Яратилиш санаси 17.01.2023

ТАҚДИМОТНИ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИШ ЙЎЛЛАРИ

1. Маърузачининг “нофаол” маъруза ўқиш вақти 20-30 минутдан ошмаслиги лозим.

2. Аудиторияга савол билан мурожаат қилинг. Саволларга жавоб бериш учун талабаларга савол жавобига яқинроқ тушунтиришлар орқали имконият яратинг, лекин саволни тўлиқ жавобини ўзингиз ёритманг.

3. Тақдимот вақтида баҳс, мунозара-муҳокама ҳосил бўлишига шароит яратинг.

Аудитория тингловчиларини икки гуруҳга ажратиб, мавзу бўйича уларнинг фикрларини билинг, гуруҳ сардорларини бир-бирига ўз фикрларини тушунтиришларига шароит яратинг. Якунида ушбу масала бўйича ўз фикрингизни билдириб, хулосаланг.

4. Аудиторияда мавзу бўйича муаммоли вазият ҳосил қилинг. Дастлаб талабаларни мустақил ишлашларига имкон беринг ва бир неча талабанинг муаммо бўйича фикрларини билинг. Кейин муаммо ечимини ёритинг.

5. Барча материалларни маъруза шаклида тақдим этманг. Слайдлар ва бошқа кўринишдаги ўқув-визуал материаллар ёрдамида талабаларни мустақил ўқишлари учун вақт ажратинг.

6. Интерактив услубнинг “Кичик гуруҳларда ишлаш” техникасидан фойдаланинг. Муҳокама жараёнини юмшатишга ҳаракат қилинг. Муҳокама вақтида мавзу бўйича асосий масалалар эътибордан четга қолишига ва мавзудан четга чиқиб кетишига йўл қўйманг.

7. Мавзунинг асосий масалаларини талабалар ўзлари очиб беришлари мақсадида, аудиторияга саволлар билан мурожаат қилинг. Саволлар мавзунинг асосий мазмуни бўйича берилиши лозим.

8. Мавзу бўйича хулоса қилинг. Савол - жавобларга вақт қолдиринг.

Биз албатта ривожлантирувчи таълимга ўтишимиз зарур. Бундай таълимнинг мақсади, анъанавий таълим тизимидан фарқлироқ, талабаларни ўқитиш, уларга стандарт муаммо ва вазиятларда ўз билимларидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмалар бериш эмас, балки уларни ўқишга, мустақил фикрлашга ва ностандарт вазиятлар шароитида ҳам муаммолар ечимини топишга ўргатишдан иборат бўлмоғи лозим.

Талаба маълумотларни фақат эшитиш орқали қабул  қилса, берилган маълумотларнинг  ўртача 20 фоизини  ўзлаштиради. Шу сабабли агар маъруза фақат мавзуни оғзаки  тушунтириш шаклида (анъанавий) ўтилса, талабалар дарсда берилган маълумотларнинг 80 фоизини эсда сақлаб қолмайди ва дарров унутишади. Ўртача одам бир минутда 800 тагача сўзни эшитиши ва тушуниши мумкин. Ваҳоланки, аудиториядаги талабалар ўқитувчи нутқига нисбатан 4 марта тез эшитиш қобилиятига эга. Демак, оғзаки тушунтириш вақтида вақтнинг 75 % қисмида талаба эшитмайди, у бўш қолади, агар ўқитувчи фақат оғзаки тушунтириб, маъруза қилса талаба диққатини йўқотади. Шу сабабли маърузани фақат ўқиб бериш ёки оғзаки тушунтириш шаклида олиб бориш самарасиз ҳисобланади.

Агар талаба маълумотларни бир марта ўзи ўқиса у 25 фоиз маълумотни эслаб қолади. Демак маърузада, талабалар олдида маъруза қилиш билан биргаликда, улардан мавзунинг асосий жойларини дарс давомида ўзлари ўқишлари талаб этилса, маъруза самараси ортади. Бунинг учун слайдлар, таянч иборалар, тарқатма материаллар зарур бўлади ва маъруза давомида улардан талаба фаоллиги таъминланган ҳолда фойдаланилади.

