Яратилиш санаси 07.07.2022

МАККА ФАТҲИДАН КЕГИН ҲИЖРАТ ЙЎҚ

Ҳижрат ўзи нима? буни шаръий ва истелоҳий маънолари билан танишиб чиқайлик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам  асри саодат давриларида мусулмонлар билан ватанлари бўлмиш Макка шаҳридан Ясриб шаҳрига кўчиб ўтганлар. Ана шу кўчиб ўтишлари араб тилида “ҳижрат” – “кўчиш” деб аталади. Ушбу ҳижратдан “ҳижрий йил” ҳисоби бошланган, яъни “кўчиб ўтганликнинг биринчи йили, иккинчи йили ва ҳоказо”, деб номлана бошлаган. 

Ушбу ҳижрат сабабидан Ясриб шаҳри Мадина деб атала бошлаган. Шу ҳижрат сабабидан Маккадан Мадинага кўчиб борганлар “муҳожир” – “кўчиб борувчи” ёки “кўчиб ўтувчи”лар деб атала бошлаган.

Муҳаддислар султони Имом ал-Бухорий раҳимаҳуллоҳ ўзларинин  “ал-Жомеъ ас-саҳиҳ”  асарларида  ўндан ортиқ жойида: “Макка фатҳидан кейин ҳижрат йўқ!",деган мазмундаги ҳадиси шарифни келтирганлар.

Уламоларимиз бу ҳадис умумий ва ўзидан олдин келган ҳижратга далолат қилувчиларини насх қилувчидир, дейдилар.  
Шу билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон бўлган арабларни Ўзлари томон ҳижрат қилишга амр қилмаганлар ва ўз юртларида туришларини инкор қилмаганлар.

Имом  Мужоҳид роҳимаҳуллоҳ улуғ саҳобалардан бўлган Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга: "Мен шомга ҳижрат қилмоқчиман!", деганлар. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга: "Бугун ҳижрат йўқ! ортинга қайт!" деганлар. (Бухорий, 5/4309)

Бугунги кунда ҳизбчиларми,янги хаворижларми, бузғунчи “мусулмон”ларми, ўзларига “Мақсадга эришиш йўлида ҳаром ишларни ҳам қилиш мумкин!”, деган ботил фатвони чиқариб олишган. Шу йўлда улар одам ўлдиришдан ҳам, ҳаром-ҳариш мол-дунё тўплашдан ҳам, аёл-қизларнинг номусига тегишдан ҳам, оммавий қотилликлар уюштиришдан ҳам, намозхонларни масжидларда портлатиб юборишдан ҳам, ўзларига мушрик - кофирларни раҳнамо қилиб олишдан ҳам, қайтишмайди. Ҳолбуки,Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳижратга тайёргарлик ниятида ўғирлик қилганларнинг қўлларини, “Ҳижрат йўқ!” дея аямай чопиб ташлатганлар.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаймизки: Ислом дини ҳамиша инсон қадр-қимматига катта эътибор берган ва инсон зоти борки уни шаъни, ор-номуси ҳамда ҳақ-ҳуқуқларини юксак қадрлаган. Шайх Юсуф Қарзовийнинг “Ислом-инсон қалбига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлувчи ва бегуноҳ одамларга ҳужум қилишни кечирилмас гуноҳ, деб ҳисобловчи сабр-тоқат динидир”, деган фикрлари ҳам сўзимиз исботидир.

Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