Яратилиш санаси 25.05.2023

ГУНОҲНИ БЕРКИТИШГА РУХСАТ

Баъзи кишилар гуноҳни беркитишни риё деб ўйлайдилар. Аслида эса ундай эмас. Риё қилмайдиган содиқ банда ўзидан маъсият содир бўлганда уни беркитса, жоиз. Чунки Аллоҳ таоло гуноҳларнинг ошкора қилинишини ёқтимайди ва беркитилишини яхши кўради.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: "Эй Аллоҳнинг Расули, мен шаҳарнинг четида бир аёл билан бирга бўлдим, у билан жинсий алоқа қилмадим-у, бошқасини қилдим. Мана, мен турибман, нима қилсангиз, майли", деди. Умар  розияллоҳу анҳу унга: "Аллоҳ сени беркитибди, сен ҳам ўзингни беркитганингда эди..." деди.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у одамга ҳеч нарса демадилар. У ўрнидан туриб, жўнаб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ортидан бир кишини юбордилар. У бориб, ҳалиги одамни чақирди-да, унга:
"Наҳорнинг икки тарафида ва кечанинг бир бўлагида намозни тўкис адо қил! Албатта, яхшиликлар ёмонликларни кетказади. Бу эса эсловчиларга эслатмадир", оятини ўқиб берди.
У ердаги одамлардан бири:
"Эй Аллоҳнинг Набийси, бу унинг ўзига хосми?" деди. У зот:
"Йўқ! Барча одамларга", дедилар". Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилишган.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида эдим, бир киши келиб: "Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга (зино жазосига) лойиқ иш қилдим. Уни менга жорий қилинг", деди.
Ул зот ундан у нима эканини сўрамадилар. Намоз вақти бўлди. Ҳалиги одам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга намоз ўқиди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни ўқиб бўлганларидан сўнг, ҳалиги одам ўрнидан туриб:
"Эй Аллоҳнинг Расули, мен ҳаддга лойиқ иш қилдим, менга Аллоҳнинг ҳукмини жорий этинг", деди. Ул зот:
"Биз билан намоз ўқидингми?" дедилар. У:
"Ҳа", деди.
"Батаҳқиқ, Аллоҳ сенинг гуноҳингни мағфират қилди", дедилар у зот". Бухорий ривоят қилган.

Ҳа, банда гуноҳ қилган бўлса ҳам, қалбида Аллоҳ таоло муҳаббат қилган нарсаларга муҳаббат бўлиши мумкин.

Риёдан қўрқиб тоатни тарк қилишда ҳам ҳолатга қаралади. Агар амалнинг сабаби дунё бўлса, уни тарк қилиш лозим. Чунки бундай амал тоат эмас, маъсиятдир.

Агар амалнинг боиси дин ва холис Аллоҳ таолонинг розилиги бўлса, уни тарк қилиш лозим эмас. Чунки бундай ибодат риёга кирмайди.

Шунингдек, риё дейилишидан қўрқиб, амални тарк қилиш дуруст эмас. Чунки бу шайтоннинг ҳийлаларидандир.

Юсуфхон Шодиев

"Ҳидоя" ўрта махсус ислом
билим юрти ўқитувчиси