“Хатмона – 2022” битирув тадбири
2022 йилнинг 11 июн куни билим юртида 2021-2022 ўқув йили битирувчиларини кузатишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Хатмонага вилоятдаги ёши улуғ кекса отахонлар ҳамда битирувчи талабаларни оталари таклиф этилди.
Сўнг сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Абдулҳай Турсунов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари номларидан барчани тадбир билан муборакбод этди.
Диний илмларни ўрганиш учун кенг йўл очиб берилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматига ўз миннатдорчиликларини изҳор этди.
Тадбирни билим юрти ўқитувчиси Рустамжон Дадажанов очди ва олиб борди. Билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев сўз олиб, ташриф буюрган меҳмонлар ва битирувчиларни тантана билан самимий муборакбод этди ҳамда анжумандан кўзда тутилган асосий мақсадлар, билим юртининг 2021-2022 йил фаолияти, билим юртида эришилган ютуқлар юзасидан алоҳида тўхталиб, юртимиз истиқлолга эришган илк йиллардан ҳар соҳада бўлгани каби муқаддас динимиз ва диний қадриятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, муҳтарам юртбошимизнинг одилона сиёсатлари билан асрларга татигулик ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг хатмона тадбирида Қуръон тиловат қилинди якунида дуои хайрлар қилинди.
Шунингдек хатмона тадбирида 2021-2022 ўқув йили якунларига билим юрти фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун билим юртининг талабаларига ташаккурнома ҳамда аъло ўқиши ва намунали хулқи, жамоат ишларида фаол иштирок этган талабаларга билим юртининг мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғалари, ҳамда билим юрти раҳбарияти томонидан оталарига ташаккурнома топширилди.
Сўнг барчани ҳатмона дастурхонига таклиф этилди. Битирувчи талабалар номидан Содиқжанов Ахмадуллоҳ, Усманов Шоҳмард ва Абдуллаев Мухаммадаминлар сўз олиб, араб тили, инглис тили ва ўзбек тилларида таълим берган устозларига миннатдорчилик билдириб, битирувчи талабалар номидан ўтган аждодларимизга муносиб ворис бўлган ҳолда юрт тинчлиги, ватан равнақи, халқ манфаати ва муқаддас динимиз ривожи йўлида бундан зиёда ютуқларни қўлга киритишга ҳаракат қилишларини билдирдилар.
Тадбир сўнгида билим юртида дарс жараёнидан ажралмаган ҳолда Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 18 нафарига, аъло баҳолари ва намунали хулқи учун 10 нафарига ҳамда билим юрти жамоат ишларида ўзларини беминнат хизматларини аямаган 9 нафарига, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси рахбарининг 2022 йил 29 майдаги РА 1/1-771-сонли топшириғида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси хомийлигида Ўзбекистон халқаро ислом акедемияси ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасаларининг талабалари ўртасида “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида иншолар (ессе) танловида ғолиб бўлган талабаларга ва битирувчиларга ЎМИнинг Наманган вилоятидаги вакилилиги ва билим юртининг ташаккурномалари, дипломлари ва пул мукофотларини Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоятидаги вакили, устоз Абдулҳай Турсунов бошчилигида совғалар топширилди.
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом билим Матбуот хизмати