Яратилиш санаси 02.07.2022

Қурбонлик тарихи

Қурбонлик ибодатининг тарихи анча қадимийдир. Бугунги кўриниши Ҳазрат Иброҳим алайҳиссалом ва ўғли Исмоил алайҳиссаломга бориб тақалади. 

Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эдилар.  Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳдан фарзанд сўрадилар.

“Эй, Раббим! Ўзинг менга солиҳ (фарзанд)лардан ато этгин!”. (“Соффат”сураси 100-оят)-, дедилар. Шунда Аллоҳ таоло деди:“Бас, Биз унга бир ҳалим ўғил (туғилиши тўғрисида) хушхабарни бердик”.(101-оят)

Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун бу жуда буюк бир хушхабар эди. Узоқ давом этган фарзандликсиздан кейин фарзандли бўлиш қанчалик бахт! Узоқ давом этган фарзандсизликдан сўнгра, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! У ўғилнинг ҳалим бўлиши қанчалик бахт! Бу фарзанд Исмоил эди. 

“Иброҳим пайғамбар бир куни туш кўрадилар. (Саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг айтишларига қараганда Аллоҳ таолонинг барча пайғамбарларининг кўрган тушлари ваҳийдир. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом эндигина ўн уч ёшга қадам қўйган ўғиллари Исмоил алайҳиссалом тўғрисидаги Аллоҳнинг амрига тўла розилик билан бўйсиндилар). Тушларида, “Тургил, қурбонлик қилгил” деган ваҳий келади. Иброҳим уйқудан турди, юзта қўйни келтириб, қурбонлик қилди. Иккинчи кеча яна туш кўрди, яна “Эй, Иброҳим тур ва қурбонлик қил”, деган ваҳий келади. Иброҳим тонг отиши билан уйқудан уйғонди ва юз туяни қурбонлик қилди. Учинчи кеча яна туш кўрдилар ва яна шу ваҳий такрорланди.  Ваҳийга жавобан Иброҳим алайҳиссалом  айтдилар: “Мен нимани қурбонлик қилайин?” айтдилдики, “Биздан бошқа кимни яхши кўрсанг шуни қурбонлик қил”, яъни “болангни қурбонлик қил”. Иброҳим билдики, ўғли Исмоилни қурбонлик қилиши керак. Иброҳим хотини Ҳожарга айтди: “Бир азиз дўстим бор, ўғлим Исмоилни келтир деб сўради. Энди Исмоилнинг бошини юв, унга элтайин”. Ҳожар Исмоилни ювинтирди, сочини таради, янги кийимлар кийинтирди. Исмоил ниҳоятда очилиб кетди. У ниҳоятда гўзал йигитча эди... Иброҳим ип ва пичоқларни олиб, тоғ томонга юра бошлади. Исмоил ҳам отаси билан биргаликда тоғ томон юра бошлади. Буни кўрган шайтон одам сифатида Исмоилнинг ёнига келиб: -“Сени отанг қирга нима учун олиб бораяпди?”- деди. Исмоил: -“Отам дўстининг ёнига олиб бораяпди”,- деди. Шайтон айтди:-“Отанг сени қурбонлик қилиш мақсадида олиб кетаяпди”,- деди.  Исмоил: “Қайси ота ўз ўғлини қурбонлик қилади?”- деди.  Шайтон “Аллоҳнинг буйруғига асосан сени қурбонлик қилмоқчи”,- деди.  Исмоил шайтонга айтдики: “Агар Аллоҳнинг буйруғи билан отам мени қурбонлик қилса, шу жонимни фидо қилдим”, - дедилар ва рози бўлдилар. Шайтон Исмоилни Аллоҳга бўлган эътиқодидан қайтара олмаслигини билди ва яна турли васвасалар қила бошлади. Исмоил отасига, ёнида бир қари киши унга турли бўҳтонлар гапираётганлигини айтди. Иброҳим алайҳиссалом айтдилар: “У шайтондир, эй Исмоил, унга тош отгин, кетсин”. Исмоил тош олиб, шайтонга отди ва Иброҳим алайҳиссалом ҳам тош олиб отди.(Шу тош отиш ҳожиларга суннат бўлиб қолди ва ҳозиргача ҳожилар бунга амал қилади). Шундан кейин Иброҳим алайҳиссалом йиғладилар. 

Рашидов Аброрхўжа 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими