Қуръон ўқувчилар учун энг афзал вақтлар - кечасидир
Аллоҳ таоло айтади: «Аҳли Китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Аллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри (йўлдаги) жамоат ҳам бор. (Ўша зотлар) Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалга буюриб, исён-гуноҳданқайтарадилар ва яхшиликлар қилишга шошиладилар. Анна ўшалар солиҳ бандалардир». (Оли – Имрон , 113-114) Расулуллоҳ Соллалоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Эй Абдуллоҳ, кечалари намоз ўқиб юриб сўнгра уни тарк қилган фалончи каби бўлмагин».
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Мўминнинг шарафи – кечаси қоим бўлишлигидадир». (Имом Табароний ва бошқалар ривояти)
Иброҳим Нахаъий шундай дер эдилар: «Қўй ёки эчкиларни соғиш сизларни чарчатиб қўйса ҳам, кечаси Қуръондан тиловат қилинглар». Язид Раққоший айтадилар: «Агар мен ухласам, сўнг уйғонсам (Қуръон тиловат қилсам) ва яна уйқуга ётиб ухласам, икки кўзим ухламайди». Кечалари намоз ўқиш ва қироат қилишнинг афзал кўрилишига сабаб шуки, кечаси қалб тинч ҳолатда, ҳар хил чалғитувчи, фитнага солгувчи нарсалардан узоқ бўлади, инсон дунё ташвишларидан бўшаб Роббисига сиғинади ва бундай ҳолда риё ва амалларни ҳабата (бекор) қилгувчи иллатлардан асраниши осонроқ кечади. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг энг катта мўъжизаларидан бўлмиш Исроъ ва Меърож воқеалари ҳам кечаси содир бўлган эди.
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Раббингиз ҳар кечаси туннинг ярми ўтганида дунё осмонига тушиб шундай дейди: «Бирор дуо қилгувчи борми, мен унга ижобат қиламан…» Шуни билингки, кечаси қоим бўлиш ёки Қуръон қироат килиш фазилати оз амални кўпайтиради. Лекин бутун тунни қоим ҳолда ўтказишга одатланиш, унга қийинлик қилади, у бу ишда давомли бўла олмай, ўз нафсига ҳам зарар етказиши мумкин.
Туннинг маълум бир қисмини қоим ўтказиш тўғрисида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ривоятида: «Кимки (кечаси) Қуръондан ўн оят ўқиса, «ғофиллардан эмас» деб ёзилади, кимки юз оят ўқиса, «тақводор-ихлосли бандалардан» деб ёзилади».
Қуръонга катта масъулият билан қараш, уни унутиб юборишдан огоҳлантириш ҳақида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу Набий солаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Қуръонни такрорлаб туринглар, Аллохга қасамки, у ўз арқонига боғлаб қўйилган туядан ҳам кўра қочгувчироқдир». Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Кимки кечаси белгиланган вазифасини бажармай ухлаб қолса, ва уни бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиса, ҳудди кечаси ўқиганлик савобига эга бўлади».
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: «Кимки кечаси белгиланган вазифасини бажармай ухлаб қолса, ва уни бомдод ва пешин намозлари орасида ўқиса, ҳудди кечаси ўқиганлик савобига эга бўлади»
Султонмаҳмудов Абдулмажид
Билим юрти ўқитувчиси