ҲИЖРАТМИ ЁКИ ҒУРБАТ?
Ҳижрат ҳақидаги ғаразли чақириқларга қулоқ солган одам шариат белгилаб қўйган қуйидаги кўрсатмалардан мосуво бўлади:
1. Эркак киши турмуш қурган бўлса, ўз оиласини ташлаб кетади ва оила олдидаги ҳаққини адо этиши амримаҳол бўлиб қолади. Окибатда оиласи танг аҳволда қолиб кетади. Аллоҳ таоло Куръони каримда бундай дейди: “Эркаклар хотинлар устидан (оила бошлиғи сифатида доимий) қоим турувчилардир. Сабаб — Аллоҳ уларнинг айримлари (эркаклар)ни айримлари (аёллар) дан (баъзи хусусиятларда) ортиқ қилгани ва (эркаклар ўз оиласига) ўз мол-мулкларидан сарф қилиб туришларидир” (Нисо сураси, 34-оят).
Ушбу оятга мувофиқ эркак киши ўз оиласига масъул ва таъминоти унинг зиммасидадир. Гуноҳдан қочаман, деб юртидан чиқиб тентираб юрган эркак балки ушбу оятга амал қилолмай катта гуноҳга дуч келиши мумкин. Шунингдек, эрнинг ўз хотини олдида ҳам ижтимоий, ҳам жисмоний, ҳам молиявий бурчлари бор. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “...Улар билан тинч тотув турмуш кечирингиз..." (Нисо сураси, 19-оят).
Дарҳақиқат, Ислом ўз аёлларига нисбатан яхши муносабатда бўлган эркакларни инсонларнинг энг яхшиси қаторига қўшади. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қилганлар: “Сизларнинг ичингизда энг яхшингиз ўз аҳли аёлига нисбатан яхши муносабатда бўлганингиздир. Мен эса ўз аҳлимга сизлардан кўра яхшироқ муносабатдаман” (Имом Термизий ривоят қилган).
2. Ота-онага осий бўлиб қолади. Ҳеч бир ота-она ўз фарзандини ватангадо бўлиб хору зор яшашини истамайди. Балки унинг роҳатини кўришни истайди. Ҳатто Пайғамбаримиз жиҳодга кетмоқчи бўлган йигитни ортига қайтариб онасига хизмат қилишини буюрганлар.
3. Оила тарбиясини йўлга сола олмайди. Ўзини ўйлаб гуноҳлардан қочаман, деб кетган эркакнинг оиласи ва фарзандлари тарбияси кимга қолиб кетади?, деган ҳақли савол туғилади. Бундай дарбадар инсон ҳатто ўз оиласига диний кўрсатмаларни ҳам беришдан маҳрум бўлиб қолади. Ваҳоланки Қуръонда Аллоҳ: “Ўз аҳлингни (оилангни) намозга буюр” (Тоҳо сураси, 132-оят), деб амр қилган. Отасиз қолган фарзанд нафақат диний, балки дунёвий масалаларда боши берк кўчага кириб қолиш хавфи пайдо бўлади.
Олимхон Исақов
Билим юрти мударриси