Яратилиш санаси 07.10.2022

Ҳанафий мазҳабида фотиҳадан кейинги “омин” овоз чиқармасдан айтилади (давоми)

Бошқа бир ривоятда Ҳазрати Умар розийаллоҳу анҳунинг ҳам “Омин”ни ичларида айтиб намоз ўқганлари таъкидланади.

Ҳанафий уламолар худди шу маънода, бошқа саҳобаи киромларнинг ривоятларини ҳам келтирганлар.

Уламоларимиз “Омин”ни махфий айтиш мандуб эканлигига ояти каримадан далил келтирадилар. Унга кўра “Омин” лафзи дуодир. Унинг маъноси “Ижобат қил”, яъни “Дуони қабул қил”, демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган:“Раббингизга зорланиб ва хуфёна (овозсиз) дуо қилингиз! Зеро, У (дуода ва бошқада) ҳаддан ошувчиларни ёқтирмагай” (Аъроф сураси, 55-оят).

Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай дейдилар: “Дуонинг яхшиси махфийсидир” (Ибн Ҳиббон “Саҳиҳ”да ривоят қилган).
Демак, “Омин”ни ичимизда айтсак, мазкур оят ва ҳадисларга амал қилган бўламиз.

“Омин” лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқиганимизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса-да, “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “Омин"ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!

Намоз жуда ҳам улуғ ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вақт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зотнинг ҳар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган. Агар “Омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, у зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч қандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб омин деганларидан бошқа ҳеч бир далил йўқ. Айнан имомга иқтидо қилган кишиларнинг “Омин”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.

Олимхон Исақов 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси