Яратилиш санаси 18.11.2022

Солиҳ қўшни - кишининг саодатидир!

Нофеъ ибн Абдулҳорис разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий  соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб, дедилар:  “Кенг маскан, солиҳ қўшни ва яхши маркаб мусулмон кишининг  саодатидандир”. 

Расулуллоҳ алайҳисcаломдан мусулмон кишини саодатга олиб борадиган кўплаб амал ва воситалар ҳақида хабар берувчи турли ривоятлар собит бўлган бўлиб, ушбу ҳам шундай ҳадислар сирасига киради. Кенг маскан ва  турар жойга эга бўлиш саодат омилларидан бири эканида шубҳа йўқ. Зеро,  турар жой одам боласи ўз умрининг кўп қисмини ўтказадиган ердир.  Масканнинг кенг бўлишини ҳам ҳар томонлама тушунмоқ лозим. 

Дарҳақиқат, маскан майдони кенг бўлиб, унда яшаш учун етарли шарт- шароит ва қулайликлар муҳайё бўлишига нима етсин. Аммо маскан  кенглигининг яна бир асосий маъноси шундаки, унда истиқомат  қилувчиларнинг ўзаро самимий муомаласи, илиқлиги, файзли муҳити ва  осуда ҳавоси билан ўз бағрига тортиши ва сиғдиришидир. Уқба ибн Омир  исмли бир саҳобий Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан: “Нажот нимада, ё  Расулаллоҳ?”,- деб сўради. Шунда Набий алайҳиссалом бундай жавоб  берган эканлар: “Тилингга хўжайинбўл, уйинг сени сиғдирсин ва гуноҳларингга йиғла” (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривоятлари).  

Ҳадисдаги “уйинг сени сиғдирсин” иборасини “уйинг сен учун кенг  бўлсин” маъносида тушуниш ҳам мумкин. Агар киши ўз уйида  хотиржамлик топмаса, уй муттасил жанжал ва келишмовчиликлар уясига  айланиб қолган бўлса, бундай уй майдон жиҳатидан ҳарчанд кенг  бўлмасин, аслида тор ҳисобланади. Бунда яшовчилар бир уйга сиғмайди ва натижада киши бунақа уйдан бахт-саодат тополмайди. Бошқа тарафдан  қарайдиган бўлсак, “уйинг сени сиғдирсин” ёки “кенг маскан” деган  сўзларни шундай маънода тушуниш ҳам мумкин: агар бир киши кўп вақтини кўчадан бери келмай ўйин-кулги билан ўтказса, у инсонни уйи  “сиғдирмаётган” бўлади. Шундай одамларга нисбатан баъзилар “уйингдан  илон чиққанми”, дея дашном ҳам берадилар. Инсон кўп вақтини оила даврасида хушчақчақ ва мароқли ўтказишга ҳаракат қилса, хонадонга  файз-барака киради. Фарзандлар тарбиясига бу нарса ижобий таъсир  кўрсатади. Қолаверса, уйи сиғдирган одам кўча-кўйдаги турли фитна- фасод, иғвою ғийбат, бекорчи ишлардан ўзини узлатга олган бўлади.  

Шунингдек, Аллоҳга ибодат ва зикр қилишга, Қуръон тиловатига бемалол  вақт топади. Китоб ўқийди ёки ижод қилади. Бизнингча, уйнинг кенг-  торлигини ва ўзига сиғдиришини шундай маънода тушунмоқ мақсадга мувофиқдир.  

Солиҳ қўшни ҳам саодат омилидир. Ҳовли- жойинг ҳар қанча кенг ва  қулай бўлса ҳам, қўшни яхши бўлмаса, бу кенглик ва қулайлик ҳовли  эгасига татимайди. Чунки яхши уйдаги осуда ҳаётёмон қўшнининг  муносабати туфайли бузилади. Шунинг учун ҳам солиҳ қўшни Пайғамбар  алайҳиссалом томонларидан саодат омилларидан бири экани  билдирилмоқда. 

Ҳазрат Али розияллоҳу анҳудан “Уйдан аввал қўшни,  йўлдан аввал йўлдош танла”, - деган ҳикматли сўзлар нақл қилинган.  Кейинчалик бу ибора бутун дунё халқларининг мақолига айланди. Аммо, камдан-кам кишилар бу ҳикматга амал қиладилар. Уй-жой қуриш ёки  сотиб олиш ниятидаги кишиларни бугунги кунда сотиб олинажак уйнинг  чиройли мавзеъда жойлашгани, умумий маиший хизмат шаҳобчаларига  яқин бўлиши кўпроқ қизиқтиради, аммо у жойнинг қўшниси қандайлигига аҳамият бермайди. 

Ҳолбуки, қўшни яхши бўлсагина, олинган уй-жойда ҳаловат топади киши.  Яхши уловга ҳар доим ҳожатимиз тушади. У узоғимизни яқин қилади.  Йилдан-йилга янги русумдаги маркаб ва уловлар тури пайдо бўлмоқда ва маркабга нисбатан инсон эҳтиёжи ҳам тобора ортмоқда. Инсон ўз ҳаёти  давомида маркаб саодат омилларидан бири эканини доимий равишда сезиб  туради. Маркабсиз ҳаёт кечиришни тасаввур қилиш бугунда мумкин эмас. Аллоҳ таоло барчамизга ҳаётимиз осуда, хотиржам ва бахтли бўлишига  сабаб бўлажак барча омилларни ато этиб, уларнинг доимийлигини  таъминлаган бўлсин.

Султонмаҳмудов Абдулмажид

 "Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси