Исломда фарзанд тарбиясига эътибор
«Тарбия» сўзи арабча «робба» феълидан олинган бўлиб, ўстирди, зиёда қилди, риоясига олди, раҳбарлик қилди ва ислоҳ қилди маъноларини билдиради. Мусулмон уламолар «тарбия»ни бир неча хил таъриф қилганлар. Жумладан, имом Байзовий қуйидагича таърифлайди: «Тарбия бир нарсани аста-секин камолига етказишдир». Роғиб Асфиҳоний тарбияни қуйидагича таъриф қилади: «Тарбия бир нарсани бир ҳолдан иккинчи ҳолга ўтказа бориб, батамомлик нуқтасига етказишдир. Тарбиянинг маъноларидан бири, инсоннинг диний, фикрий ва ахлоқий қувватларини уйғунлик ҳамда мувозанат ила ўстиришдир». Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота-онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр — берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чикади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди.
Абу Зайд роҳматуллоҳи алайҳи: «Одоб фазилатлардан бирига элтувчи яхши уринишга ишлатиладиган исмдир», — деганлар. Одобнинг таърифида қуйидагига ўхшаш гаплар ҳам келган: «Мақтовга сазовор сўз ва амални қилиш одобдир». «Карамли ахлоқларни ушлаш одобдир». «Ўзингдан каттани улуғлаб, ўзингдан кичикка меҳр кўрсатишинг одобдир».
Бу ва шунга ўхшаш таърифлар тўпланганда Исломда кўзланган «одоб» таърифи юзага келади.
Ҳозирги кунда ғарб маданияти таъсирида «одоб» ни маданият дейиш ҳам жорий бўлган. Мисол учун, «овқатланиш одоби» дейиш ўрнига «овқатланиш маданияти» дейилади.
Одоб масаласини инсоният тарихида тўлақонли равишда Ислом бошлаган, десак муболаға қилмаган бўламиз. Исломда кишининг ҳаётидаги ҳар бир нарсанинг ўз одоби бор. Дунёдаги одобга бағишланган асарларнинг асосини ва кўпчилигини Ислом халқлари вакиллари томонидан ёзилган асарлар ташкил қилади, деган гапда заррачамуболаға йук.
Аввало тарбия ва одоб масаласида ота-онанинг ўзи болаларга яхши намуна бўлиши керак.
Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирганларида онам мени чақириб: «Бери кел, бир нарса бераман», — деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Нима бермоқчисан?» — дедилар. «Мен унга хурмо бермоқчи эдим», — деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: «Аммо, агар унга ҳеч нарса бермаганингда, сенга ёлғон ёзилар эди» — дедилар». Ушбу ҳадиси шарифда онанинг бир оғиз гапида ҳам бола тарбиясига катта таъсир қиладиган омил борлиги уқтирилмокда. Одатда оналар болаларини гапларига киргиза олмасалар, алдашга ўтадилар. Бирор нарса бериш ваъдаси ила алдаб, ушлаб олиб, калтаклашга тушадилар. Аслида эса, шу ишлари билан болаларининг тарбиясига зарар етказаётган, уларга ёмон намуна кўрсатаётган бўладилар. Ҳар бир бола учун унинг ота-онаси дунёдаги энг улуғ кишилар бўлади. Бола ота-онасига тақлид қилади ва улардан ўрнак олади. Ана ўша боланинг назаридаги энг улуғ ва ўрнак олишга сазовор инсон уни алдагандан кейин, болада, мен ҳам шундай қилсам бўлар экан, деган тушунча пайдо бўлиши табиий. Шунинг учун ҳам ота-она болаларига доимо яхши ва гўзал ўрнак бўлишлари лозим. Барча яхши сифатларни намойиш қилиб, барча ёмон сифатлардан узокда бўлишлари керак. Ота-она болаларига шахсий намуна кўрсатишлари билан бирга, уларга одобларни қунт билан, зерикмасдан ўргатиб боришлари зарур. Чунки ота-онанинг болаларга берадиган нарсалари ичида энг қимматлиси ва зарурийси одобдир.
Яна ўтирган жойида туфламаслик, бурун қоқмаслик, бошқаларнинг олдида эснамаслик, бировга орқа ўгириб ўтирмаслик, бир оёғини иккинчисига чалиштириб ўтирмаслик, кафтини жағи тагига қўймаслик, билаги билан бошини суямасликка одатлантириш лозим. Чунки булар дангасалик белгисидир. Унга қай ҳолатда ўтириш ўргатилади, кўп гапириш беҳаёликка далолат қилишини, у пасткашлар фарзандларининг иши экани билдириб қўйилади.
Яна унга хоҳ рост, хоҳ ёлғон бўлсин, бирданига қасам ичиш ҳам ман этилади, сабаби у қасам ичишга кичкиналигидан одатланиб қолмасин. Олдин гап бошлашдан қайтарилади. Фақат жавоб қайтаришга ёки саволга яраша гапиришга одатлантирилади. Ўзидан катта киши гапирган пайтда эътибор билан тинглаш, ўзидан юқори киши учун ўрнидан туриш, унга жойни бериш, унинг олдида уялишга ўргатилади. Беҳуда ва хунук сўзларни айтиш, лаънатлаш, сўкиш, тилларида доим хунук сўзлар бўладиган болаларга қўшилишдан қайтарилади. Чунки бу одатлар ёмон дўстлардан шубҳасиз унга ўтади. Болаларга одоб беришнинг асли ҳам уни ёмон дўстлардан сақлашдир.
Боланинг улғайиши яхши бўлса, балоғатга етган вақтда бу сўзлар унга таъсир қилувчи, фойдали, қалбида гўё тошга нақш ўрнашгандай мустаҳкам жой олади. Агар боланинг улғайиши бунинг акси бўлиб, у ўйин, ёмонлик, беҳаёлик, таом ва либос очкўзлиги, зийнат, фахрланишга (мақтанчоқликка) ўрганиб қолса, унинг қалби ҳақиқатни қабул қилишдан деворнинг тупроқдан узоқлигига ўхшаш узоқлашиб кетади. Ишларнинг энг муҳими тарбияга эътибор беришдир, чунки бола фитратан яхшилик ва ёмонликларни баравар қабул қилувчи этиб яратилгандир. Албатта ота-оналари уни икки тарафнинг бирига мойил қилишади.
Ривожитдин Насритдинов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий масалалар бўйича
мудир ўринбосари