Дуо ибодатдир!
Дуо барча ибодатларнинг аслидир. У банда ва роббиси орасидаги алоқа ҳисобланади. Бу ҳақида Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда.
عن نعمان بن بشير عن النبىّ ﷺقال: "الدعاءُ هو العبادةُ" ثمّ قراء - وَقَالَ رَبُّكُمُ ادْعُونِي أَسْتَجِبْ لَكُمْ إِنَّ الَّذِينَ يَسْتَكْبِرُونَ عَنْ عِبَادَتِي سَيَدْخُلُونَ جَهَنَّمَ دَاخِرِينَ – رواه ابو داود
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам “дуо ибодатдир” дедилар ва (Ғофир сурасининг 60- ояти) “ва Роббингиз: “ Менга дуо қилинглар, сизни ижобат қилурман. Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар” оятини қироат қилдилар.
Ушбу ҳадисда келитрилган ояти каримада дуо маъноси ибодат маъноси билан бир хилда ишлатилган. Бинобарин, дуонинг ибодат эканини Аллоҳ таолонинг ўзи бандаларига билдирмоқда.
яна бир бошқа ҳадисда:
قال رسول الله ﷺ : ليس شيءٌ أكرم على الله تعالى من الدعاءِ
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам “Аллоҳ таолонинг наздида дуодан кўра мукаррамроқ нарса йўқ”. Дедилар.
قال رسول الله ﷺ : الدعاءُ مُخُّ العبادةِ
Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам “Дуо ибодатнинг мағзидир”. дедилар.
Дуо ва ибодат банданинг Аллоҳ таоло ҳузурида ҳожатманд эканини эътироф этишидир. Ўзининг ночорлигию ожизлигини тан олишидир. Бу ишни фақат иймони борларгина, қалб кўзлари очиқларгина, ўзининг кимлигини англаб етганларгина, инсоф қилганларгина, қалбида Аллоҳга нисбатан кибру ҳаво бўлмаганларгина қиладилар.
Муҳитдинов Алишер
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси