Яратилиш санаси 15.11.2022

Диний бағрикенглик - азалий фазилат

Ислом дини азалдан инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром, ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Маълумки, Ислом ўзидан олдинги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган. Уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини қонун билан мустаҳкамлаб қўйган. Маданият ва анъаналарига эҳтиром билан қараган. Асрлар давомида бу қоидаларга амал қилиб яшаган мусулмонлар бир-бирларига ва ҳатто ораларида яшайдиган ажнабийларга, аҳли зимма (мусулмонлар диёрида яшайдиган ўзга дин вакиллари) га ҳам мурувватнинг мислсиз намуналарини кўрсатиб, бутун инсониятга ибрат бўлишди.

Барчамизга яхши маълумки, жамият тараққиёти ва фаровонлигида миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 га яқин миллат вакиллари турли динларга эътиқод қилувчи халқлар бўлиб,  тинч-омон, аҳл-иноқ яшаб келмоқдалар. Ана шу эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга диёримизда алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бошқа дин ва эътиқод вакилларига бағрикенг бўлиш, уларнинг эътиқодини ҳурматлаш, ҳақларига риоя қилишнинг олий намунасини кўрсатибгина қолмай, умматни ҳам ҳамиша ана шу йўлдан боришга даъват қилишдан чарчамадилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу борада Ислом умматигагина эмас, бутун инсониятга ҳақиқий ибрат-намуна эдилар. У зот Мадинага ҳижрат қилганларида давлат ишларидаги биринчи амаллари ўша ерлик яҳудийлар билан уларнинг ақидаларини ҳурмат қилишга асосланган аҳднома тузиш бўлди. Мадинага Ҳабашистон насронийлари вакиллари келганида, уларни масжидга тушириб зиёфат бердилар ва хизматларини қилдилар. Бағрикенглик, кечиримлилик бобида у зотга тенг келадигани топилмайди. Олам сарвари қасос ва ўч олиш имконияти бўлатуриб ўзларига ва барча мусулмонларга чексиз зулм ва ёвузликлар кўрсатган, она шаҳарларидан қувиб чиқарган маккалик мушрикларни ҳам, тош олиб у зотни яралаган ва шаҳридан қувган тоифликларни ҳам, амакилари  ва энг жасур саркардаларини ўлдирган қулни ҳам, ўзларига заҳар берган аёлни ҳам, хулласи ҳаммани бирдай кечира оладиган зот эдилар.

Юртимиз мустақилликка эришгач, барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, зиёратгоҳлар, нодир тарихий манбалар, осори-атиқалар мусулмонларга қайтариб берилди. Ўлкамизда 16 та диний конфессия мавжуд бўлиб  кўп сонли мусулмонлар қатори бошқа дин вакилларининг ҳам эмин-эркин ибодат қилишлари, диний таълим олишлари учун барча шарт-шароитлар яратилди.

Диний бағрикенглик хилма-хил диний эътиқодда бўлган кишиларнинг олижаноб ғоя ва ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат бўлиб яшаши, кишилик жамияти равнақи йўлида хизмат қилишини англатади. Ҳозирда бу ғоя эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод Ватан қуришнинг муҳим шартидир.

Насритдинов Ривожиддин

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юрти 
Ёшлар билан ишлаш, маънавият-маърифат
бўлими бошлиғи