Агар берилаётган маълумотлар икки марта такрорланса, талаба маълумотларнинг 30 фоизини эслаб қолади. Агар Сиз маърузада мавзунинг асосий, муҳим жойларини икки марта такрорласангиз, ўзлаштириш фақат ўқиб беришга нисбатан 10 фоизга ортади. Агар такрорлаш слайдлар, ўқув-визуал материаллар асосида бажарилса дарснинг самарадорлиги янада ортади, яъни асосий таянч иборалар ҳам икки марта такрорланади, ҳам талабалар томонидан ўқилади. 

Агар талаба ёзиб, ўқиса маълумотларни 45 фоизгача ўзлаштиради. Демак маърузанинг таянч ибораларини маъруза давомида ёздириб борилса, ўзлаштириш икки марта ортади. Талаба ўртача бир минутда 40 тагача сўз ёзиши мумкин. Лекин, мақсад фақат тез ёздириш бўлиб қолса, натижа етарли даражада самарали бўлмайди. Шунинг учун маърузанинг таянч иборалари ёздирилаётганда, талабага диққатини жамлаб, тушуниб ёзиши учун вақт бериш керак, яъни ёздирилаётган ибораларни тўхтаб-тўхтаб, секин ифода этиш зарур. Кўпчилик муҳокама, баҳс жараёнида маълумотларнинг 60 фоизига яқинини ўзлаштиради, яъни ўқув жараёни оддий маъруза ўқишга нисбатан 3 марта самарали бўлади. Агар маърузада юқоридаги услублар (оғзаки тушунтириш, қайтариш, ўқув-визуал материаллар ёрдамида кўрсатиш, талабадан ўқишни талаб қилиш, таянч ибораларни ёздириб бориш) маълум боғлиқли кетма-кетлик асосида биргаликда жорий этилса ўқув самараси янада ортади.

Талаба берилаётган маълумотларни ҳаётий тажрибаси орқали таққосласа, билим амалиёт орқали етказилса, талабаларга доимий ушбу материалларни реал ҳаётда керак бўлиши тушунтирилса, машғулотда мавзуни реал ҳаёт билан боғлаб талабаларнинг фаол фикр билдиришларига шароит яратилса, мавзу бўйича берилаётган маълумотларни талабалар томонидан 80 фоизгача ўзлаштиришларига эришиш мумкин. Яхши педагог ўртача бир минутда 170 тагача сўз талаффуз этиши мумкин. Ўртача студент минутига 400 тагача сўзни ўқиши ва тушуниши мумкин. Бу шуни билдирадики, ўқитувчи маълумотларни слайдлар кўринишида ёки тарқатма материаллар кўринишида тушунтиришдан олдин берса, ўқитувчи тушунтиргунча талабалар ушбу материалларни икки марта тез ўқиб улгурадилар. Талабалар ўзлари маълум миқдорда бўлсада ўқиб олгач, маърузачининг тушунтиришларига кам эътибор беришади. Шу сабабли, агар олдин тушунтириб, кейин ўқув-визуал материаллар орқали тушунтириш такрорланса, энг яхши натижага эришилади.

Айрим педагоглар ўқитишнинг интерактив услублари деганда замонавий ўқув-визуал материаллар (оддий, мультимедиа ва анимацион слайдлар, тарқатма материаллар, маъруза матнлари, техник воситаларнинг моделлари, макетлари ва б.)дан ҳамда замонавий техник воситалар (компьютерлар, электрон доскалар ва

б.)дан фойдаланиш, маъруза матнларини олдиндан талабага тақдим этиб, талабанинг дарсга тайёр бўлиб келишини таъминлаш кабиларни тушунишади. Албатта бу тўғри фикр эмас. 

Ўқитишнинг интерактив услублари дейилганда биринчи навбатда талабанинг ўқув жараёнини фаол иштирокчисига айлантиришга қаратилган инновацион педагогик услублар мажмуи ва техник воситалар тизими тушунилади. Интерактив услубдаги машғулотда талаба берилаётган маълумотларни тинглаши, ўқиши, кўриши, ёзиб бориши, мавзу бўйича саволлар бериши, ўз фикрини эркин баён этиши, амалий топшириқларни бажариши ва ўзининг ҳаётий тажрибаси билан боғлаб, мавзу бўйича назарий билим ва амалий кўникмалар ҳосил қилиши лозим. Қуйида ўқитишнинг интерактив услубларини айримлари тўғрисида маълумотлар келтирамиз:

Муҳокама-мунозара.

Бу интерактив ўқитишнинг энг кенг тарқалган усули ҳисобланади ва талабаларнинг ушбу мавзу бўйича турли хил билим даражаси ва тажрибалари асосида ўрганиладиган масалага қандай ёндошиши кўзда тутилади. Бунда ўқитувчи муҳокама учун муаммоли саволни ёки ҳаётдаги аниқ бир вазиятни белгилаб, ўртага ташлайди. Талабаларни эса мавзудан четга чиқишларига ёки айрим фаол талабаларни етакчи бўлиб, фақат улар фикр билдиришларига  йўл қўймайди, мумкин қадар барча талабаларнинг фаол иштирок этишларига аҳамият беради, талабаларни бир-бирини фикрларига ҳурматсизлик билан қарашларига йўл қўймайди. Муҳокама охирида ўқитувчи фикрларни умумлаштириб, ўз фикрини назарий ва амалий исботлаб баён этади.

Жамоавий муҳокама ёки муаммолар руйхатини тузиш.

Талабаларга бирор бир масала, муаммо ёки мавзу доирасидаги аниқ бир вазият устида ўйлаб, улардан муҳокама қилиш учун ғоялар, таклифлар руйхатини тузиш талаб этилади. Ушбу услубда муаммони ўқитувчи эмас, балки талабалар ўйлаб топади. Масалан: “Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни олдини олишга нималар тўсқинлик қилмоқда?”. Талабалардан реал ҳаётда, ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодисаларни олдини олишга тўсқинлик қилаётган масалалар ва муаммолар руйхатини тузиш талаб этилади.

Муаммони, кичик муаммоларни ва хулосаларни ишлаб чиқиш, қарор қабул қилиш

Вазиятни ўрганиш, таҳлил қилиш.

Бунда мавзунинг айрим масалаларига боғлиқ аниқ ҳаётий вазиятлар ўртага ташланади. Талабалардан ушбу вазиятдан қандай чиқиш йўллари устида ўйлаш ва ўз фикрларини баён этиш сўралади. Масалан, “Электр хавфсизлиги” мавзуси ўтилаётганда, шундай вазият ўртага ташланиши мумкин: “Комьютерда ишлаётган оператор электр токидан жароҳатланиши мумкин. Бунга нималар сабаб бўлиши мумкин?”.

Муҳокама якунида ўқитувчи вазиятни савол билан умумлаштиради. Масалан, “Биз нима ҳақида билиб олдик?”, “Биз қандай хулосага келишимиз мумкин?”, “Ҳаётда Сиз шундай вазиятга тушмаслигингиз учун нима қилишингиз керак?”.

Баҳс ёки мунозаралар олиб бориш.

Талабалар икки (ёки бир неча) гуруҳлрга бўлинадиЎқитувчи томонидан умумий муаммо белгилаб берилади. Талабалар ушбу муаммони ҳал қилиш бўйича ўз йўналишларини белгилаб олишади. Вақтни тежаш мақсадида ўқитувчи ҳар бир гуруҳга ушбу муаммодан чиқишнинг йўналишини ҳам кўрсатиб бериши мумкин. Ҳар бир гуруҳ муаммони ҳал қилиш бўйича ўз йўналишини ҳимоя қилади. Баҳс охирида ўқитувчи муаммо ечимлари бўйича иккала гуруҳ фикрларини умумлаштириб, талабалар иштирокида хулосалайди.

Танқидий фикрлаш.

Дарс баҳс-мунозара шаклида ташкил этилади. Талабаларга муаммоли савол берилади ва ҳар бир талабанинг ушбу савол бўйича мустақил фикри тингланади. Бунда талабаларда мавзуни ўзлаштиришлари билан бир қаторда:

- ўз фикрини эркин баён қилиш;

- бошқалар фикрини тинглаш ва ўрганиш;

- бошқа киши фикрига бефарқлик билан қарамаслик;

- ўз фикри билан бошқалар фикрини таққослаш;

- муаммо бўйича тўғри ечим (қарор) қабул қилиш каби ҳислар шаклланади.

Танқидий фикрлаш услубининг сўннги босқичида талабалар томонидан билдирилган турлича фикрлар қайтадан баҳоланади ва мутоносиблик аниқланади.

Ролли ўйинлар.

