ЭКСТРЕМИСТИК ОҚИМЛАР ИСЛОМ ДУШМАНИДИР.!
Муқаддас Ислом динини ҳам ниқоб қилиб олганлар экстремистик ва террористик ҳаракатлар бўлиб, улар ўз олдиларига исломнинг аслига қайтишни ва халифалик давлати қуришни куч ишлатиш йўли билан амалга оширишни мақсад қилган оқимлардир. Бундай оқим ва ҳаракатлар диний мутаассибликка асосланган бўлиб, муайян мазҳаб таълимотига қаттиқ ёпишиб олиш оқибатида юзага келади ва кўпинча муайян сиёсат ва иқтисодий манфаатларни таъминлаш мақсадида амалга оширилади.
Ислом дини доирасида вужудга келган илк экстремистик оқим — Хорижийлар бўлиб, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ва Муовия розияллоҳу анҳу ўртасидаги “Сиффийн” жангида музокара ва келишиш орқали тўхтатиш сиёсатига Али розилик бергани учун унинг қўшинидан унга қарши ажралиб чиққан гуруҳдир.
Хорижийларнинг дастлабки вакиллари саҳровий араблар бўлиб, илм-маърифатдан йироқ, лекин ўзларини диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар эди. Уларнинг илми бўлмаганлиги сабабли, ўзларига ёққан нарсага ёпишиб олиб, бошқа нарсаларни рад этар ва бошқаларни нуқсонда айблар эдилар. Улар бегуноҳ мусулмонларнинг қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисоблашган эдилар.
Хорижийлардан бири Абдураҳмон ибн Мулжам 661 йилда рошидийнларнинг тўртинчиси Ҳазрати Али ибн Абу Толибни ярадор қилиб ўлдирди. Хорижийлар умавийлар ва аббосийлар халифалигига қарши уруш олиб бориб, жуда кўп мусулмонларнинг ўлимига сабаб бўлди. Улар давлат учун ҳар доим катта муаммоларни келтириб чиқариб, ҳар доим мамлакатда фитна ва беқарорликни қўзғатиб турарди. Замонлар ўтиши билан улар барча ислом жамоасининг қаршилигига учради.
Болтабоев Абулқосим
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси