Қурбонлик тарихи - 2
“Бас, қачонки у (отаси) билан бирга юрадиган бўлгач, (Иброҳим): “Эй, ўғилчам! Мен тушумда сени (қурбонлик учун) сўяётганимни кўрмоқдаман. Энди сен ўзинг нима раъй (фикр) қилишингни бир (ўйлаб) кўргин!”, -деган эди, у айтди: “Эй, отажон! Сизга (тушунгизда Аллоҳ томонидан) буюрилган ишни қилинг! Иншааллоҳ, мени сабр қилувчилардан топурсиз”. (“Соффат”сураси 102-оят). Аммо илтимосим шулки, сўйиш олдидан менинг қўл-оёғимни маҳкам боғланг, пичоқ азобидан талпиниб, сизга озор бермайин, юз-кўзимни боғлангки, оталик меҳри билан пичоқ тортишга иккиланиб қолманг”. Шундан кейин Иброҳим Исмоилнинг қўл-оёқларини боғлаб, бўғзига пичоқ тортди, кучи борича ҳаракат қилди, аммо пичоқ кесмади. Иброҳим алайҳиссалом етти марта пичоқ тортдилар, аммо барча ҳаракатлари бекор кетди. Пичоқни тошга урган эди, тошни кесди. Шунда ваҳий келдик,
“Бас, қачонки, иккиси ҳам (Аллоҳнинг амрига) бўйинсиниб, (Исмоилни қурбонликка) пешонаси билан (ерга) ётқизган эдики, унга биз нидо қилдик: “Эй, Иброҳим! Дарҳақиқат, сен тушни тасдиқ этдинг. Албатта, эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофатлаймиз. Албатта, бу (қурбонликка буюришим) айни синовдир. Биз (Исмоилнинг) ўрнига катта бир (қўчқор) сўйишни бадал қилиб бердик. Кейинги (авлод)лар орасида у (Иброҳим) ҳақида яхши гапларни қолдирдик. Иброҳимга салом! Биз эзгу иш қилувчиларни мана шундай мукофатлаймиз. Дарҳақиқат, у бизнинг мўмин бандаларимиздандир”.(“Соффат”сураси 103-111-оятлар).
Ҳа, Аллоҳ таоло пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга нидо қилиб, дедики: Эй Иброҳим, биз доимо гўзал иш қилган бандаларимизни сенга ўхшатиб мукофатлаймиз. Уларни турли синовлар учун танлаб олишимиз ҳам мукофатдир. Чунки, шу синовлар орқали улар ажр савобларга, олий мартабаларга эришадилар, бундан ортиқ мукофат борми? Сени ҳам ўғлингни қурбонлик учун сўйиш орқали синовга дучор қилдик. Юзаки қараганда, бу синов бало-офат ва мусибат бўлиб кўринади. Аммо, аслида эса, мукофатдир. Олий мақомларга эришиш омилидир. Шу синов бўлмаганида, сен қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдинг. Ҳаммага ўрнак бўлмас эдинг. Илоҳий китобларда зикр қилинмас эдинг. Номинг ибодатларда тиловат этилмас эди. Иброҳим алайҳиссаломга ўғилларини қурбонликка сўйиш амри очиқ-ойдин синовнинг ўзидир, бошқа нарса эмасдир. Бу синовдан у зот яхши ўтдилар. Ўғиллари ҳам саломат қолди. Иброҳим алайҳиссалом қурбонлик учун фарзандларини сўйишга ҳам тайёр эканликларини билдирдилар, уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тирадилар. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга юқоридаги нидони қилди ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйдилар. Бу ишлар Минода - ҳозир мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтган. Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди. Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли томонларидан келиб, бу қиссани ёдга оладилар. Бу улуғ фидокорлик қиссасини ўзлари қайтадан яшайдилар. Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломдек Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр эканликларини тиллари, диллари ва амаллари билан изҳор этадилар. Бу фидокорлик аломати сифатида қурбонликлар сўядилар. Аллоҳга бўлган итоатларининг энг гўзал томонларини намоён қиладилар.
Рашидов Аброрхўжа
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ходими