ОТА-ОНАГА ОҚ БЎЛИШ – КАТТА ГУНОҲ
Оқ бўлиш “бўйсунмаслик”, “қарши чиқиш”, “озор бериш”, “осий бўлиш” ва ҳақини адо қилмаслик деган маъноларни англатади. Ҳақини адо қилиш дегани ота-она ғазабланганида, фарзанд унга тик қарамаслигидир. Гарчанд ўғил ҳақу ота ноҳақ бўлганида ҳам. Ота-онанинг фарзанддаги ҳақи улуғ, уларнинг айтганларини қилиш вожиб, бироқ улар амри Аллоҳнинг амрига тескари бўлмаслиги керак. Аллоҳга маъсият бўладиган ишда махлуққа, яъни ота-онага, каттаю кичикка итоат қилинмайди.
Ота-онага оқ бўлиш фарзанднинг Аллоҳ қайтарган йўлларга кириб, эл-юрт олдида уларнинг юзини ерга қаратиш, берган тузларига норози қилишдир. Қариган чоғида едирмай, ичирмай, кийинтирмай, хўрлаб қўйишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оқ бўлишдан огоҳлантирганлар ва унинг оқибатларини баён қилиб, охиратда савол-жавоби қаттиқ бўлишини айтганлар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга катта гуноҳларнинг энг каттаси хабарини берайми?” – дедилар.
Биз: “Ҳа, ё Аллоҳнинг расули”, дедик. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, – ёнбошлаган ҳолда эдилар ўтириб олиб, – ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш…” деб такрор-такрор айтавердилар. Биз у кишини: “Қани тўхтасалар эди!” дедик.
Имом Аҳмад ва Имом Насоий, Баззоз ва Ҳоким Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч тоифа кишига Аллоҳ жаннатни ҳаром қилди: доимий хамр (ароқ) ичувчига, ота-онага оқ бўлган фарзандга ва ўз аҳлига ахлоқсизликни ўргатган даюсга”, дедилар.
Имом Бухорий ва Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Катта гуноҳлардан бири киши ўз отасини сўкмоғидир”, дедилар. Бир киши: “Эй Аллоҳнинг расули, киши ўз отасини ҳам сўкадими?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа, бир киши иккинчи бир кишининг отасини сўкади, шунда у бу кишининг отасини ёки онасини сўкади, у бунинг онасини сўкади”, дедилар.
Имом Ҳоким Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳар қандай гуноҳни (жазосини) Аллоҳ хоҳиши ила қиёматгача кечиктиради. Фақат ота-онага оқ бўлишни (жазосини) ўлишидан олдин, ҳаётлигида ўз эгасига беради”, дедилар. Яъни, ота-онага оқ бўлган киши бунинг жазосини то тирик экан, бу дунёдаёқ олади.
Маҳмудов Калимуллоҳ
"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси