КИМ ЎЗ ЮРТИНИ СЕВОЛМАСА, У ҲЕЧ НИМАНИ СЕВА ОЛМАЙДИ
Анчадан бери Ватан ҳақида ёзишга уринаман. Бироқ, ҳеч нарса чиқмаётганга ўхшайди. Қораламаларим қоралама ҳолида қолиб кетаверади. Ўйласам, Ватан ҳақида ёзиш жуда қийин экан. Негаки, Ватан бизга Аллоҳ томонидан берилган энг буюк неъмат бўлиб, у ҳақда ҳар қанча ёзсанг ҳам яна қайсидир жиҳатлари қолиб кетаётгандай, гўё мисралар ожиз, рангсиз, ғарибдай туюлавераркан. Ватан ҳақида айтмоқчи бўлганларинг эса, беҳисоб. Шунчалар кўпки, ҳисобдан адашиб кетасан киши...
Халқимиз одатда Ватан сўзига Она сўзини қўшиб талаффуз қилади: Она ватан. Бу Ватаннинг онадай азиз, меҳрибон, жонкуярлигига ишора бўлса керак-да. Ахир инсон учун онадан азизроқ киши борми? Жисму жон ато қилиб, яна бошимизда тунларни бедор ўтказган зотдан, а? Ўзига бори заҳматларни олиб, роҳатни фарзандига илинганини таърифлашга ҳар қанча "меҳрибон" деган сўз камлик қилмайдими? Ўзга жон учун, унинг бахти, камоли, эртанги куни деб керак бўлса, ўз жонидан ҳам кечадиган яна ким бор оламда?! Аслида эса, мана шу туйғу, тасаввур, ришта, шунча меҳрнинг ҳаммаси Ватаннинг бир парчаси, бир бўлаги холос.
– Мустақилликнинг илк йиллари эди, – деб сўз бошлади у. –Ҳали онги тўлиқ шаклланиб улгурмаган ўспирин боламан. Маҳалламиздаги бир оиланинг диндор, намозхонлигига жуда ҳавас қилардим. Кейин мен ҳам шуларга ўхшашни истаб қолдим. Устоз ҳам тез орада топилди. Мен диний таълим олишни, хат-савод чиқаришни бошладим. Бироқ, йиллар ўтиб тушундимки, исломий таълим, деб берилаётган ўша билимлар мени диндан узоқлаштириш, онгимни заҳарлаб манқуртга айлантириш, мендан ўз Ватанимга қарши қурол ясашга қаратилган экан.
Ҳа, йигит ҳақ эди. Мустақиллик туфайли юртимизда динга бўлган муносабат ўзгариб, пок Исломий қадриятлар тикланди. Одамларимиз эмин-эркин намоз ўқиб, рўза тутадиган, истаса, Ҳаж зиёратига бемалол борадиган бўлишди.
У яна бир нарсани тўғри англаб етибди: Ватанимиз озод бўлиб, ўз тақдирини ўзи белгилайдиган кунларга етишгани, энди порлоқ келажак яқинлигини кўра олмайдиган кучлар ҳали тажрибасиз, ғўр ёшлар, билимсиз кишиларни йўлдан уриш ҳаракатига тушиб қолгандилар.
Ўша пайтларда эшитганим, бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди.
Бир одам фарзандини ўша йигит айтгандай "устоз"га топширади: эти сизга, суяги бизга. Бола пастқамгина, нимқоронғи ҳужрада соқоли кўкрагига тушган йигитдан "таълим-тарбия" олишга киришиб кетади. Орадан ойлар ўтади. Бир куни ҳалиги одам фарзандига уйда қилиниши керак бўлган ишларни буюради. Шунда бола, "йўқ, мен сиз айтган ишларни қилмайман", – дейди тўсатдан. Ҳайрон қолган ота бунинг сабабини сўрайди.
–Ота бўлиб, менга нимани танитдингиз? Сиз оталикка нолойиқсиз. Шунинг учун айтганларингизни қилмайман, – деб жавоб беради бола.
Отанинг ҳолини тасаввур қиляпсизми? У ана шу алфозда "устоз"нинг олдига етиб боради.
–Мен ҳам мўмин-мусулмон одамнинг фарзандиман. Ислом дини ота-онани қандай мақомда кўришидан хабарим бор. Бизга "ота рози – худо рози", деб ўргатишган. Сиз фарзандимнинг онгини заҳарлабсиз. Отага қўл кўтаришга қодир бўлган манқуртга айлантирибсиз. Бугундан бошлаб, унинг сиздай устози йўқ, – дейди-да боласини олиб, қайтиб кетади.
Хўш, ўзларини "устози комил" қилиб кўрсатган бу кимсалар кимлар эди? Улар қандай мақсадда ёшларни йўлдан уришган? Миллийлигимиз, маънавиятимиздан нега узоқлаштирмоқчи бўлганлар?
Ҳали айтганимиздек, дунёда Истиқлолимиз ва истиқболимизни кўра олмайдиган кучлар бор. Ўзбекистон деган давлат гуллаб-яшнаса, ҳеч кимга муҳтожлик сезмай, мустақиллик йўлидан борса, минтақадан манфаат кўришни истайдиган ўша кучлар нима қилиб бўлмасин, унинг йўлини тўсишга интилишади. Турли оқим ва ғояларни ўйлаб топишади, ёшлар онгини зарарлаб, ҳудудда бўшлиқ ҳосил қилмоқчи бўлишади.
Ҳа, Ватан ҳам худди Она каби ўз фарзандининг хатоларидан изтироб чекади. Юраги зардобга тўлади. Лекин, кечиради. Муҳими, фарзанд ўз хатоларини англаб етсин. Тўғриланиш йўлини тутсин. Билим олсин, юртга наф келтирсин. Киндик қони томган шу замин билан ўзини яхлит деб билсин.
Ватанга муҳаббат сўзда эмас, амалда исбот қилинади, дейдилар. Демак, ҳар биримиз уни севиш баробарида кўз қорачиғидек асрашимиз, эъзозлашимиз, турли зарарли ғоя ва нағмалар олдида ҳамиша ҳушёр туришимиз, бир-биримизни ҳам шунга даъват этишимиз лозим. Шундагина Ватандан ризолик топамиз. Мана шу ризоликнинг ўзида не-не ҳикмат мужассам. Зеро, Ватан – онадай муқаддас маъво.
Нажмиддинов Муҳаммад
билим юрти ходими