ИЛМ ОЛИШДА ТЎҒРИ НИЯТЛИ ВА ИХЛОСЛИ БЎЛИШ
Маълумки, илм олиш энг улуғ неъмат ва ибодатлардан биридир. Албатта, бошқа ибодат ларда бўлгани каби бу улуғ ибодатда ҳам ният муҳим ўрин тутади. Келинг, ният, унинг фазилати ва аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтайлик. “Ният” сўзи арабча бўлиб, луғатда қайсидир ишни бажаришга қасд қилишни англатади. Истилоҳда эса бирор ишни қилишда Аллоҳ таолога яқинлашишни ва унга тоатни ва ихлосни қасд қилиш назарда тутилади.
Салафи солиҳларимиз: “Дунёдаги энг азиз нарса бу ихлосдир”, дер эдилар. Нима учун ихлос энг азиз нарса, деган саволга жавоб топиш учун, аввало, ихлос ўзи нима эканини билиб олишимиз лозим.
Баъзи одамлар ихлос деганда инсон ўзига ўзи: “Мен холис Аллоҳ учун илм ўрганишни ният қилдим”, дейишини тушунадилар. Фақат тилдагина ният қилиш тўғри эмас. Бундай инсон худди олдида турган егуликларни ейиш ўрнига шунчаки тили билан, “ейишни ният қилдим”, деб ўтирган оч одамга ўхшайди. Мисолимиздаги овқатни ейилмагани қанчалик рост бўлса, “Мен холис Аллоҳ учун илм ўрганишни ният қилдим”, деб тил билан ният қилганларнинг ихлослари йўқлиги ҳам шунчалик ҳақиқатдир.
Аслида ихлос тил билан айтиладиган бир неча сўзлар жамланмаси эмас. Ихлос банда ва Аллоҳнинг ўртасидаги сир бўлиб, бошқа ҳеч ким унинг ҳақиқатини кўра олмайди. На фаришта ва на шайтон. Чунки ихлос тилнинг эмас, қалбнинг иши. Қалбда нима борлигини эса фақат ва фақат Аллоҳ таологина била олади.
Ихлос бу инсон бирор-бир иш қилаётган вақтида ўша иши орқали фақат ва фақат Аллоҳ таолонинг розилигини мақсад қилишидир. Бунга бошқа нарсалар шерик бўлиши мумкин эмас.
Агар бошқа нарсалар ҳам шерик бўлса, Аллоҳ таоло бундай ишни қабул қилмайди.
Мадмусаев Содиқжон
“Ҳидоя“ ўрта махсус ислом билим
юрти Ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари