Миссионерлик ва прозелитизм
Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий ва истилоҳий маъноларини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу сўз лотин тилидаги «missio» феълидан олинган бўлиб, «юбориш», «вазифа топшириш», миссионер эса “вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Прозелитизм эса - бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдир.
Миссионерлик ўзига хос ва узоқ тарихга эга. Жумладан, бундай ҳаракат дастлаб буддавийлик доирасида милоддан аввалги III асрдан бошлаб ёйилган. Христиан доирасида эса Рим қўшинлари билан бирга юриб, босиб олинган ҳудудлар халқлари орасида диний тарғиботчилик ишларини олиб бориш замонавий миссионерликнинг илк кўринишлари эди.
Бугунги кунда эса миссионерлик фаолияти билан фаол шуғулланишга ҳаракат қилаётганлар орасида баҳоийлар, кришначилар билан бир қаторда “Қуёшга топинувчилар” (“Солнцепоклонники”) каби янги пайдо бўлган секталар борлигини ҳам таъкидлаш зарур.
Шундай бўлса-да, бир ҳақиқатдан кўз юмиб бўлмайди. «World Book» энциклопедиясида келтирилган маълумотларга кўра, дунёдаги умумий миссионерларнинг 2/3 қисмини христиан миссионерлари ташкил этади. Хусусан, протестантлик замонавий миссионерликнинг асосий ҳомийси бўлиб турганини алоҳида қайд этиш лозим.
Миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари келтириб чиқараётган салбий оқибатларни айрим ҳаётий мисолларда ҳам кўриш мумкин. Хусусан, бизга қўшни бўлган айрим давлатларда христиан динини қабул қилган кишилар вафот этганда жасадни қабристонга қўйиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиқмоқда. Майитнинг мусулмон ота-оналари ўз фарзандларини христиан мозорига дафн этишни хоҳламаганлари, мусулмонлар эса христиан дини вакили жасадини ўз мусулмон биродарлари ётган жойга қўйишни истамаганликлари натижасида келишмовчиликлар юзага келмоқда.
Шунингдек, христиан динини қабул қилган киши ўз ўғлини хатна қилдиришни хоҳламагани, унинг отаси эса, ўз набирасини мусулмон урф-одатларига кўра хатна қилдиришни истагани туфайли ота-бола ўртасида жанжаллар келиб чиққани ҳам маълум.
Христиан ёки бошқа динни қабул қилган қизнинг турмушга чиқиши ҳам муаммога айланмоқда. Оилада қизнинг ота-онаси мусулмон. Албатта, улар ўз қизларини мусулмон кишига турмушга чиқишини истайдилар. Аммо христиан динидаги қизга мусулмон кишининг уйланиши амри маҳол.
Юқоридаги каби мисолларни яна давом эттириш мумкин. Аммо шуларнинг ўзи ҳам миссионерлик ва прозелитизм ҳаракатлари бошқа динни қабул қилган туб миллат вакиллари оилаларида низолар ва жанжалларнинг авж олишига ҳамда христианликнинг айрим йўналишлари вакилларига нисбатан душманлик ҳиссиётларининг пайдо бўлиши орқали динлараро низоларни келиб чиқишига замин яратиши мумкинлигини яққол тасаввур қилиш имконини беради.
Миссионерлик бугун сертармоқ соҳа ҳисобланади. Ҳозирда миссионерлар кириб бормаган жабҳа, улар фаолият юритмаётган мамлакат дунёда топилиши қийин.
Мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий вазиятдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиш замонавий миссионерликнинг энг муҳим хусусияти ҳисобланади.
Шунингдек, эркин тарғибот олиб бориш ва фаолият доирасини кескин кенгайтириш мақсадида кўпгина миссионерлик ташкилотлари, юқорида айтилганидек, ўз ҳаракатларини халқаро нодавлат ташкилотлари мақомида амалга оширишга интилаётганини ҳам қайд этиш лозим. Бундай интилиш ортида ўзига хос мантиқ бор, албатта. Тажриба бундай мақом миссионерлик фаолияти ҳақли эътирозларни келтириб чиқарганда уларнинг халқаро ҳуқуқ нормаларини рўкач қилишига ва унинг ҳимоя механизмларидан фойдаланишга уринишларига, ўз ҳаракатларини хас-пўшлашга ва жавобгарликдан қочишга интилишларига замин яратишини кўрсатади.
Юқоридаги хусусиятлар билан бир қаторда, замонавий миссионерликни белгиланган мақсадларнинг моҳиятидан келиб чиқиб, шартли равишда икки гуруҳга бўлиш мумкин. Биринчи гуруҳга миссионерликни ўзига хос бизнесга, шахсий бойиш манбаига айлантирган ташкилотларни киритиш мумкин. Бундай ташкилотлар асосчилари эътиқод қилувчилар сонини кўпайтиришдан уларнинг мулки ва бойлигига эгалик қилиш ҳисобига ўзларининг молиявий имкониятларини яхшилаш ва кенгайтиришдек мақсадларни кўзлайдилар. Замонавий секталарнинг мутлақ кўпчилигини шу гуруҳга киритиш мумкин.
Иккинчи гуруҳга миссионерликдан сиёсий қурол сифатида фойдаланаётган ташкилот ва уюшмаларни киритиш мумкин. Бундай гуруҳлар ортида муайян ҳудудларга нисбатан ўзининг аниқ геосиёсий режаларига эга бўлган давлатлар ва сиёсий кучлар туриши бугунги кунда ҳеч кимга сир эмас.
Исоқхўжа Турсунов
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ходими