed structure of the emotionally-valuable relation to, the dialogical nature of consciousness. The special attention is given to a role of consciousness of the person. 

РИВОЯТ

Кунлардан бирида сарой масхарабози ўз ҳаётини ўзгартиришга қарор қилибди. Унинг кўнгли бойлик, қизиқ саёҳатлар ва дабдабани тусаб қолибди. Лекин ҳамма нарсадан ҳам кўпроқ у обрў-эътиборни истабди. Чунки бутун умри давомида одамлар қўлини бигиз қилиб кўрсатиб: “Манави жиннини қаранглар”, деб кулишар экан. Масхарабоз эса уни ҳурмат қилишларини орзу қилибди. 

У бу ҳақда қиролга гапириб берибди, қирол эса унга: “Масхарабоз, сен узоқ йиллар менга хурсандчилик бахш этиб келдинг. Мен сенинг орзуингни ушалтираман ва сенга бойлик инъом этаман”. 

Энди масхарабоз ўзининг янги бахтидан сармаст эди. У ҳашаматли уйда яшар, серхил таомлар тановвул қиларди. Кунлар ўтиб сезиб қолибдики, атрофдагиларининг унга нисбатан ҳурмат-иззати шунчаки, сохта экан. Гарчи бой-бадавлат бўлса-да, одамлар учун у ҳали-ҳануз ўша масхарабозлигича қолган эди. Устига-устак, у тез орада бойлигини совуриб бўлибди. 

У ўзини қийнаётган саволлар билан қиролнинг доно маслаҳатчиси ҳузурига борибди. Доно бошини чайқаб, кулимсираганча, бўш пиёла ва шароб тўлдирилган идишга ишора қилибди: «Мен бу шаробни ҳаммасини пиёлага сиғдира олмайман. Чунки пиёла торлик қилади деган экан. Худди шунингдек, унинг шахсияти ҳам ўз орзуларига нисбатан торлик қилди. Қирол унга бойлик инъом этди, бироқ шахсиятини у сақлаб қола олмади». 

БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ, САБОҚМА-САБОҚ

Бизнинг ҳолатимиз яхши томонга ўзгариши учун, аввало ўзимиз ўзгаришимиз керак. Муваффақиятга эришиш учун вазият қулайроқ бўлишини кутаётган инсонлар ҳар биримизга яхши таниш. Бироқ, вазиятнинг ўзгариши бундай инсонларга сира ёрдам бера олмайди, чунки улар бу вазиятни ўзига сиғдириш учун «торлик» қилишади. Аввал улар шахс сифатида ўзгаришлари керак. Ҳаммаси мактабдагидек. Аввал биринчи синфда ўқиймиз, кейин иккинчи, учинчи ва ҳ.к. Бу жуда оқилона тизим. Қанчалик билимли бўлиб борар эканмиз, шунчалик кўп имкониятлар пайдо бўлаверади. 

Балки баъзи биров: «Менга ҳозир икки миллион доллар беринг, мен ҳеч қачон пулга муҳтожлик сезмасдан яшайман», дер. Бу нотўғри ёндашув. Аввал бугунги вазиятни бошқаришни ўрганиш керак. Аввал минг долларни тўплаб, бирор ишга оқилона сарфлаш керак. Кейин ўн минг доллар ва ҳ.к. Яхшироқ яшаш учун қулай вазиятни кутиш эмас, мавжуд вазиятдан максимум даражада фойдаланиш керак. 

У ёки бу фаолият билан шуғулланишга лойиқманми-йўқми, деган саволни ҳам олдиндан ўзингизга бера кўрманг. Фақат ишни бошлабгина, биз шу ишнинг устаси бўлишимиз мумкин. Агар сиз маълум бир иш қўлингиздан келишини аввалдан билсангиз, у сизга ўсиш учун имконият бермай қўяди. 

