Ислом динида жиҳод тушунчаси
Жиҳод (арабча: جهاد — ғайрат қилиш, кучни ишга солиш) — исломда муқаддаслаштирилган дин йўлида бўлган кураш. Тарихда Туркия, Кавказ ва Марказий Осиёда жиҳод кўпроқ „ғазовот“ номи билан маълум бўлган.Уламолар орасида жиҳод ҳақида турли қарашлар бор. Дастлаб жиҳод дейилганда исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Баъзилар жиҳодни „кичик жиҳод“ ва „буюк жиҳод“ қилиб иккига бўлишади. Уларга кўра, „кичик жиҳод“ Исломнинг душманлари деб қаралганлар билан жанг қилишдир. „Буюк жиҳод“ бўлса мусулмоннинг ўз нафси билан кураши ва маънавий баркамоллик йўлидаги саъй-ҳаракатидир.
Жиҳоднинг келиб чиқиш тарихи 624-йил бошларида юз берган воқеа — мусулмон аскарининг қурайш қабиласининг кичик карвонига ражаб ойида (тўрт муқаддас ойнинг бирида) ҳужум қилгани билан боғлиқ. Мушрик—қурайшийлар шу омилга урғу бериб, Муҳаммад ва мусулмонларни бутун Арабистон бўйлаб ёмон отлиққа чиқаришга, уларга қарши катта иттифоқ тузишга ҳаракат қилдилар. Шу кезларда Қуръоннинг бир неча оятлари (Ҳаж, 39; Бақара, 190; Нисо, 75) нозил бўлиб, исломда биринчи бор жиҳодга, яъни муайян ҳолларда душманга қарши кураш олиб боришга чақирилди. Ёш мусулмон давлати (Мадина) ўз чегаралари дахлсизлигини мудофаа қилиш учун куч ишлатган. Шу тарзда илк исломда жиҳод Аллоҳ йўлига, ислом динини ёйиш мақсадига бутун куч ва имкониятларни сарф қилиш маъносини англатиб келган ва баъзи ҳолларда ҳарбий куч ишлатишни ҳам тақозо этган. Шу маънода жиҳодни „муқаддас уруш“ деб талқин қилиш одат тусига кириб қолган.9-10-асрлардан жиҳод янги мазмун билан тўлдирилди: Аллоҳ йўлида ўзни такомиллаштириш тушунчаси (яъни маънавий жиҳод)га тўрт жиҳод — қилич жиҳоди, қалб жиҳоди, қўл жиҳоди ва тил жиҳоди ҳақидаги тасаввурлар қўшилди. Миллий озодлик ҳаракатлари даврида жиҳод ғоясидан мустамлакачиликка қарши курашда фойдаланилди. Умуман, ҳозирги замон мусулмон назариётчиларининг кўпчилиги жиҳодни исломни тинч йўл билан ёйиш, уни ташқи тазйиқдан ҳимоя қилиш учун мусулмонларнинг куч ва ғайратларини сафарбар этиш воситаси деб таърифлайди. Мўътадил ислом тарафдорларининг эътиқодига кўра, куч ишлатиш — „кичик жиҳод“, ҳар бир мусулмоннинг ўз нафси билан кураши ва маънавий баркамоллик йўлидаги саъй-ҳаракати эса „буюк жиҳод“ ҳисобланади. Оят ва ҳадисларга кўра, жиҳод ҳеч қачон бирор мусулмонга ёки мусулмонлар яшайдиган юртга қарши эълон қилинмайди. Аммо тарихда бир мусулмон гуруҳ иккинчи мусулмон гуруҳга қарши уруш эълон қилиш ҳоллари кўп учрайди.
Ғарбий мамлакатларда жиҳод „муқаддас уруш“ билан тенглаштирилишига қарамасдан, аксар мусулмонлар ҳарбий ҳаракатлар жиҳоднинг кичик бўлаги холос ва бундай жиҳод фақатгина ўзини ҳимоя қилиш ва ноҳақлик билан курашиш учун қилиниши керак деб ишонишади. Уларга кўра, ўзини бошқариш ва яхши ҳаёт кечириш учун қилинган ички жиҳод муҳимроқдир. Аммо баъзи мамлакатларда мусулмон фаоллар исломий ҳукуматларни ўрнатишни исташади ва улар учун жиҳод мамлакатларининг сиёсий бошлиқларини алмаштиришни ўз ичига олади. Баъзи мусулмонлар бўлса жиҳод тушунчасини ўзлари Исломга зарарли таъсир кўрсатади деб ишонган ғарбий мамлакатларда террор амалиётларни бажаришни ўз ичига олади деб талқин қилишади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким менга итоат қилса, Аллоҳ Таолога итоат қилган бўлади. Ким амирга итоат қилса, демак, менга итоат қилибди ва ким амирга осийлик қилса, демак, менга осийлик қилибди.Чунки амир – орқасидан, яъни уни ҳимоя қилиб жанг қилинадиган ҳамда у билан душмандан сақланадиган қалқондир»
Уламоларнинг хулосасига кўра, агар душман мусулмон юртига уруш очиб, бостириб кирса, барча мусулмонларга қуролли жиҳод фарзи айн, бундай ҳолат бўлмаса, фарзи кифоя ҳисобланади. Қуролли жиҳод ҳокимият раҳбари қўли остида амалга оширилади. Жиҳод ҳеч қачон қотиллик, босқинчилик, одамларни гаровга олиш, мажбуран эътиқодини ўзгартириш ёки тинч мусулмон жамиятида фитна чиқариш учун жорий қилинмаган. Аллоҳ Таоло барчамизни ози тўғри йўлга ҳидоят қилсин барчамизга аввало ўз нафсимизга жиҳод қилмоғимизни муяссар айласин.
Абдулазиз БОБАМИРЗАЕВ