ИЛМ ИККИ ДУНЁ САОДАТИ
Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарз қилиниши бежизга эмас. Фарз деган сўзнинг маъносини “қўйилган шарт” деб билиб, то уни амалга оширмагунимизча ўз мақсадимизга ета олмаймиз, деб англамоғимиз зарур. Худди овқат емаса, сув ичмаса, инсон саломатлигига футур етганидек, илм бўлмаса, унинг маънавиятига ва ҳаётга бўлган муносабатига футур етади.
Ҳозирда ҳам аввалгидек илм ўрганиш юртимиз тараққиёти ва ватандошларимиз учун жуда долзарб маъно касб этади. Бу ерда илмдан мақсад ўқиш ва ёзишни ўрганиб олиш билан кифояланиш эмас, балки шу юртнинг ҳар бир фарзанди ўз соҳасида етук даражадаги мутахассис бўлиб етишиши ва ўз ҳаётида унинг ижобий таъсирини ҳис этиши ва ўзгалар жонига оро киритишидир.
Абулвалид Божий (раҳматуллоҳи алайҳ) фарзандларига васият қилиб бундай деган: “Илм ўз эгасини фақат саодатга етаклайди.
Унинг ками ҳам фойда беради, кўпи эса юксалтиради. У доимо кўпаядиган кондир. Сарфлаш билан камаймайди, тортиб олинишидан қўрқилмайди, уни ўғирлатишдан хавфсирамайсан.
Шунинг учун уни эгаллаш йўлида жидду жаҳд қилинглар, таҳсил олиш чоғида дуч келган қийинчиликларни роҳат деб билиб, илм учун тунларни бедор ўтказинглар”.
Ибн Ҳазм айтади: “Агар илм билан машғул бўлишнинг бекорчи ўй-хаёллардан чалғитиш дан, фойдасиз ва бемаъни ишларга тўсиқ бўлишдан бошқа фойдаси йўқ, деб фараз қилинса ҳам, шунинг ўзи унинг ёмонликка қарши қалқон эканини кўрсатади. Энди унинг ҳақиқий самараси, фазилатини ўзингиз ўйлаб кўраверинг!”
Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу): “Илм излаётган пайтимда қийналдим, кейин азиз бўлдим”, деган экан («Иҳёу улумиддин», Имом Ғаззолий). Бундан кўриниб турибдики, илм бу дунёда азизлик, охиратда шарафга сабаб бўлар экан.
Олимхон Исақов
Билим юрти ўқитувчиси