Яратилиш санаси 18.10.2022

ДАВЛАТ ТИЛИГА НИСБАТАН ЭҲТИРОМДА БЎЛАЙЛИК 

Тил ҳар бир миллатнинг кўзгуси, унинг ҳақиқий сарчашмасидир. Тил бор экан, миллат барҳаётдир. Тилни Онага қиёсланиши бежиз эмас, инсон ўз онасини кўрмасдан, унинг соф муҳаббатини, меҳрини туймасдан яшай олиши мумкин эмас. Бу фикримизнинг исботи сифатида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқини келтиришимиз мумкин: «Кимда-ким ўзбек тилининг бор латофатини, жозибаси ва таъсир кучини, чексиз имкониятларини ҳис қилмоқчи бўлса, мунис оналаримизнинг аллаларини, минг йиллик достонларимизни, ўлмас мақомларимизни эшитсин, бахши ва ҳофизларимизнинг сеҳрли қўшиқларига қулоқ тутсин».
1989 йил 21 октябрь… Aйнан шу кунда ўзбек тилининг ҳақиқий жозибасини англашни бошлашга имконият берилди. Ўзбек миллати учун дунёга туйнук очилди.
2020 йил 21 октябрь… Роппа-роса ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигига 31 йил тўлди. Хўш, мана шу давр мобайнида ўзбек тилининг ҳақиқий жозибаси, унинг гўзаллигини дунёга танитиш учун қандай ишлар амалга оширилди?
Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ўзбек тили мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Ўзбек тили ҳақидаги қонун қабул қилинганидан сўнг барча давлат ҳужжатлари ўзбек тилида юритила бошланди, газета ва журналларнинг ўзбек тилида чоп этилиши йўлга қўйилди. 1993 йил 2 сентябрда «Лотин тилига асосланган ўзбек алифбосини тузиш тўғрисида»ги қонун қабул қилингандан сўнг, мамлакатимиз ҳар томонлама ривожланди ва жаҳон коммуникация тизимидан муносиб ўрин эгаллашига йўл очди. Шу ўринда статистик маълумотларга эътибор қаратсак: дунёда 5600 дан ортиқ тиллар мавжуд бўлиб, бундан 200 тасигина давлат тили сифатида қабул қилинган. Уларнинг орасида ўзбек тилининг борлиги унинг нақадар соф, мукаммал, пурмаъно ва жозибадорлигининг ёрқин далилидир. Россиялик тилшунос олима, профессор A. М. Козлянина «Ўзбек тили нафис ва мусиқа оҳангидек жозибадор» деб бежиз таъкидламаган эди.
Лекин, шу ўринда савол туғилиш табиий: наҳотки ўзбек тили бирор бир жойга ном қўйиш учун ҳам яроқли бўлмаса?! Aфсус, барчамизга маълумки, кўчаларда дўконлар, супермаркетлар, турли хил устахона шохобчалари, гўзаллик салонлари, турли хил осмонўпар бинолар, боғчаларга қўйилган номлар ўзбек тилида эмас балки, бошқа хориж тилларида ёзилганлигининг гувоҳи бўлишимиз мумкин. Бу ҳақиқатни исботлаш учун сиз улкан бир илмий изланиш қилишингиз шарт эмас, айнан кўчага отланиб туриб, қўлингизга қалам ва ручка олган ҳолатда чиқсангиз кифоя. Нақадар ачинарли ҳолат бўлишига қарамай, биз бунга кўникиб яшаб келмоқдамиз! Aхир биз Ўзбекистонда яшаяпмиз-ку, нима учун унда жой номларини ўзбек тилида номлай олмаймиз? Бунинг учун ким айбдор: давлат органларими ёки ўзбек миллатими? Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда осмонўпар бинолар қурилаётган бўлишига қарамасдан, уларнинг номи ҳали-ҳамон инглиз тилида эканлиги ҳақида билдирилган турли хил фикрларга дуч келишимиз мумкин. Мисол учун уларнинг бирида ёзилишича, Тошкент шаҳрининг марказида қурилган “Nest one” деб номланган турар жой биносининг номи ўзбек тилида эмас, айнан инглиз тилида! Ваҳоланки, бу бино Ўзбекистонда, айнан ўзбеклар томонидан (инглизлар эмас!) қурилган-ку! Шунингдек, ижтимоий тармоқларнинг бирида ёзилган мақолада мана бу сўзларни ҳам учратишимиз мумкин: “Хуллас, бунёдкори ўзбекми, унинг дастхати қурган биносида яққол кўриниши керак ва бу ўша қурувчининг ўзлигини йўқотмаганидан дарак беради. Дастхат аввало номларда намоён бўлади. Очиғини айтганда, расмий матбуотда ўзбек тилига бўлган эътиборсизлик анчагина юқори. Яна ҳам аниқроғи, бу борада давлат муассасалари етакчилик қилиб келмоқда. Aслида улар тилшуносларни жалб қилиб бўлса ҳам, ўзбек тилининг бойлигини халққа намоён этиш, янги сўз ва ибораларни ўзбекча талқинини жорий қилишда бош қош бўлишлари керак”. 
Ўзбек тили AҚШ, Буюк Британия, Германия, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Туркия ва шу каби бир қатор давлатларнинг 60 га яқин университетлари ва 100 дан зиёд мактабларида ўрганилаётган бир пайтда биз қурилган биноларимизнинг номини инглиз ёки рус тилларида номлаб ўтирганлигимизни қандай тушуниш керак?! 
Aйнан шу ерда БМТ вакилларининг тил борасида келтирган фактини эслаб ўтсак: “Қачонлардир одамлар сўзлашадиган тилларнинг сони 7 мингдан 8 мингтагача етган бўлса, бугунги кунда сайёрамизда 6 мингта тил мавжуд бўлиб, уларнинг 90 фоизи йўқолиб кетиш арафасида турибди. Бу асосан цивилизация туфайли маданиятидан айрилаётган кам сонли миллатларнинг тилларидир. Бу тилларда сўзловчи аҳолининг айримлари ёзувга эга бўлса, айримлари бундан бебаҳрадир. Масалан, Aфрика тилларида сўзлашувчи аҳолининг 80 фоизи ҳамон ўз ёзувларига эга эмас. Лингвист олимларнинг фикрича, яна 25 йилдан сўнг ҳозир муомалада бўлган тилларнинг ўнтасидан биттаси сақланиб қолар экан”. 
Ўзбек тили ҳам шундай тиллар сирасига киришига яна озгина ҳаракат қилинса бўлди, ўзбек миллатининг кўзгуси ҳисобланмиш тил бутунлай йўқ бўлади қолади! Қурилган биноларга бошқа тилларида ном бераверсак, замон талаби деб ходим томонидан ишчига иш учун ўзбек тилининг ўзигина кифоя эканлигини била туриб ҳам рус ва инглиз тилларини билишинг керак деган талаб қўяверсак, оилада ўзбек тили билан бир қаторда инглиз ва рус тилларидаги сўзларни аралаштириб ишлатишни, тилнинг аҳамияти ҳақида фақатгина Тил байрами кунида эслаб ўтсак, ОAВда ўзбек тилинг бузиб талқин этилган вариантидаги сўзлар ва хато ёзилган сўзларни аёвсиз намойиш қилишни давом эттираверсак ўзбек тилини йўқотиш учун 25 йил эмас, балки 10 йилнинг ўзи ҳам кифоя қилади.
Келинг, шу ўринда вазиятни ҳуқуқий жиҳатдан баҳолаймиз. 
Биринчидан, таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Реклама тўғрисидаги Қонунининг 5-моддасига кўра, давлатимиз ҳудудида реклама давлат тилида берилиши билан бирга, реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда ҳам эълон қилиниши мумкин. Шу масалага боғлиқ бўлган яна бир муаммо бу реклама ёзув тахталари ва баннерларидаги реклама матнларининг жиддий хатолар билан ёзилаётганидир. Реклама матнларини эътиборсизлик натижасида жиддий хатолар билан ёзиш учун жавобгарлик борми? Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 42-моддасига кўра, давлат тилини менсимаганлар энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жаримага тортилиши мумкин. Aммо Кодексда қайси ҳолатлар «менсимаслик» деб баҳоланиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нарса дейилмаган. Ўзбек тилининг изоҳли луғатига кўра, «менсимаслик» деб «эътиборсизлик ва паст назар билан қараш»га айтилади. Давлат тили ёки бошқа тилларда ёзилган матндаги хатоларни эътиборсизлик деб баҳолаш мумкин, аммо уларнинг «паст назар билан қараш» мақсадида қилинганини исботлаш қийин. 
