Битирувчиларини кузатишга бағишланган тантанали тадбир
2021 йилнинг 10 июн куни билим юртида 2020-2021 ўқув йили битирувчиларини кузатишга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Хатмонага вилоятдаги ёши улуғ кекса отахонлар таклиф этилди.
Тадбирни билим юрти ўқитувчиси Рустамжон Дадажанов очди ва олиб борди.
Билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев сўз олиб, ташриф буюрган меҳмонлар ва битирувчиларни тантана билан самимий муборакбод этди ҳамда анжумандан кўзда тутилган асосий мақсадлар, билим юртининг фаолияти, билим юртида эришилган ютуқлар юзасидан алоҳида тўхталиб, юртимиз истиқлолга эришган илк йиллардан ҳар соҳада бўлгани каби муқаддас динимиз ва диний қадриятларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, муҳтарам юртбошимизнинг одилона сиёсатлари билан асрларга татигулик ишлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
Сўнг сўз олган Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили Абдулҳай Турсунов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари номларидан барчани тадбир билан муборакбод этди.
Диний илмларни ўрганиш учун кенг йўл очиб берилгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукуматига ўз миннатдорчиликларини изҳор этди.
Хатмонада шаҳримизнинг ёши улуғ кекса отахонларидан Иброҳимжон хожи ота иштирок этиб, битирувчиларни табриклаб, уларга оқ фотиҳа бердилар. Эзгу тилаклар билдирдилар.
Шунингдек хатмона тадбирида 2020-2021 ўқув йили якунларига билим юрти фаолиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва ўз фаолиятида юқори кўрсаткичларга эришганлиги учун билим юртининг талабаларига ташаккурнома ҳамда аъло ўқиши ва намунали хулқи, жамоат ишларида фаол иштирок этган талабаларга билим юртининг мақтов ёрлиғи ва эсдалик совғалари, ҳамда билим юрти раҳбарияти томонидан оталарига ташаккурнома топширилди.
Шундан сўнг хатмона тадбирида Қуръон тиловат қилинди якунида дуои хайрлар қилинди.
Сўнг барчани ҳатмона дастурхонига таклиф этилди. Битирувчи талабалар номидан Абдуолимов Мухамммадсодиқ сўз олиб, таълим берган устозларига миннатдорчилик билдириб, битирувчи талабалар номидан ўтган аждодларимизга муносиб ворис бўлган ҳолда юрт тинчлиги, ватан равнақи, халқ манфаати ва муқаддас динимиз ривожи йўлида бундан зиёда ютуқларни қўлга киритишга ҳаракат қилишларини билдирдилар.
Тадбир сўнгида билим юртида дарс жараёнидан ажралмаган ҳолда Қуръони каримни тўлиқ ёд олган 7 нафар битирувчиларга ЎМИнинг Наманган вилоятидаги вакилилиги ва билим юртининг ташаккурномалари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Наманган вилоятидаги вакили, устоз Абдулҳай Турсунов қаламига мансуб “Қуръон ва ҳаёт” китоби эсдалик совғаси сифатида берилди. Бундан ташқари қолган битирувчиларнинг барчаларига ҳам мазкур китобдан совға сифатида топширилди.
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти матбуот хизмати