КИШИ ФАҚАТ МЕҲНАТ ЖАРАЁНИДА ШАХСГА АЙЛАНАДИ

Эслаб кўринг-а, таниқли шахслар ниманинг шарофатидан машҳур ва буюк инсонларга айланишган. Эйнштейн ўзининг физик назариялари билан танилган, Беккенбауэр — футболдаги муваффақиятлари билан, Ганди — Ҳиндистонни мустамлака тузоғидан куч ишлатмасдан озод қилган, Она Тереза — камбағалларга муруввати билан. Кўриниб турибдики, уларнинг барчаси фақат ўз ишлари билан танилишган. Ўз-ўзини такомиллаштиришнинг энг самарали усули меҳнат қилишдир. Агар сиз яхшироқ ҳаётни хоҳласангиз, тиним билмасдан ишлашни тезроқ бошланг. Аввалига ҳамма нарса ҳал бўлавермайди, лекин бунинг сира қўрқинчли жойи йўқ.  Асосийси — қўлни ювиб, қўлтиққа урмаслик! Албатта, муваффақиятлар бизни бой қилади, лекин муваффақиятсизлик шарофати билан биз ўсамиз. 

ДЕҲҚОННИНГ БЕШ САБОҒИ

Сиз балки деҳқон ҳақидаги масални эшитган чиқарсиз. У ғалла экибди, бироқ донларнинг ҳаммаси ҳам униб чиқмабди. Бир қисмини қушлар еб кетибди, бир қисми қуриб қолибди, бир қисмини эса ёввойи ўт-ўланлар нобуд қилибди. Бундан беш муҳим хулоса чиқариш мумкин: 

1. Ҳар қандай уруғ ҳам ўсиб кетавермайди. Шунинг учун иложи борича кўпроқ экиш керак. Биттаю-битта ниҳолга умид қилиш ярамайди. 

2. Душманлар эмас, ўз ишингизга диққатингизни жамланг. Душманларни йўқ қилиб, сиз ҳеч қачон ўз мақсадингизга эриша олмайсиз. Ўзингиз ўйлаб кўринг: муваффақиятли инсоннинг душманлари ҳар қачон етарли бўлади. Бу табиат қонуни. Қушлар ва ёввойи ўт-ўланлар доим бўлган ва бўлади. Ақлли деҳқон ғалла етиштиришда давом этаверади. 

3. Бирор нарса экмасдан ҳосил йиғиб бўлмайди. Фақатгина иш ниҳоялангандан сўнг киши рағбат топади. Киши меҳнат қилгани учун мукофотланади, баҳона қилгани ёки ўзини оқлагани учун эмас. Кимдир табиатнинг бу қонунини айланиб ўтишга уринади. Бироқ у унутадики, бундай йўл билан барқарор муваффақиятга эришиб бўлмайди. 

4. Сабр қилиш керак. Ўсиш учун вақт талаб этилади. Қанчалик кўп куч сарфламанг, икки кундан кейин барибир ҳосил ололмайсиз. Фақатгина меҳнат ва интилишгина сизга натижани тақдим этади. 

5. Нима эксанг — шуни ўрасан. Инсонга умри давомида яхши ва ёмон ҳосиллар насиб этади. Эҳтиёт бўлинг: ёмон уруғлар ҳам кўкариб чиқади. 

МУВАФФАҚИЯТ ЙЎЛИДАГИ БЕШ ТЎСИҚ

Нега ҳамма инсонлар ҳам муваффақиятга эриша олмайди: Ахир ҳаммада ҳам имконият бор-ку?! Шундай олти сабаб борки, муваффақиятни ҳомилалигидаёқ ўлдиради. Айнан шу сабаблар туфайли ҳеч қачон барча инсонлар учун баробар ҳаётий шароитлар яратиб бўлмайди. Гап инсоннинг ичида бўладиган, ташқаридан таъсир қилишнинг иложи бўлмаган жараёнлар ҳақида бормоқда. 

1. Такаббурлик. Сизга саволга нисбатан жавоби кўпроқ инсонлар танишми? Гёте шундай деган эди: «Жуда кўпчилик кимдир бўлиб қолишни, фақат саноқли инсонлар кимдир бўлиб етишишни истайди». Бирор нарсани ўрганиш учун шогирд тушиш керак. 

