Жалолиддин Маҳаллийнинг хаётлари
Жалолиддин Ал-Махаллийнинг тўлик номлари Жалолиддин Мухаммад ибн Ахмад ибн Мухаммад ибн Иброхим Ал-Махаллий Аш-Шофиий Ат-Тафтазоний (Тафтазон Хуросон шахарларидан бири. Илм оламига машхур бўлган икки Тафтазоний ўтган. Бири Жалолиддин Ал-Махаллий Ат-Тафтазоний, улуғ муфассир. Иккинчиси Саъдиддин Масъуд ибн Умар, 1312- 1389 йилларда яшаганлар, луғавий олим, мантиқ, балоғат, сарф илмлари бўйича китоблар ёзганлар. Самарқандда вафот этганлар. Ал-Имом Ал-Алломадир. "Ҳуснул мухозара" китобида ёзилишича, Ал-Махаллий етти юз тўқсон биринчи 791 -хижрий йилда Мисрда таваллуд топганлар. Ёшликларидан бошлаб таҳсилга киришганлар ва турли илм-фан соҳалари: фиҳқ, усул, калом, наҳв, мантиқни эгаллай бошлаганлар.
У кишининг устозлари Ал-Бадр Махмуд Ал-Оқсароий, Ал-Бурхон Ал-Байжурий, Аш-Шамс Ал-Бисотий, Ал-Ало Ал-Бухорий бўлганлар. Жалолиддин Ал-Махаллий заковат ва фаҳм-фаросатда беназир бўлганлар. Хатто хамасрларидан бири у киши хақларида: "Ал-Маҳаллийнинг зеҳнлари олмосдан хам ўткирроқ",- деб таъриф берган. Ал-Маҳаллийнинг ўзлари эса: "Менинг ёдлаш қобилиятим пастроқ бўлса ҳам, заковатим хатони қабул қилмайди",- деган эди.
Ал-Маҳаллий ўз асрининг алломаси, ўта тақводор, жамоат йиғилган жойни ғанимат билиб, дархол одамларни яхши амаллар килишга даъват килар, ёмон ва нолойиқ ишлардан қайтарар, тез-тез ёмон ва зўравон хокимлар хузурига бориб, хақ гапни айтишда хеч кимни риоя қилиб ўтирмас, қаттиқ табиатли киши эди. У кишига бир неча бор қозиликни таклиф этишган, у зот қабул қилмаганлар. Узок йиллар давомида "Ал-Муайядийя" ва "Ал-Баркукийя" мадрасаларида фиқҳдан фанидан дарс берганлар, тирикчилик учун тижорат билан шуғулланганлар.
Жалолиддин Ал-Маҳаллийдан бир неча асарларни мерос қолдирганлар. Улардан усулда "Шарху жамъул-жавомиъ", "Шархул-баракот", фиқҳда "Шархул-минхож" ва тафсирда эса сиз билан биз ўрганаётган "Тафсирул-жалолайн" китоблари ибораларининг ўта қисқалиги ва пишиқлиги билан алохида аҳамият касб этади. Жалолиддин Ал-Маҳаллий саккиз юз олтмиш тўртинчи хижрий (864) йилда вафот этган.
Абдураҳмонов Муҳаммаджон
Ҳидоя ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси