Ҳанафий мазҳабида фотиҳадан кейинги “омин” овоз чиқармасдан айтилади
Тўрт мазҳаб уламоларининг наздида намозда Фотиҳа сурасидан кейин “Омин”ни айтиш суннат ҳисобланади. Ҳанафий ва моликий мазҳабида “Омин” овоз чиқармай айтилади. Бунга қуйидаги маълумотлар далил қилиб келтирилади:
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
“Қачон имом: “Ғойрил мағдууби алайҳим ва ладдooллийн”, деса: “Аамийн”, денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Ҳанафий ва моликий мазҳабида намозхон “омин”ни овоз чиқармай, ўзи эшитадиган даражада айтади. Бунинг ҳукми барча фиқҳий китобларимизда баён қилинган.
“Намоз ўқувчи Фотиҳа сурасини қироат қилиши фориғ бўлса, “Омин” дейди. “Омин” дейишдаги суннат махфий қилишдир. “Муҳит” китобида ҳам шундай баён қилинган. Ёлғиз намоз ўқувчи, имом ҳамда Фотиҳа сурасини эшитган муқтадий “Омин”ни айтади” (“Фатовои Ҳиндия” китоби).
Ҳанафий ва моликий мазҳабида “Омин”ни махфий айтиш суннатлиги айтилган бўлса, шофеий ва ҳанбалий мазҳабларида жаҳрий (овоз чиқариб) айтиш суннатлиги таъкидланган.
Шофеий ва ҳанбалий мазҳаб уламолари ўзларининг сўзларига қуйидаги ҳадисларни ҳужжат қилиб келтирганлар.
Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон имом "Омин” деса, сизлар ҳам “Омин” денглар. Чунки кимнинг сўзи фаришталар сўзи билан мувофиқ келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).
Бу хадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам иқтидо қилувчилар “Оминни имомнинг “Омин”ига қўшиб айтишларини айтмоқдалар. Бу эса орқадагилар имомнинг “Омин''ини эшитганликларига далолат қилади.
Олимхон Исақов
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси