ШҲТ МАМЛАКАТЛАРИНИНГ ДЎСТЛИГИ- ЭЗГУЛИК РАМЗИДИР
Бугунги кунда жаҳон иқтисодиётининг янги шароитида Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо мамлакатларнинг иқтисодий ҳамкорлик салоҳиятини ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқда.
15 сентябрь куни Самарқанддаги “Буюк ипак йўли” халқаро туристик мажмуаси Конгресс марказида Хитой Халқ Республикаси Раисини расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Раиси Си Цзиньпин шоҳсупага кўтарилдилар. Икки давлат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул тантанали равишда саф тортиб ўтди.
Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари аъзолари ҳам ҳозир бўлди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида давлат раҳбарлари икки мамлакат ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги ва стратегик шерикликнинг 10 йиллиги муносабати билан бир-бирини қутладилар.
Президентимиз Си Цзиньпинга мазкур ташриф арафасида чоп этилган, халқларимиз кўп асрлик ришталар билан боғланганини тасдиқловчи ва дастурий аҳамиятга эга “Хитой – Ўзбекистон муносабатларининг ёрқин келажагини биргаликда барпо этиш” сарлавҳали муаллифлик мақоласи учун чин дилдан миннатдорлик билдирди. Хитой халқи Си Цзиньпин раҳбарлигида эришаётган улкан ютуқларни қайд этиб, Хитой Коммунистик партиясининг бўлажак йигирманчи ялпи мажлиси муваффақиятли ўтишини тилади.
Хитой раҳбари, ўз навбатида, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида улкан натижалар бераётганини таъкидлади.
Хитой Халқ Республикаси Раисининг мамлакатимизга бу галги давлат ташрифи қадимий Буюк ипак йўлининг чорраҳаси бўлган Самарқандда амалга оширилаётганида ҳам чуқур размий маъно бор. Бу давлатларимиз ўртасидаги алоқалар бир неча асрлик тарихга эга эканлиги ва ўзаро ишонч, ҳурматга асосланганидан далолатдир. Яна бир эътиборли жиҳати, мазкур ташриф ҳамда давлатларимиз асосий ташкилотчиларидан бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг бу галги саммити яқинда бунёд этилган ва илк бор мана шундай нуфузли халқаро анжуманга мезбонлик қилаётган “Буюк ипак йўли” туристик мажмуасида ўтказилмоқда.
Етакчилар Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришнинг муҳим йўналишларини атрофлича кўриб чиқдилар.
Олий даражадаги мунтазам мулоқотлар туфайли давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кенгайиб бораётгани қайд этилди.
Хусусан, ўтган йилда товар айирбошлаш рекорд кўрсаткич – 8 миллиард долларга етди, жорий йил бошидан буён эса 30 фоиздан ортиқ ўсди.
Охирги беш йилда Ўзбекистон иқтисодиётига Хитой томонидан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди. Кенг кўламли иқтисодий ҳамкорлик бўйича беш йиллик дастур, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари ва ижтимоий соҳада қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, бунда электрон тижоратни ривожлантириш, саноат кооперацияси бўйича, энг аввало, автомобилсозлик, “яшил” энергетика, қишлоқ хўжалиги ва инфратузилма каби соҳаларда илғор лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги қайд этилди.
Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш, ҳудудларни ривожлантириш ва профессионал кадрлар тайёрлаш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда жорий этишни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Икки томонлама учрашув ва музокаралар якунлангач, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Беларусь Республикаси Президенти Александр Лукашенко, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказида дарахтлар экди.
Шарқ халқлари қадриятига кўра, дарахт экиш – хайрли иш. Мамлакатларимиз етакчилари биргаликда эккан дарахтлар ҳам ШҲТ мамлакатларининг дўстлиги, яхши қўшничилиги, тараққиёт ва равнақ сари муштарак интилишлари рамзидир.
2021 йил якунларига кўра, ШҲТга аъзо давлатлар ташқи савдосининг ўсиши 33 фоизга кўпайиб, 8 триллион доллардан ошди. Аъзо давлатлар ўртасидаги ички савдо айланмаси қарийб 40 фоизга ўсиб, 768 миллиард долларни ташкил этди (МОХИ маълумотлари). Бу кўрсаткичлар, айниқса, ЯИМ 50-100 миллиард долларгача бўлган аъзо мамлакатлар учун янги имкониятлар очилиши мумкинлигини англатади.
Мамлакатимиз инвестиция имкониятларини ошириш ШҲТ аъзолари ўртасида капитал алмашинувини янги босқичга кўтариш, ушбу масала бўйича масъул вазирлик ва идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш, икки томонлама манфаатларни рўёбга чиқариш ва иқтисодий ислоҳотларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ўзбекистоннинг "иқтисодий" ташаббуслари қаторида ШҲТ ишбилармонлар кенгаши доирасида ўзаро сармояларни илгари суриш бўйича глобал молиявий-иқтисодий таҳликаларни юмшатишга қаратилган қўшма ҳаракат режасини ишлаб чиқиши турмуш даражаси кескин пасайиб кетишининг олдини олиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва иқтисодий юксалишга эришиш ҳисобидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш чора-тадбирларини қамраб олади.
Саммитда ШҲТнинг минтақалараро савдони ривожлантириш дастури имзоланиши режалаштирилган. Бунда ҳар бир аъзо мамлакатнинг ички имкониятлари ва ташқи ҳамкорлик омиллари нафақат ўзаро савдо-сотиқни, шу билан бирга, миллий ишлаб чиқариш йўналишларининг трансформация қилинишига эришиш мумкин бўлади. Натижада ўзаро савдо-сотиқнинг товарлар ва хизматлар номенклатураси кенгайиши, таркибининг янада янгиланиши ва пировардида ташкилот барча аъзоларининг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, ШҲТга аъзо давлатлар фаровонлигини ривожлантириш учун Ўзбекистон томонидан саноат кооперациясини рағбатлантириш бўйича таклиф этилган дастурнинг қабул қилиниши иқтисодиётнинг таркибий тузилишида ўзгаришларни таъминлаб, ишга солинмаган ишлаб чиқариш салоҳиятини юзага чиқариш, иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини яратиш, янги иш ўринларини барпо этиш, жумладан, хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини янги поғонага кўтариш ҳамда учинчи мамлакатларга қўшимча қийматли маҳсулотлар экспорти таркибини кенгайтириш имконини беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, ШҲТга аъзо давлатларнинг асрлар давомида "Буюк ипак йўли" билан бирлашган, Шарқдан Ғарбга ва Ғарбдан Шарққа товарлар ва хизматлар айирбошланувини таъминловчи транспорт артериясини шакллантириш ва ишга тушириш ўзаро боғлиқликдаги улкан салоҳият мавжудлигини реал воқеликка айлантиради. Бу йўналишда Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўл алоқаси лойиҳасини амалга ошириш жуда истиқболли ҳисобланади.
Шу билан бирга, замонавий шароитда Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлиги ташаббусини, шу жумладан, Термиз – Мозори-Шариф – Қобул – Пешовар темир йўлини қуришни фаол равишда илгари сурмоқда. Бу нафақат ШҲТга аъзо давлатларнинг логистика имкониятларини кенгайтиради, балки Афғонистонни тинч йўл билан қайта қуриш ва Шимоли-Жанубий йўналишдаги савдо-иқтисодий алоқаларни ҳам кенгайтиришга хизмат қилади.
ШҲТга аъзо давлатларнинг ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш ва самарали транспорт логистикасини яратиш учун концептуал лойиҳаларни амалга ошириш учун Ўзбекистон томонидан таклиф этилган “йўл харитаси”ни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу ШҲТга аъзо давлатларнинг транспорт ва транзит салоҳияти ошишига имкон яратади, савдода янги бозорларни қамраб олиш географиясини кенгайтириш, янги бозорлар учун ишлаш таъсирида ишлаб чиқариш турларининг ривожланишига туртки бўлади. Натижада техник-технологик ҳамкорлик кучайиб, иқтисодий алоқаларнинг янги ва кенгайтирилган замонавий турлари қарор топади.
Хулоса қилиб айтганда, ШҲТ аъзо давлатлар раҳбарлари томонидан тасдиқланадиган бир қатор концептуал ҳужжатларнинг аҳамияти ва сонини ҳисобга олган ҳолда, саммит натижалари ШҲТ фаолиятида янги даврни бошлаб беради.
Алишер Анваров
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси