БИЗ ЁШЛАРНИНГ ВАЗИФАМИЗ
Мамлакатимиз, халқимиз олдида турган олий мақсадларга эришиш Ватанимиз келажаги, аввало, ёшларимизга, уларнинг ҳар томонлама баркамол инсонлар бўлиб вояга етишига боғлиқ. Бугун ёшлар Республикамиз аҳолисининг ярмидан кўпроғини ташкил қилади. Шу боис мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини, жамият ва давлат қурилишида, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол иштирокини тўла таъминлаш борасида зарур ҳуқуқий асослар яратилди. Кўрсатилаётган бундай юксак эътибор ва ғамхўрлик учун биз ёшлар муносиб жавоб қайтаришимиз лозим.
Шу ўринда Наманган шаҳримиздаги “ҲИДОЯ” мадрасасида таълим олаётган талабалардан бир нечаларини эслаб ўтмай иложимиз йўқ. Талабалардан Ворисов Аҳмаджон Тошкентда бўлиб ўтган халқаро "Қуръон" мусобақасида иштирок этиб, фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Бундан ташқари 2022 йилда Республикамизда барча мадрасалар, Тошкент Ислом институти талабалари ўртасида бўлиб ўтган фан олимпиадасида Абдурағимов Хуршеджон фахрли 3-ўринни олиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланди.
Яна шундай мадрасалараро ўтказилган "Баркамол авлод" спорт мусобақасида Қодиров Хумоюнмирзо Тош кўтариш бўйича фахрли 3-ўринни эгаллаб, қимматбаҳо совғалар медални қўлга киритди.
Бу ютуқларнинг, ёшларимиз ғалабасининг асосий сабаби юртбошимизнинг биз ёшларга бераётган юксак эътиборларининг, ғамхўрлигининг ижобий самарасидир.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йил «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» деб эълон қилинишида ҳам ана шундай улкан, доимий ғамхўрлик мужассамдир.
Бизнинг қадимий тарихимиз, бой маънавиятимиз, оламшумул, маданий меросимиз бугун қўлга киритган ютуқларимизнинг, эртага эришижак ғалабаларимизнинг ҳаётбахш асосидир.
Биз улкан тарих, улкан цивилизация яратган улуғ аждодларнинг қонуний ворисларимиз. Боболаримиз, момоларимизнинг умумжаҳон тараққиётига беқиёс ҳисса қўшгани жаҳондаги маданиятли ва маърифатли халқлар томонидан мудом миннатдочилик билан эътироф этилади. Ана шундай аждодларни эсламаслик, уларнинг фаолиятига муносиб баҳо бермаслик, улар ишини давом эттирмаслик, доно ўгитларига амал қилмаслик ўзлигимизни унитиш, маънавий гумроҳликдир. Ўтмиш тарихимизнинг нурли саҳифаларини эхтиром билан ёдга олиш, ўтганларнинг руҳини шод этиш биз ворисларнинг вазифамиздир. Айни пайтда у руҳий мадад, маънавий таскин, эртанги кунга ишонч ва рағбат манбаидир.
Биз бугун тараққиётнинг катта йўлига чиқиб олдик. Бинобарин, энди миллат сифатида ҳар томонлама етук ва бақувват бўлишимиз, шу асосида буюк давлат, адолатли жамият барпо этишимиз керак. Ватанимизнинг кўз қорачиғидай асраб-авайлашга хамиша тайёр, бу муқаддас фарзандлик бурчимизни шараф ила адо этмоққа доимо қодир бўлмоғимиз шарт.
Исоқхўжа ТУРСУНОВ
"Ҳидоя" ўрта-махсус ислом
билим юрти ходими