2. Нодонлик. Кўпчилик инсонлар турли сабабларга кўра, янгиликни қабул қилиш учун тафаккур эшикларни очишга тайёр эмас. 

3. Шуҳратпарастлик. Биз ўзимизга жуда жиддий муносабатда бўламиз ва атрофимиздагиларнинг иззатини кутамиз. Барча энергиямиз уларнинг кўзига «муносиб» бўлиб кўринишга сарфланади. Алал-оқибат, муваффақиятга эришиш учун ана шу энергия камлик қилади. Бундан ташқари, ҳаддан зиёд шуҳратпарастлик ақлсизлик белгиси бўлиб хизмат қилади. 

4. Қўрқув. Қўрқув — салбий оқибатлар эҳтимолини тасаввур этиш. Биз ўзимиз истамаган нарсаларга шунчалик диққат қиламизки, бу тасаввур хаёлий ҳолатдан реалга айланиб кетади. 

5. Гумон. Биз ўзимизни нимагадир етарлича тайёр эмас, деб ҳисоблаймиз. Кучли томонларимизни баҳолаш ўрнига, ўзимизни бошқаларга солиштира бошласак гумон пайдо бўлади. Ўз-ўзимизга ишончни систематик мустаҳкамлаб бориш керак. Бунинг учун, масалан, муваффақият кундалиги тутинг ва унга ўзингизнинг барча ютуқларингизни ёзиб боринг. 

6. Айбдорлик ҳисси. Кўпчилик ўзи орзу қилган ҳаёт билан яшай олмайди. Чунки унинг атрофидаги худбин кайфиятдаги инсонлар уларнинг тафаккури билан ўйнашиб, унга айбдорлик ҳиссини сингдиришади. Бироқ, ҳаётингизда муносиб мақсад қўя олсангиз, ёлғондакам айборлик ҳисси ўз-ўзидан йўқ бўлади. 

Бу мақоламда ушбу тўсиқларнинг ҳар бири синчиклаб ўргандим. Бироқ, тиним билмасдан меҳнат қилиш ҳали муваффақият гарови дегани эмас. 

ИШЛАШНИНГ ТЎРТ ВАРИАНТИ

Иш ҳақида гапирар эканмиз, беихтиёр уни «яхши» ва «ёмон»га бўламиз. «Яхши» иш деганда қуйидаги уч асосий талабга жавоб берадиган иш тушунилади: биринчидан, у сизга ҳузур бахш этади; иккинчидан, иқтидорингиз ва лаёқатингизга мос келади; учинчидан, унинг ёрдамида бошқа инсонларнинг ҳам муаммоларини ҳал эта оласиз ва етарли миқдорда пул ишлайсиз. Бироқ тўғри ва нотўғри муносабат воситасида «яхши» ишни ҳам, «ёмон» ишни ҳам бажариш мумкин. Бунда юқорида санаб ўтилган олти тўсиқ катта роль ўйнайди. Ўйлаб кўринг, ҳозирги вазиятингиз қуйида санаб ўтилган тўрт таърифдан қай бирига тўғри келади: 

  • Ёмон иш ва нотўғри муносабат. Бундай «стратегия»нинг натижалари ҳалокатли. Ҳаёт ўз гўзаллигини йўқотади, ҳеч қандай шодлик келтирмай қўяди. 
  • Ёмон иш ва тўғри муносабат. Бу ҳолатда қандайдир мақсадларга етишишимиз мумкин. Лекин жуда кўп энергия ва вақт талаб қилинади, бинобарин, бундай иш кўплаб муваффақиятсизликларга йўғрилган. 
  • Яхши иш ва нотўғри муносабат. Бундай ёндашув билан сезиларли муваффақиятларга эришиш мумкиндир, аммо асосий мақсадга етишиб бўлмайди. 
  • Яхши иш ва тўғри муносабат. Фақатгина шундай ҳолатда қисқа муддатларда исталган мақсадга эришиш мумкин.