Фаол талабалар танлаб олинади ва уларга мавзуга оид ҳаётий вазиятларда рол ўйнаш талаб этилади. Бу услубда ўқитиш жараёни уч босқичда, яъни вазият бўйича рол ўйнаш, вазиятни кузатиш, вазиятни таҳлил қилиш ва ўз ечимини қабул қилиш асосида амалга оширилади. Ролли ўйин учун мавзу танлашда ишлаб чиқаришда талаба дуч келиши мумкин бўлган вазиятлар олинади. Рол орқали талаба ўзининг келажакдаги фаолиятини кўз олдига

келтиради. Ушбу услуб машғулот давомида ўзгарувчан бўлиши керак. Ўқитувчи машғулот давомида савол бериб, ҳолатни ўзгартириши мумкин. Натижа- қисқа вақтда самарали ўзлаштиришга эришиш талаб этилади.

Ролли ўйинларда талабалар қуйидаги билим, уқув ва кўникмаларга эга бўлиши мумкин:

● ишлаб чиқариш билан боғлиқ масалалар устида амалий мулоқат қилиш, тажрибасини

ортдириш;

● жамоадаги бир ходим характерини ёки фикрини бошқа кишига таъсир этишини англаш;

● вазиятлар бўйича мустақил қарор қабул қилиш ва ўз фикрини баён эта билиш;

● вазиятни таҳлил қила олиш;

● вазиятдан чиқиш режасини ва стратегиясини ишлаб чиқишни билиш.

Ролли ўйин машғулот режасини тузиш.

1. Машғулот мавзусига боғлиқ ишлаб чиқариш вазиятини танлаш. Мавзу албатта реал ҳаётга боғлиқ бўлиши керак.

2. Ролли ўйин мавзусининг аниқ мақсадини белгилаш, уни талабаларга тушунтириш.

3. Ролли ўйиндаги вазиятни изоҳлаш, талабаларга вазиятни аниқ , тўғри тушунтириш.

4. Ролли ўйин иштирокчиларини танлаш. Талабаларга ўз хоҳишлари билан иштирок этиш имкониятини бериш мумкин.

5.Ҳар бир иштирокчининг вазифасини, мақсадини тушунтириш. Рол ўйнаётган талабада ўз ролига ишончли туйғу уйғотиш.

6. Кузатувчи талабалар (ўйинда иштирок этмаётган)нинг вазифасини белгилаш.

7. Хулосалаш. Бунда, дарсдан кейин талабалар ушбу мавзу устида баҳслашишлари учун айрим масалаларни жавобсиз қолдириш ва вазифа тарзида бериш ҳам мумкин.

Кичик гуруҳларда ишлаш.

Талабаларни бир неча гуруҳга бўлиб, уларга мавзуга оид аниқ бир масала ёки вазифа устида ишлаш топширилади. Уларга маълум вақт берилади, кейин берилган вақт тугагач ҳар бир гуруҳнинг ушбу мавзу бўйича қарори, фикрлари тингланади.

Кичик гуруҳлар услубида машғулот олиб борилганда қуйидагиларга эришилади:

● ҳар бир талабани фаол иштироки таъминланади ва уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва баҳолаш имконияти ортади;

● муаммони тез ҳал этиш усули таъминланади. Талабалар қисқа вақт ичида кўплаб янги ғоялар ижодкори бўлишади;

● машғулотнинг исталган вақтида талабаларнинг қизиқишини ортдириш ва бутун катта гуруҳ бўйича муҳокама қилиш имконияти таъминланади;

● айрим талабалар ўзларининг мавзуга оид ушбу муаммо бўйича шахсий фикрларини ўқитувчига айтишдан тортинишади, кичик гуруҳларда эса улар гуруҳдошлари билан эркин фикр алмашишади, яъни машғулотда фаол иштиок этишади.

Кичик гуруҳларда ишлаш машғулот режасини тузиш. 1.Машғулот режаси тузилади, кичик гуруҳларда ишлаш машғулотнинг қайси вақтида бошланиши белгиланади.

2. Талабалар бир неча гуруҳларга бўлинади.

3. Кичик гуруҳларда ишлаш учун мавзуга оид муаммоли савол ёки масала танланади.

Саволнинг мақсади ва вазифаси талабаларга аниқ тушунтирилади.

4. Муаммо устида ишлаш учун вақт белгиланади. Одатда 15-20 минут ҳар қандай мавзу ичидаги масала устида қарор қабул қилишга етарли ҳисобланади.

5. Гуруҳлар учун презентация шакли танланади.

6. Гуруҳлар ўз сардорини сайлашади. Бунинг учун алоҳида вақт бериш шарт эмас.

7. Гуруҳларга мавжуд ўқув-услубий, ўқув-визуал материаллардан фойдаланиш имконияти ҳам берилиши мумкин.

8.Ўқитувчи аудиторияда шовқин бўлишига, айрим талабаларни пассив иштирокчи бўлиб қолишига йўл қўймайди, гуруҳлар фаолиятини назорат қилиб, уларнинг фикрларини ўрганиб боради.

9. Гуруҳ сардорлари мавзу бўйича гуруҳнинг умумий фикрини презентация шаклида ҳимоя қилади. Презентация учун одатда 10 минутдан ортиқ вақт бериш тавсия этилмайди.

10. Презентация тугагач, баҳс-мунозара учун вақт ажратилади, ўқитувчи муаммони умумий таҳлил қилади, гуруҳлар фаолиятига баҳо беради.

Гуруҳларда ишлаш тартиби ва регламенти

1.Муаммони ҳал қилиш бўйича гуруҳларда ишлаш ва презентация варағини тўлдириш- 15 минут.

2.Мини-гуруҳларга бўлинадилар, умумий вазифани бўладилар, жавобни мустақил расмийлаштириш-5минут;

3.Мустақил ечимни гуруҳга эълон қиладилар-5минут;

4.Келишадилар, тўлдирадилар, тўғри жавобни топадилар ва презентацияга тайёрланадилар-5минут;

5.Гуруҳнинг мавзу саволи бўйича нуқтаи-назарини баён этиш-1-3минут;

6.Биргаликдаги муҳокама ва якуний хулосани шакллантириш-3 минутгача.

Педагогик тажрибалар. Ўқитувчи ўқитишнинг ИНТЕРАКТИВ услубларни билиши билан бир қаторда уларни қайси машғулот турида, қачон, қандай қўллашни ҳам билиши керак. Чунки таълим –тарбия жараёнида турли ИНТЕРАКТИВ педагогик технологияларни қўллаш гуруҳдаги тингловчиларнинг билими, савияси, маълумоти, ёши ва бошқа кўрсаткичларини ҳам ҳисобга олишни тақоза этади. Ҳар бир аудитория, ҳар бир талаба (тингловчи)га айнан бир мавзуни ўзлаштиришда алоҳида ёндошишни талаб этилади. Шу сабабли ўқитишнинг самарадорлигини оширишда педагог ижодкор бўлиши, ўзи ҳам педагогик технологияларни ривожлантириши, бойитиши зарур. Мен ўз фаолиятимда қуйидаги усуллардан ҳам фойдаланмоқдаман:

“Саволлар тузинг” услуби.

Ушбу услуб уч босқичда амалга оширилади. Уни кўпроқ амалий, семинар ва мустақил таълим машғулотларида қўллаш яхши самара берадиМаъруза машғулотларида мавзу бўйича уй вазифаси сифатида ҳам бериш мумкин.

1-босқич. Ўқитувчи мавзу бўйича ҳар бир талаба 5 тадан савол тузиш топшириғиниберади ҳамда ҳар бир талабадан ўзи тузган саволни ўзидан сўрашини таъкидлайди. Талаба ўз тузган саволига ўзи жавоб беришини эътиборга олган ҳолда, осонроқ савол тузишга ҳаракат қилади ва бунинг учун мавзуни бир неча марта ўқиб чиқади (осон савол тузиш ҳам осон эмас!). Натижада мавзуни маълум даражада ўзлаштириб олади.

2-босқич. Топшириқ бироз мураккаблаштирилади, яъни ўқитувчи бир талаба тузгансаволни бошқа талабадан сўрашини айтади. Бунда талабалар жуфтлиги, яъни кимнинг саволи кимдан сўралиши аниқ кўрсатилади, Талаба ўзи тузган беш савол жавобини билган ҳолда, иккинчи талаба тузган беш савол жавобини ҳам билиб олади, бир мавзу бўйича ҳар бир талаба 10 та савол жавобини ўрганади.

3-босқич. Талабалар томонидан тузилган саволларнинг энг яхшилари гуруҳ иштирокидамуҳокама тарзида танлаб олинади ва жавоби сўралади. Талабаларнинг фаоллигини ошириш мақсадида улар рағбатлантирилиб борилади.

Анваров Алишер 

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси