Мархумларга қуръон тиловатининг савоби етадими?
Кейинги даврларда янги чиққан айрим адашган тоифаларнинг талқин қилишича, қуръон ўқиб савобини ўтганларга бағишлашнинг фойдаси “йўқ” эмиш. Такфирчи Ваҳҳобийларнинг раҳнамоларидан бири саналмиш, Ибн Бознинг “Ал-фатава” деб номланган китобида бу ҳақда қуйидаги маълумотни учтрасиз: “ان قراءة القرءان على أموات المسلمين ضلال”яъни, “мусулмонларнинг ўликларининг ҳаққига Қуръон тиловат қилиб савобини бағишлаш ҳаромдир!”.
Ибн Бознинг бу фатвоси салафи-солиҳлар, жумлаи жаҳон аҳли-сунна мусулмонларининг фикрига хилофдир. Шу билан бирга, унинг бу ва бу каби бошқа бидъатлари тинч-тотув яшаб келаётган мусулмон миллатлар орасида фитна, адоват ва ихтилоф уруғларини сочувчи омил вазифасини ҳам ўтаб берди.
Маййитларга тиловат савобининг етиб бориши уммати Муҳаммадиянинг ижмоъси билан исботланган. Имом Нававий (р.а.) ўзининг машҳур “Ал-Азкор” номли асарида айтади: ”Тириклар дуосининг ўтганларга манфаъати бор, амалларнинг савоби ҳам етиб боради, деб уламолар ижмоъ қилганлар.”
Шунингдек, имом Нававий ҳазратлари имом Шофеъий (р.а.)дан қуйидагича ривоят қилган:
ويستحب أن يُقرأ عند الميّت شىء من القرءان وإن ختموا القرءان عنده كان حسنًا
Яъни, “Маййитнинг қабри олдида Қуръон оятларидан ўқишлик мустаҳабдир, агар Қуръоннинг ҳаммасини ўқиб хатм қилинса, янада яхши бўлади”.
Имом Шофеъий (р.а.)нинг бу сўзлари, “Тиловат савобини бағишлаш ҳаром”, деган ваҳҳобий, салафийларнинг барчасига қарши ҳужжат бўлади.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам, اللهم اغفر لاهل البقيع , “Эй Аллоҳ Бақиъ қабристон аҳлини кечиргин”, деб дуо қилганлари машҳур ҳадисларда келган. Ва яна, жаноза намозининг ўзида ҳам, учинчи такбирдан кейинги ўқиладиган дуода “Тирикларимиз ва ўтганларимизнинг гуноҳларидан ўт”, деб дуо қилинади. Бу дуони ҳатто ўша ибн Бознинг ўзи ҳам, издшлари ҳам ўқиб келишади.
Маъқал ибн Ясорнинг ҳадисида Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: اقرءوا يـس على موتاكم“ўликларингизга Ясин сурасини ўқинглар”, деган тавсиялари айтилган.
Бу каби ҳужжат далилларни кўплаб келтириш мумкин. Қадимдан мағрибу-машриқ мусулмонлари ўқилган оятларнинг савоби марҳумларга етади, деб эътиқод қилиб келган. Кейинги даврларда (18-аср) Ваҳҳобийлар пайдо бўлди-ю, уммат қабристонлари пайҳон қилинди. Улар томондан мусулмонлар аввал мушрикка чиқарилди сўнгра эса, аллома-ю, авлиёларнинг мақбаралари бузиб ташланди, портлатилди. Бирдам, ҳамжиҳат мусулмонлар орасига душманчилик киритилди. Ваҳҳобийларнинг қилаётган бу каби ҳаракатлари нафақат мусулмончилик, балки инсонийликка ҳам мос келмайдиган ваҳшийликдан бошқа эмасдир.
Абдулазиз Бобамирзаев