МАЗҲАБСИЗЛИК - ДИНСИЗЛИККА ЙЎЛ
Мазҳабсизлик – Ислом динида шаръий масалаларда умум тан олинган тўрт фиқҳий мазҳабларга эргашишни рад этиш. “Мазҳаб” сўзи арабчада “йўл”, “йўналиш”, шаръий истилоҳда эса “диний масала бўйича муайян мужтаҳид олимнинг фатво чиқариш йўли” маъноларини билдиради.
Мазҳабсизлик тарафдорлари даъвосига кўра, Исломда фиқҳий мазҳабларнинг бирига эргашиш шарт қилинмаган. Гўёки мазҳабга эргашган мусулмонлар кур-кўрона тақлид қилгани учун адашади. Исломга амал қилиш асосида фақат Қуръон ва суннат туриши лозим. Мазҳаблар эса гўёки китоб ва суннат таълимотидан кўра, мазҳаббошиларнинг ижтиҳодларига тақлид қилинишига ўхшайди. Мазҳабсизлик тарафдорлари ўзларини бир канча турли номлар билан атайдилар: салафи солиҳларга эргашиш даъвоси билан “салафийлар”, саҳиҳ ҳадисга эргашиш даъвоси билан "аҳли ҳадислар”.
Таъкидлаш жоизки, Набий алайҳиссалом ҳаётлик даврларида саҳобалар муайян шаръий масала чиқиб қолса, у зотнинг ўзларига мурожаат қилиб, ечимини топганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафотларидан сўнг саҳобалар шаръий саволлар бўйича мужтаҳид даражасида бўлган саҳобалардан фатво сўраганлар. Тобеинлар саҳобалар тутган йўлни тутиб, мужтаҳидларга эргашганлар.
Тобеинлар даврида ижтиҳодий омиллар сабаб икки асосий мактаб - райъ ва ҳадис мактаби шаклланган. Бу икки мактабда йигирмага яқин мазҳаблар шаклланиб, улардан тўрттаси: ҳанафийлик, ҳанбалийлик, моликийлик, шофеийлик сақланиб қолган ва Ислом диёрларига тарқалган. Мазҳабларнинг муайян масаладаги қарашларининг турлича экани ўзаро келиша олмасликларидан эмас, балки бир-бирларини тўлдиришлари билан изоҳланади. Тарих нуқтаи назаридан қаралса, бу тўрт мазҳаб ҳам бир-бири билан боғлиқ, мазҳаб асосчилари ўзаро бевосита ёки билвосита бир-бирларига устоз ёки шогирд бўлганлар. Шунингдек, ҳар бир мужтаҳиднинг мазҳаб тузишда ўзига хос илмий йўналиши бўлган.
Уламолар мазҳабларга эргашиш — Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадисига амал қилишдир, деб таъкидлайдилар: “Агар ихтилофни кўрсангиз, ўзингизга кўпчилик томонини лозим тутинг” (Имом Можа, 3950-ҳадис).
Мазҳаблардаги битта масалага нисбатан турлича ёндашишлик Ислом шариатида мусулмонлар учун кенг имкониятлар мавжудлигидан далолат беради. Мазҳабларда у ёки бу масала Ислом аҳкомлари, муайян жамият, халқ ёки миллатнинг урф-одатлари, қадриятлари ҳамда ижтимоий муносабатларнинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, энг маъқул шаклда ҳал қилинган.
Ислом уламолари шаръий ҳукмни ва унинг далилини билмайдиган мусулмон одам (муқаллид) мужтаҳид олимга тақлид қилиши зарурлигини таъкидлайдилар. Бунга Қуръондаги ушбу оятни далил сифатида келтириш мумкин: “...Агар билмасангиз зикр аҳлларидан сўранг” (Наҳл сураси, 43-оят).
Уламолар оят Китоб ва суннатга қайтиш шаклида эмас, балки аҳли зикрларга эргашишликка буюриш кўринишида нозил бўлганига эътибор қаратадилар.
Мазҳабларда Қуръон, суннат, ижмо ва қиёсдан далил сифатида фойдаланишнинг ўзига хос қоидалари, муайян тизим мавлжуд бўлган. Масалалар тизимли равишда ҳал бўлган. Мазҳабсизларда эса ҳеч қандай ижтиҳод усул ва қоида йўқ бўлиб, “Қуръон ва суннатга мурожаат қиламиз қабилидаги далилсиз даъво билан ҳукмлар берилмоқда. Мақсадига, раъйига ва нафсига тўғри келган далилларни олиб, қолганларини ташлаш эса ёмон оқибатларни келтириб чиқармоқда.
Бемазҳаблар омма, мусулмонлар орсида кўплаб нотўғри талқин қилинган ақидавий ва фиқҳий масалаларни тарқатмоқдалар. Ваҳоланки, бу масалалар аҳли сунна олимлари томонидан аллақачон ҳал қилинган.
Мазҳабсизлик тарафдорларининг айрим иддаоларидан уларнинг даъволари асоссиз эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин:
- бемазҳаблар: “Қуръон битта ва Пайғамбар битта бўлса, тўрт мазҳаб орасида фиқҳий ихтилофлар бор, Ҳақ битта эмасми?” дейдилар. Мазҳаблар бир манба Қуръон ва суннатга асосланади. Мазҳабларнинг бирига эргашган киши Қуръон ва суннатга эргашган бўлади;
- мазҳабсизлик тарафдорлари “Имом Бухорий бемазҳаб бўлган”, деб далил келтирадилар. Ваҳоланки, Имом Бухорий яшаган даврда у кишига ўхшаш илми ижтиҳод даражасига етган, ўзи ижтиҳод қилганлар кўп бўлган. Барча уламолар "Илми мужтаҳидликка етган одам, ўзи ижтиҳод қилади”, деганлар. Ҳозирда эса ўша даврдаги каби мужтаҳидлар йўқ эканини ҳисобга олмайдилар;
- муҳими, бемазҳаблар намозни ва бошқа барча ибодатларни фиқҳий мазҳаблардан бошқача тақдим қила олмайдилар. Балки ўзлари ҳам ушбу мазҳаблар асосида таълим олганлар. Аммо, кейинчалик, Қуръон ва суннатдан ўзларича янги ҳукмлар чиқаришга ўтиб, ихтилофларга сабаб бўлмоқдалар.
Уламолар мазҳабдан юз ўгириш салафи солиҳ йўлидан юз ўгириш бўлиб, шубҳасиз, адашишга олиб бориши ҳақида огоҳлантиради. Зеро, тўрт мазҳаб пайдо бўлгандан кейин Ислом олами тан олган забардаст олимларнинг барчалари тўрт мазҳабдан бирига эргашганлар.
Шундай экан, бир мазҳабни маҳкам ушлаб, унга амал қилиш Набий алайҳиссалом ва саҳобаи киромлар тутган йўлда юриш билан баробардир.
Исақов Олимхон
"Ҳидоя" ўрта махсус
ислом билим юрти ходими