Бу инсонни тезда тестдан ўтказиш имкониятини берадиган кескин оддийлаштирилган, лекин анча аниқ таъриф. Хўш, сизнинг ишингиз яхшими? Сиз ўзингизнинг қизиқишингиз ва қобилиятингизга мос келадиган соҳада ишлаяпсизми?! Сиз ўз ишингизга тўғри муносабатдамисиз? Агар ишингиз ва унга бўлган муносабат сизни қониқтирмаса, унда бирор нарсани ўзгартириш ҳақида ўйлаб кўринг. Эҳтимол, олти тўсиқ (такаббурлик, нодонлик, шуҳратпарастлик, қўрқув, гумон ва айбдорлик ҳисси)дан воз кечиш керакдир. 

Кўпчилик инсон тақдирдан нолишни яхши кўради. Улар мудом адолатсизликдан ёзғиришади, лекин умуман керак иш билан машғул, шунингдек, шу ишга ҳам кўнгилдагидек муносабатда эмас. Бу ҳолатда улар ҳеч нарса экмасдан, ҳосил йиғмоқчи бўлишади. Бундай инсонлар табиат қонунини рад этишади. 

Ғолиблар эса вазият яхши томонга ўзгаришини кутиб, вақтини беҳуда сарфлашмайди. Улар кучи етмайдиган нарсани ўзгартиришга беҳуда уриниб, энергиясини йўқ қилишмайди. Улар ўзини оқлаш учун баҳона излашмайди. Улар билишадики, улар шижоат билан ишга киришишса, ҳаётий вазиятларнинг ўзи яхши томонга ўзгаради. 

Рихад Бахшундай деган: «Ҳар биримиз катта мармартош ва унга ишлов берувчи асбоблар билан дунёга келамиз. Биз бутун умр бу ишланмаган тошни ўзимиз билан судраб юришимиз, уни шағалларга парчалаб ташлашимиз ёки унга ажойиб шакл беришимиз мумкин». 

Бизга туғилганимиздаёқ бахтли ва муваффақиятли яшаш ҳуқуқи берилади. Лекин муваффақиятсизлик сари олти тўсиқ олдида чекинмаслигимиз керак. Фақат биргина истакнинг ўзи сизни машҳур, бой ва таъсирли қила олмайди. Бизнинг шахсимиз — биз ўзимиз яратган нарса. Матонатли ва мақсад сари йўналтирилган меҳнат ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Ғолиблар билади: фақатгина ўз лаёқати ҳаётда муносиб ўрнини таъминлашда асқотади. 

ЎЗЛИГИМНИ АНГЛАШ ВА ЎЗ-ЎЗИМНИ БОШҚАРИШИМ УЧУН АМАЛИЙ МАШҚЛАР

Мен ўзлигимни англаган ва ўз-ўзимни бошқара оладиган кучли шахс бўлишни истар эканман, мен ўсишим керак. Бунинг учун қуйидагиларни бажараман: 

1. Мен ўз ишимга мени муваффақиятли шахсга айлантирувчи ва муваффақият келтирувчи восита сифатида қарайман. Шунинг учун мен шижоат ва завқ билан ишлайман. Мен ўз меҳнатим ҳисобига шахсга айланиш учун барча имкониятимни ишга соламан. 

2. Мен хатоларимни такрорлашни истамайман ва улардан сабоқ чиқараман. Шунинг учун ўзимни англаш кундалиги юритаман. Мен у ерга ўз ва ўзгаларнинг хатосидан чиқарган хулосаларимни ёзиб бораман. 

3. Мен ўз шахсиётимни ривожлантиришга хизмат қиладиган адабиётларни ўқийман. Мен телевизорни яхши китобларга алмаштираман ва кунига камида бир соат мутолаа билан шуғулланаман. 

4. Йўлимда мени турли кўнгилни совитувчи вазиятлар кутиб турганини биламан. Бу ҳолатда мен асло бўшашмайман. Фақат ўзимни ўзим ишни давом эттиришга илҳомлантиришим мумкин. Мен «Кўзлаётган мақсадимга етишганимдан ким манфаатдор?» — деган саволга ёзма жавоб бераман. 

5. Мен бугун етиша олган бешта нарсамни муваффақият кундалигимга ёзиб қўяман.

Алишер Анваров

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
 билим юрти ўқитувчиси