ДУНЁ ҒАМ ЧЕКИШГА АРЗИМАС
«Эй Одам фарзанди! Ким дунё сабабли хафалик билан тонг оттирса, Аллоҳдан фақат узоқлашибди. Унга дунёда қийинчилик, охиратда фақат машаққат бўлади. Аллоҳ таоло у кишининг қалбига ҳеч қачон тугамайдиган ғам солиб қўяди. Шундай машғулотга банд қиладики, ундан асло бўшай олмайди. Камбағаллик бериб қўядики, ҳеч бойликка етиша олмайди. Орзулар бериб қўядики, доимо ўша орзулар билан банд бўлиб қолади.
Эй Одам фарзанди! Ҳар куни ўзинг билмаган ҳолда умрингдан қисқартирасан. Ҳар куни ризқингни келтиришади, сен эса ҳамд айтмайсан. На озига қаноат қиласан, на кўпига тўясан.
Эй Одам фарзанди! Бирор кун йўқки, ҳузуримдан сенга ризқинг бориб турмаган бўлсин! Бирор кеча йўқки, фаришталар сен томондан бир бузуқ амални олиб келмаган бўлсин. Ризқимни еб, Менга осийлик қиласан. Ҳолбуки, сен Менга дуо қилиб (сўраганингда) дуоларингни ижобат этаман. Яхшилигим сенга тушгувчидир, ёмонлигинг Менга етгувчи. Бас, Мен сенга қанчалар яхши Хожаман! Сен Менга қанчалар ёмон бандасан! Сенинг кетма-кет содир этган ёмон, шармандали ишларингни ёпаман. Мен сендан ҳаё қиламан, сен эса Мендан ҳаё қилмайсан. Мендан бошқасини эслайсан-у, Мени унутасан. Одамлардан қўрқасан-у, Мендан хотиржам юрасан. Одамларнинг нафратидан ҳайиқиб, Менинг ғазабимдан (гўё) омонлик топгансан».
Имом Ғаззолийнинг "ҚИРҚ ҲАДИСИ ҚУДСИЙ" китобидан.
Абдулазизов Носиржон
“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси