Яратилиш санаси 15.12.2022

Мотуридия ақидасида имоннинг моҳияти

Исломнинг асоси ақида. Ақиданинг асоси эса Аллоҳ таолонинг биру борлигига имон келтиришдир. Динимининг бешта устуни бўлиб, улардан биринчиси ва барча амалларимизнинг қабул бўлишига асос бўладигани – имондир. “Имон” сўзи луғатда “тасдиқлаш”, “ишониш” деган маъноларни англатади. Юртимизда анъанавий ҳисобланган мотуридийлик мазҳаби таълимотларида эса, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло томонидан етказилган барча нарсаларни дил билан тасдиқлаб, тил билан ифодалаш “имон” дейилади.
اَلْاِيْمَانُ هُوَ التَّصْدِيقُ بِمَا جَاءَ بِهِ مِنْ عِنْدِ اللهِ تَعَالَى وَالْاِقْرَارُ بِهِ
яъни: “Имон, (Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам) Аллоҳ таоло ҳузуридан келтирган нарсани тасдиқлаш ва унга иқрор бўлишдир”.
Бундан келиб чиқадики, киши дилида тасдиқлаган нарсани узрсиз тилида айтмаса у Аллоҳнинг наздида мўмин бўлади, лекин одамларнинг наздида мўмин ҳисобланмайди. Аксинча, тилида айтиб, дилида тасдиқламаса, одамларнинг назарида мўмин ҳисоблансада, лекин аслида мунофиқ бўлади. Демак, чин мўмин бўлиш учун киши дили билан тасдиқ қилган нарсани тили билан иқрор қилиши шарт қилинган.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳнинг наздларида динда буюрилган ёки қайтарилган ишларга амал қилиш имоннинг шарти ҳисобланмайди. Демак, амал қилмаган кишини ҳам гарчи амал қилмагани учун гуноҳкор бўлса-да, уни мусулмон деймиз. Мана шу масала аввалдан кўп ихтилофларга сабаб бўлиб келган.
Бизнинг  Аҳли сунна вал жамоа эътиқодимизга кўра, барча уламоларимиз бир овоздан гуноҳ иш қилган киши модомики уни ҳалол санамаса ва фарз амалларнинг фарзлигига ишониб туриб, дангасалик ва бепарволик билан уни адо қилмаса, уни кофирга чиқармайдилар. Қолаверса, мазҳаббошимиз Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ўзларини “Фиқҳул акбар” китобларида шундай деганлар:
وَلاَ نُكَفِّرُ مُسْلِمًا بِذَنْبٍ مِنَ الذُّنُوبِ وَاِنْ كَانَتْ كَبِيْرَةً اِذَا لَمْ يَسْتَحِلَّهَا
яъни: “Мусулмон кишини, гуноҳни ҳалол санамас экан, бирор гуноҳи сабабли кофирга чиқармаймиз, ҳаттоки катта гуноҳ қилган бўлса ҳам”.
Шунинг учун Мотуридий ва Ашъарий йўналишлари амал қилмаган мусулмон кишини кофирга чиқармаслик масаласида бир фикрдалар.
Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ амални имоннинг асосларига киритмаган бўлсалар-да, солиҳ амалларни бажариш лозимлиги ва амал қилмаган кишини гуноҳкор бўлишини таъкидлаганлар. 

Абдулазиз Бобамирзаев