Яратилиш санаси 08.05.2023

ҲОЖАТ НАМОЗИ

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Пайғамбаримизнинг шундай деганларини ривоят қилади: “Кечаси ёки кундузи ўн икки ракат намоз ўқийсан. Ҳар икки ракатда ташаҳҳудга ўтирасан. Намознинг охирги ташаҳҳудини ўқиб бўлганингда, Аллоҳ азза ва жаллага сано айт, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат йўлла ва кейин сажда қилиб, “Фотиҳатул Китоб”ни етти марта, Оятул Курсийни ҳам етти марта ўқи, сўнг “Лаа илааҳа иллалооҳу ваҳдаҳуу лаа шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамд, ва ҳува ъалаа кулли шай’ин қодийр”, деб етти марта айт. Кейин: “Эй Аллоҳим, Аршингнинг иззати, Китобингда билдирган бепоён раҳматинг, исми аъзаминг, олий жалолинг ва мукаммал калималаринг билан сўрайманки...” деб ҳожатингни айтасан. Сўнг саждадан бошингни кўтарасан ва ўнг-сўлингга салом берасан” (Ҳоким ривояти).

Бу дуо Асқалонийнинг “Ат-тарғиб ват-тарҳиб” китобидан олинди. Ҳадиснинг сўнгида шундай илова бор: “Аҳмад ибн Ҳарб, Абу Закариё, Ҳоким ва яна бир қанча кишилар бу дуони ҳаётда тажриба қилиб, унинг ҳақлигига гувоҳ бўлишган”.

Воситов Иззатуллоҳ

“Ҳидоя” ўрта махсус ислом
билим юрти талабаси