УЛУҒ ЗОТЛАР ИЛМ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА
Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) Кумайлга: «Илм молдан яхшидир, у сени муҳофаза қилади, молни эса сен қўриқлайсан. Илм ҳоким, мол маҳкумдир. Мол нафақа қилиш билан камайса, илм зиёда бўлади», деган.
Али (розияллоҳу анҳу) яна айтади: «Олим киши кечалари қойим, кундузлари рўзадор Аллоҳ йўлидаги кишидан афзалдир. Олим вафот этса, Исломда бир ёриқ пайдо бўлади. У ёриқни фақат олимнинг ўринбосаригина тўлдиради». Абдуллоҳ ибн Муборакдан: «Комил инсонлар кимлар?» деб сўрашганда у зот: «Олимлар», деб жавоб берди. Яна: «Подшоҳлар ким?» деб сўрашди. «Зоҳидлар», дея жавоб қилди. «Пасткашларким?» деган саволга эса: «Дин номидан дунё ейдиганлар», деб жавоб берди.
Ибн Муборак олимлардан бошқасини комил инсон демади. Чунки инсонни ҳайвонлардан ажратиб турадиган асосий хусусияти ақл бўлса, ақлни пешлайдиган нарса илмдир. Инсон нима билан шарафли бўлса, ўша нарса туфайли инсондир. Унинг афзаллиги жисмоний қувватида эмас. Зеро, туя инсондан анча бақувватдир.
Жисмнинг катталиги билан ҳам афзал эмас, зеро, фил ундан каттароқдир. Афзаллик шижоат билан ҳам ўлчанмайди, чунки йиртқич ҳайвон ундан кўра шижоатлироқдир. Еб-ичиш билан ҳам афзал эмас, ҳўкизнинг қорни уникидан каттароқ.
Демак, инсон фақат ўз ақли ва илми билан бошқа жонзотлардан ажралиб туради. Зеро, унинг бу дунёда яратилганидан асосий мақсад Раббисини таниб, ибодат қилишидир. Раббисини таниш учун илм ўрганиши лозим. Ҳакимлардан бири айтади: “Мен икки кишига ачинганимчалик бошқа ҳеч кимга ачин маганман: илмни тушунмасдан туриб ўрганган кишига, илмнинг муҳимлигини тушуниб, уни ўрганмаган кишига”.
Муоз ибн Жабал (розияллоҳу анҳу) илм ўрганиш ва ўргатиш ҳақида айтади: “Илм ўрганинглар, зеро, уни ўрганиш Аллоҳдан қўрқиш, уни талаб қилиш ибодат, музокараси тасбеҳ, уни излаш бамисоли жидду жаҳд қилиш, билмаганга ўргатиш садақа, уни ўз аҳлига билдириш Аллоҳга яқинлик ҳосил қилишдир.
Илм танҳоликда ҳамроҳ, хилватда дўст, тўғри йўл кўрсатувчи далил, хурсандлигу хафалик пайтида кўмакчи, дўстлар олдида вазир, бегоналар олдида яқин дўст ва жаннат йўлининг машъали дир. Аллоҳ илм билан қавмларни юксалтириб, етакчи қилиб қўяди. Улар одамларни яхшиликка етаклайди, бошқалар уларнинг изидан юради, қилган ишлари эътиборли бўлади”.
Яҳё ибн Муоз: “Олимлар Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) умматларига ота-оналаридан ҳам меҳрибондир”, деди. “Нима учун?” деб сўрашди. “Ота-оналар фарзандларини дунё оташидан ҳимоя қилади, олимлар эса уларни охират олови – жаҳаннамдан муҳофаза етади”, деб жавоб берди
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси