Яратилиш санаси 30.04.2021

АБУ БАКР СИДДИҚ (розияллоҳу анҳу)

Абу Бакр Сиддиқ (тўлиқ исмлари-Абу Бакр Сиддиқ Абдуллоҳ ибн Абу Қаҳҳофа ибн Омир; 571 — 634) — Муҳаммад (сав) даъвати билан исломни биринчилардан бўлиб қабул қилган, дастлабки тўрт халифадан биринчиси (632—634). Муҳаммад(сав)нинг энг яқин сафдоши, қайнотаси (Ойшанинг отаси). Йирик савдогар. Макканинг қурайш қабиласидан. Исломга киришдан олдин исми Абдулкаъба эди. Абдулло исмини Муҳаммад (сав) қўйган. Сиддиқ деб аталишига сабаб шуки, исро ва меърож ҳодисасини энг биринчи бўлиб тасдиқлаган. Муҳаммад пайғамбар (сав) унга Сиддиқ, яъни имони кучли деб лақаб берди. Маккадан Мадинага ҳижрат қилишда Муҳаммад(сав)га ҳамроҳ, ғорда ҳамнишин бўлди. Бадр, Уҳуд, Ҳандақ, Худайбия ва бошқа жойлардаги жангларда иштирок этди. Абу Бакр Сиддиқ обрўли ва бадав-лат киши бўлгани учун кўп одамларга ёрдам қилди, чунончи, Билол Ҳабашийни қулликдан сотиб олиб, озод этди. Муҳаммад(сав) вафотидан кейин биринчи халифа бўлиб сайланди (632). Араб қабилаларининг Мадина ҳокимиятига қарши кўтарган қўзголонларини бостирди. Абу Бакр Сиддиқ халифалиги даврида араблар Ироқ ва Сурияни фатҳ қилди. Абу Бакр Сиддиқ Мадинада вафот этди ва Муҳаммад (сав) ёнига дафн қилинди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ алайҳиссаломдан кейин  инсонларнинг энг афзали, у зотнинг гордаги соҳиблари, саҳобалар саййиди, илм ва унга амал қилишда барча мусулмонларга орнак бўладиган инсондирлар.

У зот розияллоҳу анҳунинг насаблари. Манбааларда келишича, ул зотнинг насаблари Абу Бакр Абдуллоҳ Ибн Абу Куҳофа Усмон ибн Омир ибн Амр ибн Кааб ибн Маад ибн Тайм ибн Мурра ибн Кааб ибн Луай ибн Голиб ал Қурайший ат Таймийдур. Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Росулллоҳ соллалоҳу алайҳи вассалам билан насаблари Муррада бирлашади.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг исмлари ва лақаблари. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу исмидан ҳам куняси машҳур болиб кетган шахслардан биридирлар. Абу Бакр ул зотнинг куняларидир. Исмлари эса Абдуллоҳдир. Бази манбаларда айтилишича, у зотнинг исмлари биринчи Абдулкаба болган. Кейин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам у зотнинг исмларини Абдуллоҳга алиштирганлар. Табаронийдан ривоят қлинади: “Оиша розияллоҳу анҳодан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг исмлари ҳақида соралди. Моминларнинг онаси: «Абдуллоҳ» дея жавоб бердилар”.

У зотнинг туғилишлари. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳиссаломдан икки йилу бир неча ойдан сўнг таваллуд топганлар. Язид ибн Асамдан ривоят қлинад: бир куни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам Абу Бакр розияллоҳу анҳуга «Сен каттами ёки мен каттами»? дедилар. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу « Сиз катта аммо ёш жиҳатидан мен каттароқман»дея жавоб берганлар. Аммо манбаларга қаралганда ушбу ҳадис заиф ,акси эса яъни ёш жиҳатдан Расулуллоҳ катта бўлганликлари аниқланди.

У зотнинг жоҳилиятдаги ҳаётлари. Инсонлар Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг жоҳилиятдаги ҳаётлари ҳақида сўрадилар. Шунда қуйидагича жавоб бердилар: «Аллоҳга қасамки, Абу Бакр жоҳилият даврида ҳам, Исломда ҳам асло шеър айтмаган ва ҳаргиз хамр (ароқ) ҳам ичмаган». Абу Олия Риёҳийдан ривоят қилинади: “Бир куни саҳобалар Абу Бакр розияллоҳу анҳудан: «Эй Абу Бакр, сиз жоҳилият даврида ароқ ичганмисиз?», деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ сақласин, ҳаргиз ичмаганман», дедилар. Шунда саҳобаи киромлар «Нега?» дейишди. У зот: «Доим танам сергак туришини хоҳлардим. Ароқ бўлса баданни юмшатиб, одамни сулайтиради», дедилар. Бу сўзлари Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаламга етганида: «Дарҳақиқат, Абу Бакр рост сўзлабди», дея икки марта шу сўзни такрорладилар”.

У зотнинг сифатлари. Ибн Саъд ривоят қилади: “Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан: «Менга Абу Бакрнинг сифатларини айтиб беринг», деди. Шунда Оиша онамиз: «Абу Бакр оппоқ, озғин, яноқлари кичик, бироз эгилган, юзи ичига кирган, кўзлари чуқур, пешонаси дўнгроқ ва қуш каби енгил киши эди», дедилар”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Исломга мушарраф бўлишлари. Ибн Асокир роҳимаҳуллоҳ Али розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар: «Исломга биринчи бўлиб кирган киши Абу Бакрдир». Абу Хайсама роҳимаҳуллоҳ саҳиҳ санад билан қилган ривоятларида бундай дейилган: “Зайд ибн Арқама розияллоҳу анҳу дедилар: «Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаллам билан биринчи бўлиб намоз ўқиган киши Абу Бакрдир». Аммор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллалоҳу алайҳи васаллам билан (жоҳилият даврида) фақат бешта қул, икки аёл ва Абу Бакрнигина кўрган эдим». Ҳа, ҳақиқатда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаламдан бир лаҳза ҳам ажралмас эдилар. Уламолар айтадики: «Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаламни Исломга кирганларидан то у зот соллалоҳу алайҳи вассаламнинг вафот этган вақтларигача тарк этмаганлар. Сафарда ҳам, ўз юртларида ҳам у зотдан ажралмаганлар. Аллоҳ ва Расулининг муҳаббатига молу- жонларидан кечиб рағбат қилганлар». У зотни ўзларига қаттиқ лозим тутганларидан, ҳатто Расулуллоҳ алайҳиссалом билан бирга Мадинага ҳижрат қилиб, у зотнинг ғордаги ёлғиз соҳиблари бўлганлар. Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 40-оятида шундай марҳамат қилади:

“Куфр келтирганлар у (Муҳаммад)ни икки кишининг бири бўлган ҳолида чиқариб юборганларида Аллоҳ унга нусрат берди. У икковлон ғорда турганларида, у (Муҳаммад) соҳибига: «Ҳафа бўлма, Аллоҳ албатта биз билан», деди”.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳафа бўлишлари қўрқишдан эмас, балки Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи вассаламга озор етиши мумкинлигидан эди.

Улуғбек Неъматуллаев

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси

 

Изоҳ қолдириш

Изоҳлар