Билим юртида китоб тақдимоти...
Жорий йил 18-май куни “Ҳидоя” ўрта махсус ислом билим юртида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси катта ўқитувчиси, сийрат фани устози Абдул Азим домла Зиёуддин томонидан таълиф этилган “Нурул яқин”, “Нурул басар”, “Сиз пайғамбарни кўрганмисиз?” ва “Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва аҳли байт” номли китобининг академик таржимаси тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот тадбирида билим юрти ўқитувчи ва талабалари иштирок этдилар. Тадбирни билим юрти мудири Абдулазиз Бобамирзаев очди ва олиб борди. Нотиқ ўз сўзида китобнинг академик таржима ва изоҳлари билан бойитилгани, бошқа муаллифлар томонидан олдин таржима қилиниб чоп этилган китоблардан афзаллиги ва ўзига хос жиҳатларини алоҳида эътироф этиб, сўзни муаллифга берди.
Нотиқ ўз сўзида бу тақдимот талабалар учун амалий машғулот – мастер класс дарси эканини таъкидлаб, “Нурул яқийн” китоби ислом таълим муассасаларида кўп йиллардан буён ўқитилаётган дарсликлардан биридир. Китоб муаллифи Муҳаммад Хузарий ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб, у кишининг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумотлар бериб ўтди.
Тақдимотда янги нашр этилган китобнинг муқова дизайни, таржимадаги сўзларни қўллаш услуби ва танланган расмлар ҳам изоҳланди. Янги нашрда муаллиф томонидан китобнинг илк ёзилган нусхасидан фойдаланилганига ҳам алоҳида урғу берилди. Китобнинг ҳажми кичик бўлса-да, фойдали маълумотлари кенглиги ҳамда китобхонларнинг қизиқишларини инобатга олиб, мукаммал тарзда қайта нашр этилганлиги, китобни таржима қилишда “Нурул яқийн” нинг йигирма етти хил нашри нусхаларидан фойдаланиб, ибора ва сўзлар таҳқиқ этилган ҳолда таржима қилинди. Қолаверса, янги нашрда “Нурул яқийн”га ёзилган бир нечта шарҳлар ўрганилиб, уларда учрамаган муҳим қўшимча маълумотлар киритилди. Таржимон ушбу таржима юзага келиши ҳақида ҳам кенг маълумотлар бериб ўтди. Академик таржиманинг моҳияти ҳамда фойдаланилган 200 га яқин китоб ва манбалар рўйхати тўғрисида маълумот берди.
Тақдимотда “Нурул яқийн” китоби тақризчиси, Тошкент ислом институти “Ҳадис ва ислом тарихи фанлари” кафедраси ўқитувчиси Баҳодир домла Аъзамов сўз олиб, араб тилидан ўзбек тилига моҳирона қилинган таржималарни китобдан олинган мисоллар орқали айтиб ўтдилар. Китоб ислом таълим муассасалари Сийрат фани ўқитувчилар ҳамда кенг китобхонлар оммаси учун асосий манба бўлиб хизмат қилишлигини таъкидлаб ўтди.
Тақдимот тадбирида талабалар ҳам сўз олиб, янги нашр ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Тадбир якунида билим юрти Ахброт – ресурс маркази томонидан тақдимот тадбирига мувофиқ китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Иштирокчилар ташкил этилган кўргазмадан унумли фойдаландилар.
Тадбир кўтаринки руҳда ўтди ва иштирокчиларда аждодлар меросини ўрганишга бўлган қизиқишларини янада жонлантирди.
Билим юрти Ахборот –ресурс маркази мудири, Муҳаммадали КАТТАБАЕВ