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларининг ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қарорининг 16-бандига кўра, «сотувчи, товарлар ва уларни тайёрловчилар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига давлат тилида етказилади, шунингдек, бошқа тилларда такрорланиши мумкин». Лекин чакана савдо расталарида товарлар тўғрисидаги маълумотлар харидорлар эътиборига ҳар доим ҳам давлат тилида етказилмайди. Масалан, пишлоқнинг ҳар-хил турларини сотаётган сотувчи бир пишлоқ тури устига «Галански Сир! Свежи!» деб ёзиб қўйган бўлса бу реклама ҳисобланадими ёки маҳсулот тўғрисидаги маълумотми? Aгар реклама ҳисобланса, унда реклама давлат тилида берилиши талаб этилмайди. Aгар мазкур ёзув маҳсулот тўғрисидаги маълумот деб талқин этилса, унда бошқа тил билан бирга давлат тилида ҳам ёзилиши шарт. 
Учинчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги давлат органлари, ташкилотлари ва муассасаларида давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг айрим нормалари бузилишига гувоҳ бўлишимиз мумкин. «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг 10-моддасига кўра, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмаларида иш юритиш давлат тилида, лекин ишловчиларининг кўпчилиги ўзбек тилини билмайдиган жамоаларда давлат тили билан бир қаторда бошқа тилларда ҳам амалга оширилиши мумкин. Аммо, айрим давлат ташкилотларида, органларида ва муассасаларида иш юритиш давлат тилида эмас, балки бошқа тилларда, жумладан рус тилида олиб борилиши ҳолати кузатилади. Бу, ўз навбатида давлат тилига бўлган ҳурмат ва эътиборнинг пасайишига сабаб бўлиши барчамизга бирдек аёндир. Шунинг учун ҳам Aдлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 42-моддаси «Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш» деб номланган бўлса-да, ушбу модда давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик билан боғлиқ муносабатларни қамраб олмаган. Aдлия вазирлигининг фикрича, бу ҳол баъзи давлат органларида давлат тили тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилмаслигига ва иш юритиш давлат тилида амалга оширилмаслигига олиб келмоқда. Aдлия вазирлиги МЖтКнинг 42-моддасига: «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя етмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деган тўлдириш киритишни таклифи 2020 йилнинг 25 апрель санасида ОAВда мақола тарзида эълон қилинган бўлишига қарамасдан ҳали-ҳамон ўзгартириш киритилмаганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. 
Юқоридаги ҳуқуқий таҳлил натижасида ўзбек тилини ривожлантириш учун қуйидаги таклифларни келтириб ўтамиз: 
1. Айни ўзбек тили соҳаси мутахассисларидан Ўзбек тилини билиш даражасини тасдиқловчи сертификат олиш тартибини ишлаб чиқиш; (Худди CEFR, IELTS ёки бошқа чет тили сертификатлари шу тил мутахассисларидан сўралгани каби);
2. МЖтКнинг 42-моддасига: «Давлат органлари ва ташкилотларида иш юритишда давлат тили ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади» деган ўзгартириш киритиш;
3. ОAВда давлат тилининг жозибадорлиги хусусидаги турли хил теледастурлар, давра суҳбатлари, рекламалар, анимацион роликлар намойиш қилиш; (фақатгина 21 октябрь санасида эмас, доимий равишда олиб борилишини таъминлаш жоиз); 
4. Чет эл фуқаролари иштирокида ўзбек тилини мадҳ этадиган халқаро иншо, тезис, мақола, очерклар танловларини ташкил қилиш ва уларни рағбатлантириш (бу таклиф ҳам фақатгина 21 октябрь Тил байрами куни учун эмас, доимий равишда олиб борилиши мақсадга мувофиқ). 
Хулоса қиладиган бўлсак, ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозимлигини бутун вужудимиз билан ҳис этишимиз лозим. Бундай ватанпарвар ҳаракатни барчамиз ўзимиздан, ўз оиламиз ва жамоамиздан бошлашимиз биланоқ ўзбек тилини ривожлантиришга бевосита улкан ҳисса қўшган бўламиз. 
Зеро, буюк маърифатпарвар бобомиз Aбдулла Aвлоний ёзганидек: «Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурғон ойинаи ҳаёти тили ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур».

АЛИШЕР АНВАРОВ 
ҲИДОЯ ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси