Яратилиш санаси 22.05.2021

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРДАГИ ФИРИБГАРЛИК ВА АЛДОВЛАРДАН ОГОҲ БЎЛИНГ!

Кундан-кунга ижтимоий тармоқларнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Уларнинг жамият учун ижобий жиҳатлари билан бирга, салбий таъсирини ҳам қайд этиш лозим. Кўплаб юртдошларимиз бу соҳада фойдали фаолият олиб бориб, ўзларига ҳам, жамиятга ҳам манфаат келтиришмоқда. Жумладан, фан, маданият, реклама, савдо-сотиқ, кўргазма ва илмий фаолиятлар халқаро тармоқларда олиб борилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. 

Аммо, “гуруч курмаксиз бўлмайди” деганларидек, бу соҳада ҳам одамларнинг соддалиги, ишонувчанлигидан фойдаланиб, фирибгарлик билан шуғулланувчилар топилади. Аслида, динимиз ҳар бир ишда тўғри сўз бўлишга тарғиб қилган. Тўғри сўзликнинг самараси ўлароқ – Аллоҳ таоло банданинг барча ишларини тўғирлаши ваъда қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:  “Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб сураси 70-71 оятлар).

Ижтимоий тармоқлардаги фирибгарликларни шартли равишда иккига бўлиш мумкин:

  1. Молиявий фирибгарлик.

Кейинги пайтларда халққа хизмат қилиб келаётган кўплаб хайрия фондлари “соя”сида одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, алдов йўли билан ҳаром мол тўпловчилар ҳам кўзга ташланиб қолмоқда. Масалан, ёлғондан бирор бемор кишининг суратини қўйиб, ёрдам сўралади ва пул ташлаш учун карталар жойлаштирилади. Бунга ишонган кишилар карталарга пул жўнатишади. Шундай қилиб холис кишиларнинг маблағларини фирибгарлар ўзлаштирадилар.

Гоҳида фирибгарлар ижтимоий тармоқларга турли мақсадларда ўз пластик карталарини жойлаштирган кишиларга пул ташлаб берамиз, деб махфий кодни ёки тўлиқ карта маълумотларини сўрашади, код ёки маълумотлар айтилса, карта ичидаги пулни тортиб оладилар.

Бошқа ҳолатларда сизга тўлов қилганини айтиб, ҳисобни текшириш учун ҳавола (ссылка) жўнатади. Ўша ҳаволани очиб кўрилса, сизнинг картангиздан пулни ечиб оладиган тизим ишга тушади.

Одамларни чалғитадиган жиҳати телефон қилиб маълумотларни сўрайдиган фирибгар ўзини фалон банкни хизматчисиман, деб таништириши ҳам мумкин. Бу ишларнинг барчаси замонавий фирибгарлик – ўғриликдир. 

Ўғрилик – динимизда катта гуноҳлардан саналиб, дунёда ҳам жазо тайинланган жиноятлардан биридир. Ўғрилик қадимдан барча илоҳий динларда гуноҳ ва жиноят саналган.

Катта гуноҳларга дунёда – жазо, охиратда азоб белгиланган бўлади. Катта гуноҳлар фақат тавба ва бировни ҳаққини эгасига етказиш билан ювилади.

  1. Маънавий фирибгарлик.

Бу тур фирибгарлик ижтимоий тармоқларда иқтисодий фирибгарликдан ҳам кўпроқ учрайди. Қуйида уларга тўхталиб ўтамиз:

  1. Ёлғон хабар тарқатиш.

Ҳар куни ижтимоий тармоқларда минглаб хабарлар тарқалади. Лекин шунинг ҳаммаси ҳам ишончли эмас. Баъзилари билмасдан ҳатто ёлғонга аралашса, баъзилари қасддан, қандайдир мақсадлар билан ёлғон маълумот тарқатади. Натижада улар ўзи ва ёлғонга амал қилганларнинг гуноҳини елкаларига “ортиб” оладилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят). 

Одамлардан эшитган нарсасини суриштирмай гапиравериш гуноҳ эканига кўплаб ҳадиси шарифлар далолат қилади.

  1. Қимор ва фирибгарлик ўйинлари.

Кейинги йилларда ижтимоий тармоқларда қимор ўйинлари сезиларли даражада кўпайди. Айниқса букмекерлик компанияларда футбол уйинларига пул тикиш, айрим блогерларнинг қимор ўйинларини ташкил этиши кўп кўзга ташланмоқда. Исломда қимор ўйини қатъий ҳаром қилинган! Бунга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти асос бўлган:

 “Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз” (Моида сураси 90-оят).

  1. Одамларнинг обрўларини тўкиш ва уларни бир-бирига гиж-гижлаш.

Шариатимизга кўра, ҳар бир мусулмоннинг шаъни ва обрўсини тўкиш – худди қонини тўкиш ёки молини ўзлаштириш каби, бошқа мусулмон учун ҳаромдир! Аслида турли фитналар уюштириш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш – динимизда энг катта жиноятлардан бири экани таъкидланган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган: “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир...” (Бақара сураси 217-оят)

  1. Фаҳш ва беҳаёликнинг тарқалиши 

Фирибгарлар катта даромад топиш, одамларни маънавий тубанликка тушириш, халқнинг ўзлигини емириш учун жамиятда беҳаё тасвирлар, видео-роликлар тарқатадилар. 

Шу ўринда ота-оналарга эслатиб ўтамизки, ижтимоий тармоқларда ўғил-қизларимизни “овлаш” учун “тўр” ташлаб, пойлаб турган фаҳш тарғиботчилари биз ўйлагандан кўра анча кўп. Фарзандларимизни уларнинг қўлига топшириб қўймайлик, уларга ўзимиз эга чиқайлик! Бунинг учун, чиройли тарбия бериш билан бирга, доимий назоратни ҳам унутмаслик керак! Зеро ёшлигидан фаҳш ботқоғига ботган ўғил-қизнинг келажаги мавҳумдир.

  1. Ижтимоий тармоқдаги сохта даъватчилар

Минг йиллардан бери ҳақ йўлда собит турган мусулмон жамоаси ўртасига турли хилофлар солиш, Қуръон ва суннатнинг зоҳирига ёпишиб олиб, 18 асрда пайдо бўлган “бидъат” (янги пайдо бўлган) ғоялар асосида фатволар чиқариш, янги учраган масалаларни аксариятига “бидъат” тамғасини уриш, натижада ўзини ҳам, ўзгани ҳам адаштириш ҳам – катта фирибгарликдир! 

Бундай кишилар одамларга ўзларини олим қилиб кўрсатиб, изидан эргаштириб, нотўғри томонга йўлламоқдалар. Бу дунёнинг ўзидаёқ борса-келмас жойларга жўнатишмоқда ва бузуқ эътиқод сабабли дўзахнинг ёқасига олиб бориб қўйишмоқда. Қолаверса, диний илмларни олишда, фатво олишда шахсиятлар муҳимдир. Интернет орқали, ижтимоий тармоқлар орқали диндан, шариатдан гапираётган, лекин аслида кимлиги ҳам, кимдан таълим олгани ҳам номаълум кимсалардан дин олинмайди. Чунки, фатво бу – дин демакдир!  Шариатимизга кўра эса, уни ким етказаётгани муҳимдир. Шунинг учун машҳур тобеин Муҳаммад ибн Сийрин раҳматуллоҳи алайҳи: “Бу илм – диндир. Динларингизни кимдан олаётганингизга қаранглар”, – деганлар (Имом Муслим ривоятлари).

Аброрхўжа Рашидов

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими