Гўзал ахлоқлар булоғи
Барча мавжудотлар орасида инсониятни гўзал хилқатта яратиб, уларнинг орасидан Ўзи билан халқининг ўртасида пайғамбарлик ва элчилик вазифасини бажаришлари учун хос муқарраб бандаларини танлаб, шу Зотлар орқали (Барчаларига Аллоҳ таъолонинг саломи бўлсин!) башариятни икки дунё саодатига эришмоғида, ўз бандаларига ўта меҳрибон Раъуфур-Раҳим Карим бўлган Аллоҳ кўрсатма, таклифоту мажбуриятларни, яъни шариъати ғарроъни жорий этди.
Одамзот берилган қисқа умрини бу дунёйи фонийда яшаб ўтмоғи учун Парвардигори олам ер куррасида барча шароитни муҳаяё қилиб, инсу жинни яратмоғидан кўзда тутилган бирдан-бир ғоя, мақсадни очиқлаб Қуръони каримда шундай дедики: {Жин ва инсонни фақат Менга ибодат қилишлари учун яратдим} (Зариёт сураси 56 оят) демак инсондан талаб қилингани бу убудийятдир.
Ҳабибимиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ибодат борасида барча Одам болаларига бемисл, беназир, беқиёс ўрнак намуна бўлиб, ибодатнинг ҳар навъидаги олий мақоми убудийялари ажлидан Роббул-ъизза жалла шаънуҳу томонидан қиёмат аросатида тамоми инсониятни шафоат қилиш мақоми маҳмуд ваъда қилинда. Зеро Роббул-аламийн ваъдасига хилоф қилмас!
Бино-барин Жанобимиз Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам расул бўлиб, пайғамбар бўлиб келмоқларидан энг аввало муҳим бўлган ғоя хулқларнинг энг гўзал солиҳларини умматларга ўрнак ўлароқ батамом кўрсатиб ҳақиқатан рўёбга чиқариб беришлари учун юборилганларини қуйидаги сўзлари билан баён қилдилар; “Мен гўзал, солиҳ хулқларни ҳақиқатламоғим учун юборилдим”. Зотан Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг каломи шарифида {Ва албатта сен ўлкан хулқ устидасан} (Қалам сураси 4 оят) дея бу шарафли вазифани мустаҳкамлаб қўйди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бир том остида яшаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гўзал хулқларига бевосита гувоҳ бўлган суюкли завжаи мутоҳҳаралари мўъминлар онаси Ойша онамиз розияллоҳу аънҳудан Сарвари коинот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари туғрисида сўралганларида “Росулуллоҳнинг хулқлари Қурондир. ” деган эканлар.
Мазкур ояти карима ва ҳадиси шарифлардан кўриниб турибтики: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳаётнинг барча жабҳасидаги бутун оламни лол қолдириб келаётган гўзал хулқларининг асл манбааси сарчашмаси бу Қурони еаримдир. Яъни Аллоҳ таьолонинг ваҳий орқали бандаларига буюрган фарз амаллари ва кўрсатма, тафсиялари айни гўзал хулқни ўзидир.
Хулоса ўрнида; биз мўъмин мусулмонлар ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга гўзал хулқда эргашмоғимиз учун албатта кундалик Аллоҳ таъоло томонидан таклиф қилинган фарз, вожиб, суннат, нафл, мустаҳаб бўлган амалларни ўз вақтида бекаму-кўст қувватимиз етганича мукаммал тарзда адо этмоғимиз лозиму лобуддир.
Табийки: буюрилган ибодатлар чиройли ахлоқ, одобнинг таг илдизи бўлиб, буларни бажармоғимиз нафси амморамизни тарбиялаб, баъзи бир инсоний хатоларимиз туфайли ўзимизни койишга ундайди ва бизда аста-секинлик билан яхши хулқ-атворни чиройли одобни шакиллантириб боради.
Натижада: табиатан ёмонликка мойил бўлган нафси амморамиз тобора тарбияланиб, бизда ахлоқи малака ҳосил бўлади ва ҳар қандай вазиятда, жамоатчиликда, оила даврасида ҳатто ўзимиз ёлғиз қолганда ҳам ахлоқи меъёрларга бемалол қиналмасдан амал қилаоламиз ва одамлар орасида намунавий шахс сифатида ўз мавқиъимиз мустаҳкамлаб борамиз.
Барчамизга Аллоҳ таъоло кунлик ибодатларимиз бенуқсон адо этмоғимиз учун куч-қувват, ғайрат ҳиммат берсин!
Хулқ-атворимизни ахлоқи набавийя билан тузатмоғимизни муяссар қилсин. Амийн Я Роббал-ъаламийн!
Зияев Абдулқаҳҳор
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси